Ижтимоий тузум.
Олий табақа
Хон ва унинг қариндошлари, ўзбек султонлари, йирик сарой амалдорлари (вазири вузаро)
Умаролар
Ҳарбий-маъмурий амалдорлар, вилоят ҳокимлари, қўшин ва қабила бошлиқлар. Улар қўлидаги маҳаллий бошқарув.
Уламолар
Йирик дин арбоблари, шайхлар, хожалар. Ҳам дунёвий, ҳам диний бошқарувда иштирок этганлар
Фузало
Олимлар, шоирлар, санъаткорлар каби маънавий-маданий ҳаёт намояндаси бўлган табақалар
Раият (фуқаро)
Дўкондорлар, хунармандлар, деҳқонлар ва чорвадорлар, ёлланиб ишловчи аҳоли ёки асосий солиқ тўловчилар
Қуллар
Ҳарбий юришлар пайтида қўлга туширилган асирлар. Улардан , саройда, амалдорлар ва уламолар хўжалигида фойдаланилган.
Солиқ тизими. Бухоро хонлиги девонхонасида молиявий ва солиқ ишлари ҳисоби бўйича махсус дафтарлар мавжуд бўлиб, уларда турли солиқлар, ижара тўловлари, маълум маҳсулотлар савдосидан тушган даромадлар қайд этиб борилган. Аммо, кўпгина сабабларга кўра, жумладан, хон хазинасининг давлат хазинасидан ажратилмаганлиги, кўпчилик амалдорларнинг ўзбошимчалиги, тўпланган ўлпонларни ижарага бериш, аҳолидан олинадиган солиқларнинг тўсатдан ошиб кетиши кабилар солиқ тизимиданги тартибсизликларни келтириб чиқарар эди. Бундай ҳолатда ўлпон тўловларининг қаттиқ ўрнатилган меъёрлари мавжуд бўлмасдан, ягона умумдавлат солиқ тизими кўпинча бузилиб турган.
Таъкидлаш лозимки, белгилаб қўйилган “шариат” ўлпонларига бошқа тўловлар қўшилган бўлиб, солиқлар ўлчови нисбатан кучли задагонлар ва йирик ер эгаларининг ижтимоий сиёсатидан келиб чиқиб белгиланган. Солиқ тўловчиларнинг асосий қисми деҳқонлар бўлиб, сиёсий беқарорлик давридаги иқтисодий инқирозлар туфайли йирик зодагонлар шаҳарликлардан ҳам йирик солиқлар ундирганлар. XVI асрда солиқларнинг катта қисми маҳсулот сифатида олинган.
Тарихий манбаларнинг маълумот беришича, Шайбонийлар даврида бож, ўлпон, солиқ, жарима ва мажбурий тўловларнинг 40 дан ортиқ тури мавжуд бўлган. Оддий аҳоли тўловларнинг кўплаб турларини жумладан, ер ва сувдан фойдаланганлик учун махсус солиқлар, амалдорлар фойдасига тўловлар, феодал мулкларни сақлаш учун ўлпонлар, шаҳар деворлари, мачитлар, мадрасалар қурилишлари, суғориш иншоотлари барпо этиш учун, йўллар ва кўприклар қурилишлари учун турли тўловларни тўлаганлар. Бу даврда солиқ тўловчи аҳоли фуқаро (раият) деб аталган ҳамда улардан турли солиқлардан ташқари жарималар ҳам ундириб олинган.
Аввалги даврда бўлгани каби, шайбонийлар даврида ҳам ердан олинадиган солиқ хирож (мол) деб аталиб, ҳосилнинг маълум қисми ундирилган. XVI-XVIII аср ёзма манбаларда бу атама “мол”, “моли-жиҳот”, “мол ва жиҳот”, кўпроқ “хирож” сифатида тилга олинади. Бу тўловнинг миқдори шароитга қараб 3/1, 4/1, 5/1, айрим ҳолларда эса 2/1 қилиб белгиланган. Мулк ерларидан ҳосилнинг 10/1 миқдорида солиқ ундирилиб у ушр деб аталган. Хирож асосан маҳсулот сифатида ундирилган.
Хирождан ташқари “доимий”, “қонуний”, ва “фавқулодда” каби бож ва ўлпон турлари мавжуд бўлиб, уларнинг сони ўзаро урушлар ва давлат марказлашуви даврида янада кўпайган. Уруш ҳаракатлари даврида деҳқонлар ва ҳунармандлардан олинадиган солиқ “аваризот” деб аталиб, у қисман пул билан ундирилган.
Марказий ҳокимият вакиллари фойдасига ҳам махсус солиқлар ундирилган. Мисол учун, доруғалар фойдасига доруғачи ёки доруғалик деган солиқ пул кўринишида тўланган. Афсуски, Шайбонийлар даврида пул кўринишида тўланган ўлпон ва солиқлар ҳақида маълумотлар жуда кам. Шунга қарамасдан “пул” атамаси қўшилган пилла пули, кўкнор пули, савзи пули, харбуза (тарвуз) пули каби ўлпон ва солиқлар ҳам пул кўринишида тўланган бўлиши керак. Шунингдек, шаҳар аҳолиси ҳунармандлар ва дўкондорлар махсус солиқ тамға тўлаганлар. Ундан ташқари, йирик бойлар ва судхўрларга тегишли савдо расталаридаги дўконларни маълум ҳақ эвазига ижарага олиб, ўз маҳсулотларини сотганлиги учун тахти жой (тагжой) деб аталувчи солиқ ҳам пул билан тўланган.
Шайбонийлар давлатига қарам бўлган, кўчманчи турмуш тарзи кечириб, чорвачилик билан шуғулланган аҳолига ишлаб бериш ва белгиланган тарзда солиқ тўлаш мажбурияти юклатилган. Кўчманчи чорвадор аҳоли ҳарбий юришлар вақтида ўз от-улови, яроғ-аслоҳаси ва озиқ-овқати билан бирга урушларда қатнашганлар. Уруш ҳаракатлари даврида асосан ўтроқ аҳолидан ошлиғ (ошлик) солиғи ундирилган. Бу солиқ доимий бўлмасда, ҳаракатда бўлган қўшинни сақлаш озиқ-овқат йиғими сифатида тўпланган. Шунингдек, қўшинни таъминлаш учун тағор деб номланган озиқ-овқат ўлпони ҳам тўланган. Озиқ-овқат солиқларининг миқдори қатъий белгилаб қўйилмаган бўлиб, уни ҳукмдорларнинг ўзлари хоҳлаганча белгилаганлар.
Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, шайбонийлар даврида солиқ ва йиғимлар билан бир қаторда жарималар ҳам бўлган. Мисол учун, кўчманчилар қишда истеъмол қилиши учун ҳар йили кузда ўз хўжайинларига сўйиш учун битта боқилган чорва молини берганлар. Бу-суғум деб аталган. Шунингдек, хонлар, султонлар ва ўғлонлар бир манзилдан иккинчи манзилга кўчиб ўтаётган вақтларида уларга озиқ-овқат тўплови шибоғу(сибоғу) берилган бўлиб, “ у кўпинча пиширилган гўштдан иборат бўлган”. Совурин ва пешкаш йиғинлари ҳам жарималар қаторига киритилади. Бу йиғинлар пул, маҳсулот, чорва моллари, қимматбаҳо буюмлар, қуллар кўринишида ҳукмдорга тортиқ қилинган.
Бу даврда деҳқонлар ва шаҳар аҳолиси, айниқса ҳунармандлар меҳнат мажбурият (мардикор, қалъа, бечор ва бошқ..)ларни бажарганлар. Бу мажбуриятлардан озод этилганлар эса, маълум миқдорида пул тўлаганлар. Мардикор-йирик бойларга қарам бўлган деҳқонлар мажбурияти бўлиб, суғориш иншоотларини барпо этиш, таъмирлаш ҳамда тозалаш билан боғлиқ оғир мажбурият бўлган. Бир неча йиллаб давом этадиган янги каналлар қурилишида минг-минглаб деҳқонлар иштирок этганлар. Оддий аҳолига шунингдек, қалъалар ва шаҳар деворларини тиклаш ва таъмирлаш мажбурияти ҳам юклатилган бўлиб у, қалъа ёки харжи қалъа деб аталган (Амин Бухорий).
Ҳунармандчилик ҳамда бозор савдосидаги йиғимлар хон хазинасининг асосий даромади ҳисобланган. Шунинг учун ҳам олий ҳукмдор ҳокимияти кучайган даврлар айрим ҳукмдорлар (Убайдуллахон, Абдуллахон II) солиқ тизимини тартибга солишга ҳаракат қилганлар. Аммо, бундай ҳаракатлар ҳар доим ҳам керакли натижаларни бермаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |