Бошқарувдаги қонунийлик ва тартиб-интизом. Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг демократик қадриятлари ҳукмрон бўлган ҳозирги даврда эркин ва масъулиятли шахсларни камол топтириш учун давлат бошқарувининг ижтимоий муносабатларини тартибга солиш бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилади. Давлат томонидан амалга ошириладиган бошқарувга ҳуқуқий ҳодиса сифатида қараш давлат бошқарувининг ижтимоий муносабатларини тартибга солишнинг асосига айланади.
Тадқиқотларга кўра, инсонлар ижтимоий ҳаёти фаолиятининг турли кўринишлари ҳуқуқ ёрдамида уларнинг шахсий, жамоавий ва жамоатчилик алоқаларида тартибга тушади. Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш амалий ва бунёдкорлик аҳамиятига эга бўлиб, шахсий ва жамоавий, хусусий ва ижтимоий, шахсий ва жамоатчилик манфаатларини ўзаро муросага келтиради. Давлат фуқароликнинг ҳуқуқий асослари билан боғлиқ жамият шакли, инсонлар ҳамжамияти сифатида, ҳокимият ва бошқарув вазифаларини амалга ошириш билан банд профессионаллар аппарати сифатида ҳуқуқий мажбурлаш механизмларидан фойдаланган ҳолда ижтимоий муносабатларни нормаллаштириш ва умумий эҳтиёжлар, манфаат ва фаровонликка уйғунлаштириш мақсадида ўзининг бошқарувчилик, ташкил этувчилик ва тартибга солувчилик борасидаги таъсирини ўтказади.
Давлат бошқарувининг ҳуқуқий муносабатлари – бу давлат ва жамият ишларини бошқариш зарурати муносабати билан давлат ҳокимиятини амалга оширадиган, ҳуқуқ меъёрлари билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлардир. Ушбу муносабатлардан ҳуқуқий меъёр шаклланади. Ҳуқуқий меъёр – бу давлат томонидан ўрнатилган, давлат бошқаруви соҳасида вужудга келадиган, ўзгарадиган ва барҳам топадиган, ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадларини кўзлайдиган хатти-ҳаракат қоидаларидир. Ҳуқуқий меъёрнинг ўзига хос томони шундаки, субъектларнинг давлат томонидан белгилаб қўйилган хатти-ҳаракат қоидалари маъмурий чоралар ва тартиб-интизом масъулияти билан ҳимоя қилинади. Ҳуқуқий муносабатлар субъектлари – бу маълум ҳаракатлар содир этиш ҳуқуқи ва мажбуриятига эга бўлган шахслардир.
Ўзининг мазмун-моҳиятига кўра ҳуқуқий муносабатлар моддий (бошқарув соҳасида пайдо бўладиган) ва процессуал (бошқарув жараёнида уни амалга ошириш қоидаларини тартибга солган ҳолда шаклланади) ҳуқуқий муносабатларга бўлинади. Моддий муносабатлар процессуал муносабатлар воситасида тартибга солинади.
Давлат бошқарувида ваколатларни белгилаш ва уларни амалга ошириш учун тегишли шахсларга давлат-ҳокимият ваколатларини бериш – давлат бошқарувини ҳуқуқий тартибга солишнинг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади. Ваколатлар – давлат органи ёки мансабдор шахсларнинг белгилаб қўйилган вазифа-ваколатларини бажариш учун уларга берилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар йиғиндисидир. Вазифа-ваколатлар - давлат органи ёки мансабдор шахснинг Консти-туция, қонун ёки меъёрий ҳужжатлар билан белгилаб берилган ваколатлар мажмуи бўлиб, улар ўз фаолияти давомида шундан ташқарига чиқиши мумкин эмас. Идоравий ваколатлар – конститу-циявий тушунча бўлиб, давлат ва жамият ҳаётининг маълум соҳаларида ҳокимият-бошқарув фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини билдиради.
Соҳа мутахассисликларининг фикрларига кўра, давлат органининг ҳуқуқий мақоми қуйидагилардир: давлат органининг давлат аппарати умумий таркибий тузилмасидаги ҳолати ва унинг ҳокимият-бошқарув фаолият турига (қонун чиқарувчи, иро этувчи ва суд ҳокимияти), махсус ихтисослашган кичик тизимларга (умумий ваколатлар, ҳуқуқ-тартибот, ҳарбий ва ҳ.к.) мансублиги; давлат органи ваколатларининг маълум фаолият соҳасида улар бажарадиган вазифа ва ваколатларнинг ҳуқуқий ифодаси сифатидаги бирлиги; давлат органи фаолиятининг ташкилий тузилмаси, тамойиллари, шакллари, усуллари ва тартиб-қоидалари, маълум масалаларни ҳал этиш тартиби ва бошқалар.
Миллий қонунчиликнинг ҳар қандай соҳаси бошқарув фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланади. Бу ҳуқуқий имкониятлар – буйруқ-кўрсатма, таъқиқлаш ва ижозатдир. Буйруқ-кўрсатма – ижобий мажбурият бўлиб, ҳуқуқий меъёрда кўда тутилган бирор-бир ҳаракатни содир этиш учун тўғридан-тўғри ҳуқуқий мажбурият юклашни билдиради. Таъқиқлаш – ҳуқуқий меъёрда кўзда тутилган шароитда бирор-бир ҳаракатни содир этмаслик учун тўғридан-тўғри ҳуқуқий мажбурият юклашни билдиради. Ижозат - ҳуқуқий меъёрда кўзда тутилган шароитда муайян ҳаракатларни содир этиш ва ўз ихтиёри билан уларни содир этишдан тийилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-қисм, 16-моддасига биноан, давлат, унинг идоралари, мансабдор шахслар, дамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунлар асосида фаолият юритади. Ушбу қонун қуйидаги ҳолатларга кўра, бошқарув соҳасида алоҳида аҳамиятга эга: бошқарув давлат ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг кўпгина соҳаларини қамраб олади; бошқарув субъектлари ўз вазифа ва ваколатларини ҳуқуқ қўлланадиган фаолиятни амалга ошириш орқали бажаради; бошқарув идоралари ўз ваколатлари доирасида Конституция ва қонунларга асосланган ҳолда уларни бажаришга қаратилган қонун ижодкорлиги фаолиятини амалга оширади; ўзини-ўзи бошқариш идоралари фақат қонунда белгилаб қўйилган вазиятларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашга олиб келадиган маъмурий мажбурлов чораларини қўллаш соҳасида кенг ваколатларга эга.
Давлат бошқарувида қонунийликни таъминлаш бу соҳадаги қонунлар ва қонуний ҳужжатларнинг аниқ ва сўзсиз бажарилиши, қўлланилиши, уларга риоя этилиши бўйича шахс ва ташкилотларнинг биргаликдаги фаолиятидан иборатдир. Бундай фаолият қуйидаги масалаларга қаратилади: ижро ҳокимияти ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида амалдаги қонун ва қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган талаб ва кўрсатмаларни бузишга йўл қўймаслик; бундай ҳолатларни ўз вақтида ва тезкор аниқлаш; уларни олдини олиш ва сабабларини аниқлаш; уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш; айбдорларни тегишли жавобгарликка тортиш.
Ўзбекистонда қонунийликни таъминлаш усуллари қуйидагилардан иборат:
1. Ташкилий-таркибий тузилмалар (давлат идоралари ва жамоат бирлашмалари).
2. Ташкилий-ҳуқуқий усуллар (алоҳида фаолият турлари, амалий усул ва воситалар). Бу усуллар кузатиш ва назоратдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |