Ижтимоий тузум ва иқтисодий ҳаёт. Қорахонийлар сулоласи ўз ҳукмронлиги даврида ўз мулкларининг сарҳадларини бир неча марта ўзгартирганлар. Мисол учун, Мовароуннаҳрни эгаллагунига қадар уларнинг мулклари Тяншань ва унинг атрофларини эгаллаган бўлса, XI аср бошларига келиб эса, ҳоқонлик чегаралари Амударёгача етган. Орадан кўп ўтмай улар Шарқий Туркистонда Қашғарни ва Хўжандни қўлга киритдилар. Бундай ҳолат хоқонликнинг ижтимоий-иқтисодий тузумига ҳам катта таъсир кўрсатди. Ҳар бир вилоят маълум сиёсий мавқега эга бўлган ҳолда хондан кичикроқ унвонга эга элекхонлар томонидан бошқариладиган бўлди.
Қорахонийлар Сомонийларга нисбатан давлат тузилиши ва бошқарувининг бошқачароқ шаклини жорий этишга ҳаракат қилдилар. Уларда ҳокимият Сомонийларда бўлгани каби тўғридан – тўғри отадан ўғилга эмас, балки акадан укага, кейин сулоланинг навбатдаги авлодига ўтган. Айрим олимларнинг фикрича, Қорахонийларнинг бутун уруғи ҳокимиятнинг жамоавий соҳиби бўлиб, сулоланинг ҳар бир аъзоси ўзининг келиб чиқишига кўра, умумсулола мулкининг бир қисмига даъво қила оларди. Бу мулкнинг асосий қисми сулоланинг уч улуғ аъзоси – улуғ хоқон, кичик хоқон ва элекхонга тегишли ҳисобланарди. Уларнинг ҳар қандай авлодига ўз ҳиссаси ажратиб берилар эди.
Қорахонийларда иккита пойтахт: Қашғар ва Баласоғун мавжуд эди. Улуғ хон шу шаҳарлардан биридаги қароргоҳда ўтирган. Улуғ хоқон ёки улуғ хон «хоқон ул-хохон» деган номда юритилиб, араб манбаларида мазкур унвон «султон ус-салотин», форс манбаларидаги «шаҳаншоҳ» га мос келади. Қорахонийларга қарашли ерлар тамғачхон томонидан унинг ўғиллари, қариндошлари ўртасида тақсимланган эди. Шу боис ер-мулк масаласида ота-ўғил, амаки ва жиянлар ўртасида доимий низолар юз бериб, у сиёсий аҳволга салбий таъсир кўрсатиб турган.
Қорахонийлар Мовароуннаҳрни босиб олгач бу ердаги ижтимоий-сиёсий ҳаётда катта ўзгаришлар содир бўлганлиги боис, Қорахонийлар ўз давлатларини вилоятларга бўлиб ташлайдилар. Мовароуннаҳр вилоятининг пойтахти Самарқанд, Фарғонаники эса Ўзганд шаҳри эди. Бу вилоятлар бошлиқлари элекхонлар бўлиб улар Қашғардаги тамғачхонларга расман тобе эдилар. Қорахонийлар даврида Самарқанд элекхони анча кучайиб кетган эди. Самарқанд элекхони саройида Сомонийлар давлатида бўлгани каби вазир, соҳиби-борид, муставфий, ҳожиб, раис-мухтасиб каби амалдорлар бўлган. Таъкидлаш жоизки, Қорахоний ҳукмдорлари мусулмон уламолари билан қалин алоқа ўрнатганлар ва имомлар, сайидлар, шайхлар, садрларни қўллаб-қувватлаганлар.
Кейинги даврдаги янги адабиётларда таъкидланишича, Қорахонийлар даврида жамиятнинг ижтимоий бўғинлари қўйидагича бўлган:
- хоқон-ул-хоқон, Қорахон ёки тамғачхон. Энг юқори олий мансабдор шахс, давлатнинг олий бошлиғи;
- элекхон – хоқондан кейинги поғонада турувчи шахс. У хоқон хонадонига мансуб бўлиб, вилоятнинг мулк соҳиби ҳисобланган;
- иқтадорлар – Қорахонийлар давлатининг таянч қатлами, асосий ҳарбий ҳаракатларни амалга оширувчи жанговар бўлинмалар вакиллари. Улар ўз мартабаларига кўра бир-бирларидан фарқ қилганлар, яъни, туманлар ва вилоятлар миқёсидаги иқтадорлар;
- ислом динининг пешволари – имомлар, сайидлар, шайхлар, садрлар. Қорахонийлар мусулмон рҳонийлари билан яхши муносабатларда бўлган бўлиб, давлатда диний мансабдорларнинг мавқеи ниҳоятда баланд эди;
- ҳокимлар, раислар, муҳтасиблар ва бошқ. Бундай шахслар Сомонийлар давридаги бўлгани каби Қорахонийлар даврида ўз мавқеларини мустаҳкам сақлаб олган ижтимоий қатламлардир;
- тариқчилар – зираоткорларнинг туркча номи, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминловчи асосий ижтимоий қатлам;
- ҳунармандлар ва савдогарлар – турли хилдаги хўжалик аҳамиятига молик ашё, асбоб-анжомлар ясовчи, тайёрловчи меҳнаткаш қатлам ва савдо-сотиқ билан машҳур бўлган шаҳар аҳли;
- кўчманчилар – чорвадорлар яъни, чорва маҳсулотларини етиштирувчи асосий қатлам.
Қорахонийлар даврида оддий халқ – будун, солиқ тўловчи фуқаро – раийят, қабила бошлиқлари – бек, савдогарлар – сарт деб аталган.
Сомонийлар даврида жуда катта кучга эга бўлган деҳқонлар, йирик ер эгалари Қорахонийлар дарвида ўз таъсирини аста-секин йўқота бордилар. Қорахонийлар бу йирик ер эгаларининг мулкларини, ерларини зўрлик билан тортиб олиб ўзларига хизмат қилувчи амалдорларга, лашкарбошиларига бўлиб бердилар. Шартли равишда фойдаланишга берилган бу ерлар тарихий манбаларда «иқта» деб, ер эгалари эса «иқтадор» деб аталган. Аста-секин бу ерлар авлоддан авлодга мерос сифатида ўтадиган бўлди. Иқта билан бир пайтда ерга эгалик қилишнинг бошқа турлари ҳам мавжуд эди.
Бу даврда Мовароуннаҳрда диндорларга ва диний идораларга тегишли вақф ерлари ҳам анча кенгайди, бу эса ижтимоий-иқтисодий ҳаётда мусулмон диндорларининг ўрни катта бўлганлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |