Ҳуқуқий категория сифатида давлат бюджети – бу давлатнинг вазифа ва функцияларини молиявий таъминлаш учун мўлжалланган пул маблағлари жамғармасини ташкил этиш ва сарфлашнинг қонун билан белгиланган шаклидир.
Бюджет ҳуқуқий акт шаклига эга бўлиб, ваколатли ҳокимият органи томонидан қабул қилинади ва шу сабабдан қонуний кучга эгадир. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Давлат бюджети – давлат пул маблағларининг (шу жумладан, давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг) марказлаштирилган жамғармаси бўлиб, унда даромадлар манбалари ва улардан тушумлар миқдори, шунингдек, молия йили мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар сарфи йўналишлари ва миқдори назарда тутилади.
Ҳар қандай иқтисодий категориянинг моҳияти унинг функцияларида намоён бўлади. Давлат бюджети молия иқтисодий категориясининг таркибий бўлинмаси ҳамда бюджет муносабатлари молиявий муносабатларнинг таркибий қисми ҳисоблангани учун уларга пул шакли хосдир ва улар тақсимлаш (қайта тақсимлаш) ва назорат функцияларини бажаради.
Тақсимлаш функциясини солиқ, заём, давлат мулкидан тушган даромадлар, қоғоз пуллар эмиссиясидан тушган даромадларни ўз ичига олувчи бюджет даромадлари амалга оширади. Бунда бюджет жамғармаси хўжалик субъектлари (юридик ва жисмоний шахслар) даромадлари ҳисобига шаклланади. Бу даромадлар соф миллий маҳсулотнинг бирламчи тақсимоти (ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақи, ёлланма ишчиларнинг даромадлари, тадбиркорлик фойдаси, рента, фоиз) натижасида юзага келади.
Бюджет даромадлари таркиби доимо бир хил эмас, у ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий шарт-шароитларига боғлиқдир. Бюджет даромадлари таркибининг ўзгариши иқтисодий жараёнлар динамикаси билан боғлиқ ўзгаришларни акс эттиради. Шундай қилиб, солиқлар ва заёмлар ўртасидаги нисбатнинг заёмлар улуши ошиб бориши томонга ўзгариши ишлаб чиқаришнинг пасайганлиги, жамиятда истеъмол ва жамғариш ўртасидаги
нисбат ўзгарганлигидан далолат беради.
Бюджетнинг қайта тақсимлаш функцияси аниқ мақсадли бюджет харажатларига тегишлидир. Давлат умумий хўжалик субъекти сифатида фаолият юритиб, такрор ишлаб чиқариш жараёни барча иштирокчиларининг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олади, шунинг учун ҳам бюджет харажатлари хўжаликнинг ҳамма тармоқлари ва соҳаларини қамраб олади. Миллий иқтисодиётда макроиқтисодий мутаносибликларга риоя қилишга эҳтиёж алоҳида тармоқлар, ижтимоий соҳа, иқтисодий ҳудудлар, мулкчиликнинг турли
шакллари, алоҳида хўжалик субъектларини бюджетдан молиялаштириш ҳажмларини бошқаришни тақозо этади.
Бюджетнинг назорат функцияси бюджет маблағларининг ўз вақтида ва тўлиқ тушиши ва уларнинг мақсадли ишлатилиши устидан давлат назорати ўрнатилишини назарда тутади.
Шундай қилиб, тақсимлаш функцияси бюджет жамғармаси (бюджет даромадлари)нинг вужудга келишини таъминлайди; қайта тақсимлаш – бюджет жамғармасининг сарфланишига (бюджет харажатларига); назорат – бюджетга маблағлар тушиши ва ундан фойдаланиш устидан назорат олиб борилишига шароит яратади.
Давлат бюджети такрор ишлаб чиқаришнинг барча босқичларига фаол таъсир кўрсатади, миллий даромадни миллий иқтисодиётнинг барча тармоқлари ўртасида, шу жумладан моддий ишлаб чиқариш соҳасидан номоддий соҳага (ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш, жамиятнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига, аҳолининг кам таъминланган қатлами – пенсионерлар, талабалар, ишсизлар, кўп болали кам таъминланган оилалар ва бошқаларнинг турмуш даражасини барқарор ушаб туриш учун шароитлар яратади) қайта тақсимланишини таъминлайди; маҳсулотлари ва хизматлари жамият учун жуда муҳим ва зарур бўлган, лекин барқарор паст даромадли тармоқлар (энергетика, транспорт, алоқа ва бошқалар)ни молиявий қўллаб-қувватлашни амалга оширади.
Давлат бозор иқтисодиёти шароитида бюджет даромадини шакллантиришнинг асосий манбаи ҳисобланган солиқлар ёрдамида алоҳида тармоқларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг ва жисмоний шахсларнинг иқтисодий фаоллигини улар ихтиёрида қоладиган пул маблағлари улушини кўпайтириш ёки камайтириш орқали, тийиб туриш ёки рағбатлантириш сиёсатини амалга ошириш йўли билан тартибга солади ва шу тариқа, иқтисодий мувозанатни таъминлайди. Шу билан бирга, бюджет орқали бюджет тизимининг даражалари ўртасида даромадлар қайта тақсимланади (субвенциялар, трансфертлар), ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаларини тенглаштириш имконияти яратилади
1 РАСМ. ЯММни давлат бюджети орқали қайта тақсимлаш
Шундай қилиб, давлат бюджети иқтисодиётни самарали тартибга солиш воситаси бўлиб, у давлатга зарур бўлган молиявий ресурслар ҳажмини акс эттиради, мамлакатда солиқ сиёсатини белгилайди, маблағларни сарфлаш, миллий даромад ва ялпи ички маҳсулотни қайта тақсимлашнинг аниқ йўналишларини қайд этади.
Тарихнинг турли даврларида давлат бюджети миллий иқтисодиётга турлича таъсир кўрсатади. Капиталистик тараққиёт даврида давлат иқтисодиётга фаол аралашмас эди – давлат бюджети орқали миллий даромаднинг 19% қайта тақсимланарди. ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, давлат бюджети макроиқтисодий жараёнларни бошқарувчи кучли воситага айланди – ҳозирги вақтда давлат бюджети орқали миллий даромаднинг 30-50%
қайта тақсимланмоқда.
Давлат бюджетининг фаолиятини алоҳида иқтисодий шакллар ҳисобланган даромадлар ва харажатлар таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |