“Бўлажак олим” танлови доирасида “Аёллар бизнеси учун биринчи қадам” танлови эълон қилинади
11:45 06.05.2022 137
Муддат : 01.06.2022 11:50
“Аёллар бизнеси учун биринчи қадам” танловнинг асосий мақсади – иқтидорли ва истеъдодли хотин-қизлар, аёллар ва ёш олималарнинг инновацион фаолияти натижалари ва ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этишдан иборат.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87 Фармонида белгиланган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 222-сон қарорининг 2-иловаси “Бўлажак олим” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади. Ушбу танловга Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан
10 млрд сўм маблағ ажратилган.
“Аёллар бизнеси учун биринчи қадам” танлови доирасида ёш олималарнинг янги истиқболли йўналишлар бўйича бизнес лойиҳалари бўйича аризалар қабул қилинади.
Бизнес лойиҳа – амалга ошиш хавфи юқори бўлган шароитда янги маҳсулот ёки хизмат турини яратувчи инновацион ишланмаларнинг қўлланилиши, кўлами ва тез ўсиш суръати билан фарқланадиган янги бизнес лойиҳа.
Топшириладиган бизнес лойиҳа шартлари:
- лойиҳа ижрочиларининг таркиби фақатгина хотин-қизлардан иборат бўлиши;
- лойиҳа ижрочиларининг ёши уларнинг илмий даражаси, унвони, мансаби ва иш жойидан қатъий назар 40 ёшдан ошмаслиги;
- 1 та жамоа 1 та лойиҳа билан иштирок этиши (жамоа аъзолари сони 5 нафардан ошмаслиги лозим);
- топширилган бизнес лойиҳани амалга ошириш учун сўралган маблағ миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 222-сонли қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган Низомдаги ҳажмидан ошмаслиги;
- бизнес лойиҳаларни тўлиқ ишга туширишнинг якуний муддати бир йилгача бўлиши.
Танлов доирасида Бизнес лойиҳалар бўйича таклифлар 2022 йилнинг 1 июнь соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
АРИЗА ТОПШИРИШ
Тақдим этилган бизнес лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, белгиланган талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади. Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди. Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий ғоя ҳамда бизнес лойиҳа муаллифлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
www.yoshlarakademiyasi.uz сайти орқали лойиҳаларни топшириш билан боғлиқ техник масалалар бўйича: (71) 203-32-23 Ички рақам – (233).
Do'stlaringiz bilan baham: |