Тадбиркорлик субектларини давлат рўйхатидан ўтказиш
(онлайн тарзда ва шахсан келган ҳолда)
Айнан тадбиркорлик субектлари ўз фаолиятини қонуний амалга ошириш учун дастлабки қадамни давлат рўйхатидан ўтишдан бошлайди. Чунки ҳар қандай тадбиркорлик субекти вужудга келиш жараёнида тўқнашадиган, уни амалга ошириши шарт бўлган таомил бу тадбиркорлик субекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш ҳисобланади.
Умуман олганда, тадбиркорлик субектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг аҳамияти кенг кўламли ва кенг қамровли. Ушбу таомил давлат учун ҳам, тадбиркорлик субектларининг ўзлари учун ҳам, хўжалик юритувчи субектларнинг ёлланма ходимлари учун ҳам, ва ниҳоят, истеʼмолчилар учун ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Давлат ва давлат органлари учун тадбиркорлик субектларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, энг аввало, давлат солиқ хизмати учун, статистик хизмат учун ғоят муҳим аҳамиятга эга. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, солиқ сиёсатини оқилона равишда амалга ошириш, улар фаолияти устидан мониторинг юритиш тадбиркорлик субектлари реестри асосида оператив, мақсадли ва тартибли амалга оширилиши мумкин.
Тадбиркорлик субектлари давлат рўйхатидан ўтиш орқали ўз фаолиятини ҳуқуқий майдонда амалга оширади, тегишли молия, бухгалтерия ҳужжатларини юритади, фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш имкониятига эга бўлади. Айни пайтда тадбиркорлик субектлари учун қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқий ҳимоя тизимидан, имтиёзлар ва преференсиялардан фойдаланиш имконига эга бўлади.
2003 йилдан буён тадбиркорлик субектларини “ягона дарча” тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субектларини рўйхатдан ўтказиш инспексиялари томонидан амалга ошириб келинган.
2016 йил 1январдан бошлаб инспексиялар негизида Тадбиркорлик субектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш ягона марказлари (кейинги ўринларда ягона марказлар деб юритилади) ташкил этилди.
2017 йил 1 февралдан ягона марказларнинг туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди.
2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги “Доинг Бусинесс – 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқейини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди.
2017 йил 1 апрелгача мамлакатимизда тадбиркорлик субектларини давлат рўйхатидан ўтказиш 2 хил усулда: хабардор қилиш тартиби ва рухсат бериш тартибида амалга ошириларди. Хабардор қилиш тартибида давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24-майдаги “Тадбиркорлик субектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ–357-сон қарори билан тасдиқланган низом, рухсат бериш тартиби эса Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун рўйхатдан ўтказиш тартиботлари тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 357-сон қарори билан тасдиқланган низом билан амалга оширилар эди. ВазирларМаҳкамасининг 2017 йил 9-февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра икки усул бирлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12-декабрдаги
ПФ–5278-сон фармонига асосан Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ва Тадбиркорлик субектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари, Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари негизида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.
Ушбу фармонга мувофиқ тадбиркорлик субектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича хизматларни тақдим қилувчи Давлат хизматлари марказларига ўзгартирилди.
Банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиал ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субектларини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1-февралдаги ПҚ–2750-сон қарори).
Do'stlaringiz bilan baham: |