Диакон (юнонча — хизматчи) – христиан черковларидаги энг қуйи руҳонийлик даражаси.
Дин арконлари – маълум бир диндаги асосий ибодатлар мажмуи.
Епископ (юнонча — “назоратчи”) – христиан черковидаги руҳонийлик унвони. Епископлар ҳаворийларнинг издошлари, деб ҳисобланади.
“Забур” – Довуд пайғамбарга туширилган китоб. “Қадимги Аҳд” таркибига киритилган бўлиб, турли қўшиқ ва мадҳиялардан иборат.
“Инжил” - (юнонча - “Евангелие”) “Янги Аҳд"даги Марк, Матто, Луқо ва Юҳаннолардан ривоят қилинган китоблар назарда тутилади. Уларда Исо Масиҳнинг ҳаёт йўли ва мўъжизалари баён қилинган.
“Канжур” (тибетча – “Будда ўгитлари”) – буддавийликнинг асосий ақидавий масалалари баён қилинган китоб. Милодий XIV асрда тўпланган. 7 бўлим, 108 жилд, 84 000 ўгитдан иборат.
Кардиналлар коллегияси – Рим католик черковидаги олий кенгаш. Папа ўрни бўшаб қолганда унинг вазифасини бажариш ва янги Папани сайлаш вазифаларини бажаради.
Кирха (немисча – “черков”) – лютеран черковларининг номи.
Костел (полякча, чехча. — “черков”) – Рим католик черковига қарашли ибодатхоналарга нисбатан ишлатиладиган атама. Ушбу атама православ ёки протестант черковларига нисбатан қўлланилмайди.
Луқо (Лука) – “Инжил” муаллифларидан бири. Христианлик тарихида Биби Марямнинг суратини чизган биринчи инсон сифатида танилган. Исо Масиҳнинг 70 ҳаворийлари қаторига киради.
Марк – “Инжил” муаллифларидан бири. Ҳаворийлардан Пётрнинг шогирди бўлган. Александрияда черков тузиб, ўзи биринчи епископ бўлган.
Матто (Матфей) – “Инжил” муаллифларидан бири, Исо Масиҳнинг 12 асосий ҳаворийларидан бири. “Инжил”да Левий Матфей ва Левий Алфеев номлари билан ҳам тилга олинади.
Миро мойи (юнонча - «хушбўй мой») – христианликнинг етти сирли маросимларидан бирида танага суриладиган хушбўй мой. Ушбу мой черков епископи томонидан олий навли зайтун мойига оқ узум виноси, атиргул япроқлари, бинафша, занжабил илдизлари, мускат, атиргул, чиннигул ва лимон мойлари каби махсулотларни қўшиб қайнатиш орқали тайёрланади.
Монастырь (юнонча - **) – христианликда руҳонийлар жамиятдан ажралиб, фақат ибодат билан шуғулланадиган жой, муассаса. Аёллар ва эркаклар учун мўлжалланган монастирлар мавжуд.
Монофизитлар (юнонча — «якка, ягона», «табиат») – руҳоний Евтихий томонидан асос солинган христианликдаги илк йўналишлардан бири бўлиб, милодий V асрларда пайдо бўлган. Исо Масиҳ худо ва инсон табиатида пайдо бўлган бўлса-да, кейинчалик унинг фақат худолик табиати сақланиб қолган деган ғояни олға сурган. Ушбу йўналиш вакиллари 451 йилда Халкидонияда бўлиб ўтган Бутунжаҳон соборида куфрда айбланишган.
“Муқаддас ёзув”, “Хушхабар” – христианликнинг муқаддас китоби “Инжил”га нисбатан ишлатиладиган номлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |