Таҳририятнинг реклама сиёсати. Таҳририят молиявий аҳволининг мустаҳкамланишида реклама сиёсати муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Кўпчилик газеталар учун реклама ва эълонларни чоп этиш асосий даромад манбаларидан бирига айланиб қолмоқда. Айрим ҳолларда мазкур даромадлар таҳририят ялпи даромадининг 50-80 фоизигача миқдорини ташкил этиши мумкин.
Таҳририят реклама сиёсати деганда реклама берувчилар ва реклама манбалари, реклама учун мақбул нархларни белгилаш, уларни эълон қилиш тизимини шакллантириш ва ундан олинадиган даромадларни режалаштириб бориш тушунилади. Шунингдек, Ўзбекистон реклама бозоридаги вазият, рекламага бўлган талаб ва таклиф ҳам эътиборда туриши лозим. Газетанинг йўналиши ва мавқеига қараб менежерлар ўзларининг турли реклама манбаларини излаб топиш борасидаги ишларини белгилаб оладилар. Туман ва шаҳар миқёсидаги кичик нашрлар учун хусусий эълон берувчиларни жалб этиш муҳим ўрин тутади. Тиражи катта бўлган йирик газеталар эса реклама агентликлари билан ишлашади. Таҳририят уларнинг айримлари билан узоқ муддатли шартномалар тузиб, мунтазам равишда реклама етказиб бериб тургани учун маълум бир чегирма ва имтиёзлар жорий этиши мумкин. Баъзи ҳолларда реклама агентликлари газетанинг маълум бир саҳифасиниғ ёки унинг бир қисмини олдиндан пул тўлаб маълум бир муддатга сотиб олади ва ўша ерда ўзининг рекламаларини жойлаштириб боради. Таҳририятнинг реклама бўлими менежери ўз бўлимидаги ходимлар учун реклама топиш ва жойлаштиришнинг маълум бир меъёр ва миқдорларини ишлаб чиқади ва жорий этади.
Газетада рекламани жойлаштиришда маълум бир чегирмалар ва устамалар ҳам кўзда тутилиши мумкин. Устама реклама берувчининг хоҳишига биноан рекламани чоп этишда қўлланилган қўшимча воситалар, жумладан, рангли шакл, махсус рамкага олиш, бошқа рекламалардан ажралиб турадиган шаклда чоп этиш каби қўшимча хизматлар учун олинади. Чегирма эса рекламани узоқ муддат чоп этганлик, катта миқдордаги маблағга шартнома тузганлик, катта ҳажмдалиги учун берилиши мумкин. Реклама учун нархлар, уларни ўзгартириб туриш, устама ва чегирмалар белгилаш таҳририят менежерлари томонидан белгиланади.
Реклама учун нарх таҳририятнинг янги бошланаётган молия йили учун молиявий сиёсати режалаштирилаётганда белгиланади. Бунинг учун аввал таҳририятнинг барча харажатлари, сўнг кутилаётган даромадлари (рекламадан келадиган даромад бундан мустасно) ҳисоблаб чиқилади. Агар харажатлар даромадлардан ортиқ бўлса, мана шу фарқни қоплаш учун реклама нархига ўзгартириш киритилиши мумкин. Шу билан бирга реклама учун нарх сиёсати олиб борилаётганда рақобатчи нашрлардаги реклама нархлари, реклама бозоридаги вазият, реклама берувчиларнинг тўлов қобилияти кабилар ҳам назарда тутилади. Шундан сўнг газетанинг форматидан келиб чиқиб саҳифалардан реклама жойлаштириш учун ажратиладиган майдон белгилаб олинади. Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунига кўра, реклама нашри бўлмаган ОАВда реклама характеридаги маҳсулотлар газета умумий ҳажмининг 40 фоизидан ошиб кетмаслиги керак. Реклама учун ажратилган майдон квадрат сантиметрларда ўлчанади. Битта сонда неча квадрат сантиметр рекламага ажратилгани аниқлаб олингач, ҳосил бўлган сон газетанинг бир йилдаги сонлари миқдорига кўпайтирилади. Натижада бир йил давомида рекламага ажратилиши кўзда тутилган умумий майдон миқдори келиб чиқади. Таҳририят бюджетидаги ортиқча харажатлар миқдорини умумий реклама майдонига бўлиб, бир квадрат сантиметр учун реклама нархи аниқланади. Рентабелликка эришиш ва кўпроқ даромад олиш учун реклама нархини таҳририятни ҳам, реклама берувчиларни ҳам бирдек қаноатлантирадиган даражагача ошириш мумкин.
Газета саҳифаларида хусусий эълонларни чоп этиш ҳам маълум миқдорда даромад келтириши мумкин. Бир неча сатр ёки сўздан иборат бўлган бундай эълонларда газета ўқувчиларининг аксарият қисмини қизиқтириши мумкин бўлган маълумот мавжуд бўлади. Уларнинг бир қисми турли хизматлар ва маҳсулотлар ҳақида бўлиб, сатрли реклама деб ҳам аталади. Бошқа бир қисми эса фуқароларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ бўлиб, уларда турли тадбирлар, мусобақалар, юбилейлар, тантаналар, бошқа тадбирлар ҳақида маълумот берилади. Бошқа бир гуруҳ эълонларда шифокорларга, ўқитувчи ва устозларга миннатдорлик акс этган бўлиши, почта маркалари, китоблар, видеокассеталар, DVDдисклар кабиларни алмаштириш таклифи билдирилган бўлиши мумкин. Уларни бирлаштириб турадиган ягона нарса – уларнинг чоп этилиши учун муаллифлар таҳририятга пул тўлашади.
Қўшимча даромад ва фойда олиш учун таҳририятлар менежерлари турли ноширлик ва тижорат усулларидан кенг фойдаланишга интилишади. Жумладан, китоблар чоп этиш, газетага иловалар чиқариш фаолиятини йўлга қўядилар. Таҳририят қошида китоб ва бошқа турдаги босма маҳсулотлар тайёрлайдиган нашриёт ёки махсус бўлим ташкил этилиши мумкин. Албатта, бунинг учун дастлабки босқичда маълум миқдорда маблағ сарфлаш зарур бўлади.
Ҳар қандай вазиятда ҳам тижорат фаолияти, яъни даромад ва фойда олишга интилиш таҳририят учун асосий мақсад бўлиб қолмаслиги лозим. Бу йўналиш газетанинг молиявий базасини мустаҳкамлашнинг қўшимча воситаси бўлиб қолиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |