Таҳлилий интервьюда - фактни кўриб чиқиш, ўрганиш назарда тутилади. Бундай таҳлил вазиятни кўп томонлама очиб берувчи мураккаб саволлар мажмуига асосланади. Таҳлилий online интервью саволларга жавоб берувчи шахсни акс эттирилаётган ҳодисани нафақат таҳлил этиш, балки масалага баҳо беришга ҳам ундайди ва айнан шу хусусият, уни бошқа суҳбатлардан ажратиб туради.
Мониторинг – ҳодисани маълум тартибда «кузатиш», бирор фаолиятнинг айрим жиҳатларини мунтазам равишда, қайта-қайта «ўлчаш» деганидир. On-line журналистикада мониторинг предмети турли воқеаларнинг аниқ хусусиятларини (хусусиятларнинг қай бири танланиши мониторинг мақсадига боғлиқ) ўрганиш ҳисобланади. Мазкур жанр, дунё ҳамжамияти ёки бирор мамлакат аҳолиси эътиборида бўлган муҳим ҳодиса содир бўлган пайтда айниқса, оммавийлик касб этади.
Мониторинг жараёнининг ўзига хослиги унда қўшимча усуллар, хусусан, Интернет мониторингининг ажралмас қисми ҳисобланмиш статистик маълумотлар (масалан, контенттаҳлил унда маълум вақт оралиғида бирон бир газета саҳифаларида маълум бир сиёсатчининг исм-шарифи неча маротаба қайд этилгани ҳисоблаб чиқилади) ҳам фаол қўлланилади. Мониторинг муайян ҳодисани маълум вақт оралиғидаги ривожини «аниқлаб берувчи» статистик маълумот сифатида кўздан кечириш имконини беради. Бундан ташқари, маълумотлар маълум нисбатда келтирилиб, таққосланади, умумийлаштирилади, баҳоланади, яъни матнда факт эмас, таҳлил жиҳати устун туради. Шу хусусиятларга кўра, мониторинг малакали меҳнат ва махсус социологик тайёргарликни тақозо этувчи тадқиқод тури экан, уни энг аввало, шу соҳа мутахассислари, талаб даражасида ўтказиши мумкин.
Рейтинг жанрининг мақсади маълум ҳодисаларни аниқ белги, сифат бўйича тақсимлашдан иборат бўлиб, унга эришиш учун ўхшатиш ва солиштириш услубларидан фойдаланилади. Рейтинги аниқланаётган масала иқтисодиёт, сиёсат, маданият ва спорт каби инсон фаолиятининг турли соҳаларига тааллуқли бўлиши мумкин. Рейтинглар турли нашрлар, ихтисослаштирилган, ижтимоий-сиёсий, кўнгилочар ОАВларида кенг қўлланилади. Малакали жиддий рейтинглар одатда алоҳида мутахассислар томонидан эмас, балки экспертлар гуруҳи ёки тегишли марказ ва институтлар томонидан ўтказилади.
Ахборот майдонидаги коммуникация жараёнига кенг жамоатчилик, алоҳида соҳа мутахассислари, ОАВ аудиторияси жалб этилган шароитда, журналистдан икки карра масъулият, икки баробар кўп изланиш ва юқори профессонал маҳорат талаб этилади. Янги техник имкониятлар ва узлуксиз ривожланиш жараёни ОАВга нисбатан турли ахборот манбаларидан фойдаланишда юқори масъулият юклаши билан бирга, холислик ва аниқликни ҳам талаб этади. Сўзсиз, бунда матбуот эркинлигини таъминлаш ортади ҳамда журналист имкониятларини кенгроқ юзага чиқариш уфқлари кенгаяди.
Фойдаланилган адабиётлар:
Рашидова Д., Муратова Н. Интернет журналистика. Тошкент-2007.
Рашидова Д. Информационные технологии и интерактивная Интернет журналистика. Т:.2003
Рашидова Д. Интернет в Узбекистане: возможности и проблемы Т:. 2003
Рашидова Д.Р. Интернет как источник журналисткой информации. Т:. ТашГУ, 1999
Замронавий журналистика. Тошкент: «MRC-Tashkent»
Луғат-маълумотнома: журналистика, реклама, паблик рилейшнз. 1700 та атама \Муаллифлар ҳайъати: Ф.П.Нестеренко, М.Казем, Я.М.Маматова ва б.Т. «Зар қалам», 2003.
Калмыков А. А., Коханова Л. А. Интернет-журналистика. Учебное пособие. М.:
ЮНИТИ-ДАНА, 2005.
Гребельников А.А. Работа журналиста в прессе. М.:2002
Рэдик Р. ва Кинг Э. Журналистика в стиле on-line. М.: Вагриус. 2000.
Dominick. Joseph R. The Dynamics of mass communication. New York.: 1996.
Do'stlaringiz bilan baham: |