Репортаж ёзиш техникаси ҳақида гап кетганда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:
Репортаж ёзиш техникасини яхши ўзлаштириш — журналистлар репортаж тайёрлаш билан боғлиқ назарий билимларни билишлари ва ёзиш техникаси ҳақида максимал тасаввурга эга бўлиши лозим;
Кузатиш қобилиятини ривожлантириш — репортаж тайёрловчи журналистларда кузатиш қобилияти яхши ривожланган бўлиши керак. Биргина мисол, репортёрлар ахборотнинг аксарият қисмини кузатув натижасида эмас, балки эшитган ёки ўқиган хабарлари асосида тайёрлайдилар. Кўпинча, матбуот хизматлари томонидан тайёрланган «пресс-релиз» ларнинг ўзи ҳам репортаж (айниқса теле-, радиорепортаж)нинг асосини ташкил қилмоқда. Аммо бу нотўғри, чунки журналистнинг ўзи воқеани ўз кўзи билан кўриши, жараённи кузатиши ва шу асосда материал тайёрлаши лозим;
Репортажга мавзу танлай билиш.
Воқеанинг мазмун-моҳияти, йўналишини тўғри тушуниш. Масалан, янги мактаб очилиши ҳақида репортаж тайёрланаётганда, асосий эътибор тадбирга қаратилади. Ваҳоланки, нима учун айнан шу ҳудудда мактаб қурилгани, бу ердаги демографик вазият, таълим ёки ижтимоий аҳвол хусусида тегишли шахслардан интервью олиш репортёрнинг ҳар доим ҳам хаёлига келавермайди. Аммо ана шу жиҳатларга эътибор қаратилса, репортаж қизиқарли ва мазмунли чиқади.
Журналист аниқликка эътибор бериши лозим. Репортёр кўпинча асосий воқеага эътиборни қаратиб, ундаги айрим деталларга жиддий аҳамият бермайди. Натижада, далилларни баён этиш жараёнида ноаниқликка йўл қўяди. Бу эса журналистларга нисбатан ишончни сусайтиради.
Ахборотни биринчи манбадан олишга интилиш ва айни пайтда бошқа манбаларни ҳам ҳисобга олиш зарур, яъни тадбир ташкилотчиси фикр-мулоҳазалари билан чекланиб қолмасдан, бошқа иштирокчилардан ҳам ахборот олиш мақсадга мувофиқдир;
Воқеанинг асосий деталларига нисбатан сезгирлик жуда муҳим. Кўпинча катта тажрибага эга журналистлар ҳам содир бўлган воқеанинг айрим деталларига эътибор қаратмайдилар. Натижада бир томонлама, кўпгина ҳолатларда мақтов бўёқлари бўрттирилган репортаж яратилади.
Репортажда муаллиф иштироки муҳим эмас, деган фикрдан қочиш керак. Муаллиф иштироки воқеани ишончли ва таъсирчан чиқишини таъминлайди.
Босма ОАВ репортажларида воқеа-ҳодисалар, атроф-муҳит манзараси, одамларнинг кайфияти ва ҳоказо жиҳатлар асосан сўз воситасида ифода этилади. Шу боис газетажурналларда фаолият юритадиган ва репортаж тайёрлайдиган журналист зиммасига катта масъулият юкланади.
Репортаж орқали «ҳаётнинг бир парчасини» кўрсатиш у ҳақда ўқувчига имкон қадар тўғри, холис ахборот бериш аҳолининг журналистикага бўлган ишончини орттиришга хизмат қилади.
Интервью
Ахборот жанрларининг иккинчи гуруҳини диалог материаллар, яъни интервью ва унинг турлари ташкил этади.
Интервью ахборот жанрларининг энг асосийларидан бири бўлиб, у ўқувчига ахборотни илк манбадан бевосита олиш имконини беради. Интервьюнинг асосий мақсади — нафақат бирор бир воқеани ёритиш, балки ана шу воқеа хусусида муайян шахсларнинг фикрини ҳам беришдир. Мазкур жанр турларининг барчасида икки ёки ундан ортиқ одам ўзаро мулоқотда бўлади ва шу орқали воқелик тўлдирилиб, керакли далилларга аниқлик киритилади. Интервьюнинг қуйидаги турлари мавжуд: интервью-монолог, интервью-диалог, блицинтервью, давра суҳбати (полилог). Ўзбекистон матбуотида асосан интервью-диалог, давра суҳбати (полилог) кўпроқ кўзга ташланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |