11-маъруза: Ўзгартиргичлар. Ўз-ўзидан қўзғатишли бир тактли ўзгартиргичлар.
Режа:
Ўзгартиргичлар турлари.
Бир тактли ўзгартиргичлар.
Таянч иборалар: инвертор, конвертор, транзисторли инвертор, бир тактли ва икки тактли инверторлар, тиристорли инверторлар, умумий эмиттерли ва умумий коллекторли инверторлар.
Ўзгартиргичлар турлари
Кўчма телекоммуникация аппаратураларини электр энергияси билан таъминлашда бирламчи электр энергияси сифатида кичик кучланишли ўзгармас ток манбалари (гальваник элементлар, аккумуляторлар, термогенераторлар, қуёш ва атом батереялари) ишлатилади. Турли хилдаги телекоммуникация аппаратураларининг электр таъминоти учун эса турли номиналдаги ўзгармас ва ўзгарувчан кучланишлар зарур бўлади. Шунинг учун бир номиналдаги ўзгарувчан ёки ўзгармас кучланишни иккинчи номиналдаги ўзгарувчан ёки ўзгармас кучланишга ўзгартириш талаб қилинади. Бу вазифани ўзгартиргичлар бажаради. Ўзгартиргичлар электр таъминот манбаи кучланишини аппаратуралар алоҳида қисмларини электр таъминоти учун талаб қилинган турдаги ва номиналдаги кучланишларга ўзгартириб бериш учун хизмат қилади [12].
Ўзгартиргичлар икки турга бўлинади. Ўзгармас ток энергиясини ўзгарувчан ток энергиясига ўзгартириб берувчи ўзгартиргичлар инверторлар дейилади ва ўзгартириш жараёни инверторлашдан иборат бўлади.
Агар ўзгартиргич чиқишида ўзгармас кучланиш олиниши талаб қилинса, у ҳолда инвертордан кейин тўғрилагич ва фильтр қўйилади. Бундай бир кучланишли ўзгармас ток энергиясини бошқа кучланишли ўзгармас ток энергиясига ўзгартирувчи ўзгартиргич конвертор дейилади ва ўзгартириш жараёни конверторлашдан иборат бўлади.
Инвертор ҳар қандай ўзгартиргичнинг асосий қисми ҳисобланади. Инверторлар қуйидаги белгиларига қараб синфларга бўлинади:
- ўзгартирилувчи катталик турига қараб: ток инверторлари ва кучланиш инверторлари;
- иш тактига қараб: бир тактли ва икки тактли инверторлар;
- калит элементлари турига қараб: транзисторли ва тиристорли инверторлар;
- қўзғатиш усулига қараб: мустақил ва ўз-ўзидан қўзғатишли инверторлар;
Транзисторли инверторлар қуйидаги туркумларга бўлинади:
- транзисторларнинг уланиш схемаларига қараб: умумий эмиттерли ва умумий коллекторли инверторлар;
- тескари алоқа турига қараб: кучланиш бўйича тескари алоқали, ток бўйича тескари алоқали, ток ва кучланиш бўйича тескари алоқали инверторлар;
Тиристорли инверторлар қуйидагича турланади:
- тиристорлар коммутациясига қараб: тармоқ орқали ва автоном;
- юкламага нисбатан коммутацияловчи сиғимнинг уланишига қараб: кетма-кет, кетма-кет параллел ва параллел. Ярим ўтказгичли ўзгартиргичларнинг афзалликлари ишончлилик, юқори ФИК, кичик ҳажм ва ишлатиш муддатининг узоқлигидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |