Ўша куни
Анҳор бўйига пиёда келдим... Одамларнинг бунчалик бепарво юришига ҳамон кўника олмасдим. Ҳар бир дарахт орқасида «дух» пойлаб тургандек эди. Боғ яшнаб кетибди. Оппоқ гуллари тескари ўсган узум бошига ўхшаб учини осмонга қаратиб турган каштанлар, довучча туккан ўриклар, ям-яшил арчалар шамолда арғамчи учади. Гулзорда хонаки гунафшалар, сиёҳранг гулсапсарлар эркаланиб чайқалади. Аммо ҳавонинг авзойи бузуқ, осмонда қорамтир булутлар чарх уради.
Мана, ўзимизнинг скамейка. Ўзимизнинг наъматак. Напармон гуллари қуёш томчисидек ярақлайди. Харракка ўтириб, анҳорни томоша қилдим. Тоғ томонда ёмғир ёққан шекилли, анҳор лойқаланиб, тўлғаниб оқади. Сув бетида олма шохчалари, настарин гуллари шитоб билан қалқиб боради. Ана, бир дона лола оқиб келяпти. Гулбарглари ёйилиб кетган. Худди зада бўлган юрак парчасидек. Тўлқинлар уни гоҳ эркалаб елкасига кўтаради. Гоҳ бўтана гирдобига улоқгиради. Эрмак қилаётгандек... Булутлар қуюқлашиб, шамол кучайди. Харрак ёнбошидаги наъматак жонсарак чайқала бошлади... Шошқин қадам товушини эшитиб, юрагим орзиқиб кетди.
Қулоғимга қадрдон овоз кирди:
Рустам ака! Рустам ака-а-а!
Шаҳноза қушдек учиб келиб, бағримга отилди. Димоғимга гул ҳиди урилди. Ўзгармабди!
Фақат... янаям очилиб кетибди!
Эгнида атлас кўйлак. Сочини чиройли турмаклаб, миттигина атиргул ғунчасини қистириб қўйибди.
Соғиндим, Рустам ака! Соғиниб кетдим. — Кўзларидан икки томчи ёш силқиб чиқиб, лабига сизди.
Мен ҳам, — дедим бағримга босиб. — Тушларимда кўрдим. Кўп, жуда кўп кўрдим.
Мен ҳам...
...Кўзлари... Шаҳнозанинг кўзлари шунақанги чиройли, шунақанги бегуноҳ, илҳақлик билан боқадики, юрагингни суғуриб олаётганга ўхшайди...
Ўзгарибсиз... — деди юзимни силаб. — Озибсиз. Қорайибсиз.
Сен ўзгармабсан! — дедим елкасидан қаттиқроқ қучиб. — Янаям чиройли бўлиб кетибсан.
Шу алпозда анча ўтирдик.
Бир маҳал Шаҳноза юзимга илкис қараб қўйди.
Рустам ака... — деди секин. — У ёқда... одам ўлдирдингизми?
Юрагим шиғ этди. Кўз ўнгимга сўриток тагида ётган аёл келди. Қизил кўйлакли аёл. Юзлари оппоқ, тиниқ... Худди Шаҳнозаникига ўхшаган... Шу пайт осмон ярақлаб кетди. Даҳшатли гумбурлашдан қулоғим чиппа битиб қолгандек бўлди. «Эр-эс!» Ракета портлади! Осмонда ракета портлади! Ўрнимдан қандай туриб кетганим, қай алпозда наъматак панасига ўтганимни билмай-ман. Пешонамга илиқ ёмғир томчиси урилди. Тағин момақалдироқ гумбурлади. Қарасам, Шаҳноза ҳам ўрнидан туриб кетибди, кўзлари катта-катта очилган кўйи менга ҳайратланиб тикиляпти.
Сизга нима бўлди? — деди пичирлаб.
Ҳеч нима... — дедим шуурсиз бир тарзда қайтиб жойимга ўтирарканман. — Ўзим...
Шунчаки...
Ўша заҳоти шовуллаб жала қуйди. Шамол авжига минди. Наъматак шохлари шиддатли чайқала бошлади. Нафармон гуллар шамолда чирпирак бўлиб учганча, анҳорга тушиб, лойқа тўлқинларга кўмилиб кетди. Чақмоқ булутлар орасида оловли қамчисини ўйнатар, момақалдироқ муттасил гумбурлар эди. Анҳор юзи бир зумда алғов-далғов бўлиб кетди. Шаҳноза елкамга бошини ташлаб ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Вужуди титрар эди. Атлас кўйлаги жиққа сув бўлиб, баданига ёпишиб қолди.
Шамоллаб қоласан... — дедим елкасидан қучиб...
Do'stlaringiz bilan baham: |