Электр тортқили участкалардаги релсли занжирлар. Электртортқили участкаларда темир йўлнинг релс иплари қайта тортқи токни тортиш нимстанцияга ўтказиш учун ҳизмат қиладилар. Шунинг учун релсли занжирлар орқали, улар изоляцияловчи туташмалар билан ажратилишга қарамай, қайта тортқи ток ўтишнинг узлуксизлигини таъминлаш лозим. Шу мақсадда икки ва бир ипли релсли занжирларидан фойдаланишади. Ҳозирги даврда перегонларда кўпроқ икки ипли релсли занжирлари қўлланилади. Бу релсли занжирларида торқи ток дроссел-трансформаторлар ёрдамида изоляцияловчи туташмаларни айланиб ўтиб, узлуксиз иккала релс ипларидан ўтказилади.
Электртортқили участкалардаги релсли занжирларнинг меъёрий ҳамда ишончли ишини таъминлаш учун сигнал токининг частотаси ва тури тортқи токи частотаси ва туридан фарқланиши лозим. Шу боис, ўзгармас токли электртортиш участкаларда релсли занжирлар 50 Гц частотали, ўзгарувчан токли электртортқилигида эса, 25 Гц частотали ўзгарувчан ток билан озиқланадилар.
Электрлаштирилган участкалардаги релсли занжирларда ИМВШ турдаги импулсли йўл релеси ишлатилади. Тортқи токнинг гармоникалари таъсир этмаслиги учун бундай релсли занжирларнинг таъминоти кодли қилиб бажарилади ва бундан ташқари, релени халақитлардан ҳимоялаш мақсадида, электрик филтрлар ўрнатилади. Филтр сигнал токнинг частотасига созланган бўлиб, тортқи токнинг гармоникаларини ушлаб қолади.
25 Гц ўзгарувчан токдаги кодли релсли занжирлар 50 Гц частотали электртортқилигида перегонларда қўлланилади. Бу кодли релсли занжир блок-участка ҳолатини назорат этиш, йўл ўтиш светофорлардаги кўрсаткичларининг ўзаро симсиз боғланишини таъминлаш ҳамда локомотив қурилмаларига АЛС кодларини узатиш учун ҳизмат қилади. Релсли занжирни 25 Гц частотали ўзгарувчан ток билан таъминлаш учун ПЧ 50/25 турдаги статик частота ўзгартиргичидан фойдаланишади (2.3.-расм).
Ўзгартиргич чиқишидан 25 Гц частотали сигнал токи, кодли режимида ишлаётган трансмиттерли Т реле контакти, чегараловчи R0 резистори, ПРТ-А турдаги йўл трансформатор ва ДТ-1-150 дроссел-трансформатор орқали релсли линияга узатилади.
Релели учидаги код импулслари ДТ-1-150 дроссел-трансформатор ва ўзгарувчан тортқи токнинг гармоникаларини ушлаб қолиб, 25 Гц частотали сигнал токини ўтказиб юборадиган ФП-25 филтр орқали импулсли И йўл релеси билан қабул қилинадилар. Агар блок-участка релсли занжир бўш ва соз бўлса, импулсли реле импулсли режимда ишлайди.
Озиқлантирувчи ва релели учларидаги ПРТ-А турдаги трансформаторлар релсли занжирнинг аппаратурасини дроссел-трансформаторлари билан мувофиқлаштирадилар. Бундан ташқари ушбу трансформаторлар АВМ-1 автоматик узгичлари билан бирга аппаратура ва хизмат кўрсатадиган ходимларни юқори кучланишларидан ҳимоялайдилар. Аппаратура ва ходимларни импулсли юқори кучланишларидан (масалан, момақалдироқ чақмоқлигида вужудга келадиган) ҳимоялаш учун РВНШ-250 турдаги Р зарядсизлагичлар ишлатилади. 25 Гц ли кодли релсли занжирнинг чегаравий узунлиги 2500 м ташкил этади. Релсли занжири ПЧ 50/25 ўзгартиргичнинг чиқишидаги кучланишини ўзгартириш йўли билан ростланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |