Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни
Сочингни бошдин-аёқ чин ила шикан қилғил.
Шоир яна ёрга мурожаат қилишга қайтади. Аммо аввалгидай ёлбориш-муножот оҳангида эмас, балки унинг ошиқлар кўнглини овловчи жамолини (соч — ҳусни жамол нишонаси ва тажаллий олами) васф этиш орқали муносабат билдиради, ёрга бўлган меҳр бошқача йўсинда изоҳланади. Байтнинг мазмуни чин ва шикан сўзларини изоҳлаш воситасида очилиши мумкин. Чин ва шикан маънодош (синоним) сўзлар, яъни: чин — 1) рост, тўғри (ўзбекча маъноси); 2) ўрам, букум, ҳалқа-ҳалқа шаклида бўлиш (форсий маънолари). Навоий бу ўринда иккинчи маънони назарда тутган. Шикан — печу топ, қат-қат бўлиш, ўрам-ўрам, занжирсимон шакл олиш; 3) исканжа, азоб. Мисрада шиканнинг ҳар икки маъноси ҳам акс этган. Чунки ёрнинг ҳалқа-ҳалқа бурамали зулфи ошиқ кўнглини илинтирадиган тузоқ, тузоққа тушган қуш азоблангани каби, кўнгил ҳам шундай изтироб-уқубатни бошдан кечиради (сочни тузоққа, кўнгилни қушга ўхшатиш байтда зимдан англашилиб турибди). Аммо ошиқ бунга мингдан-минг рози. Ахир ёр зулфининг домига гирифтор бўлмай туриб, унинг висолига муяссар бўлиш мумкин эмас-да! Агар ақл зулфнинг бандида бўлиш бу қадар роҳат эканлигини билсайди, оқиллар занжиримиз изидан девона бўлардилар, дейди Ҳофиз. Бедил бўлса "Зулфининг занжиридан минглаб дил қўзғолади", - деб ёзган.
Нега шундай, нега кўнгул ёр зулфи ҳалқаларига илинмай висолга етиши мумкин эмас? Бу саволга, юқорида айтилганлардан ташқари, яна тасаввуф тимсоллари маъносига суяниб қуйидагича жавоб бериш мумкин: тасаввуф бўйича, соч — мавжуд дунё рамзи, юз эса илоҳий манба рамзидир. Яъни: Мутлақ руҳ дунёни яратар экан, унга ўз нурини таратиб (тажалли этиб) ҳаракатга келтирган. Ҳусну жамол бағишлаган. Дунё — касрат, яъни кўпликни англатади, бунда илоҳнинг сифатлари мужассам. Дунё бепоён ва Илоҳ манбасига нисбатан қоронғироқ — зулматли. Сочнинг узунлиги ва қоралиги ҳам дунёнинг бепоёнлиги ва зулматига ишора. Сочнинг ҳалқалари — солик руҳи овора, банд бўладиган дунё ташвишлари. Сочнинг учи — инсоннинг ўзи. Бошқача айтсак, инсон тажаллиётнинг охиридир, у асл манбага қайтишга интилади, чунки у Мутлақиятдан ажралган, ҳижронда. Лекин дунё ташвиши, зулматини — ҳалқаларини енгмасдан туриб, Мутлақ руҳ жамолига мушарраф бўлолмайди. Висолга эришолмайди. Навоий байти ана шунга ишора.
Ва умуман, Шарқ поэтикасида маъшуқ юзини гул, гулшан, ғунча, қуёш, ой; қошини камон, ярим ой; кипригини камон ўқи; лабини лаъл, ғунча, ақиқ; тишларини гавҳар, марварид, садаф; қаддини ниҳол, сарв дарахти, алиф ҳарфи, шамшод; сочини занжир, тузоқ, тун, шом; кўзини жодуга, оҳу кўзига ўхшатиш расм бўлган. Ҳар бир шоир шу анъанавий ташбеҳ — образлар таносубиятидан янги маъно, янги тасвирлар яратиб, ўз маҳоратини намойиш этган. Шарҳлаётганимиз байтда соч шунчаки тузоққа ўхшатилмаган, балки у бир жозиба манбаи, жамолнинг зуҳур этиш нуқтаси сифатида кўрсатилган. Маҳбубнинг ошиқ олдида ўзига оро беришига даъват бор. Шу тариқа, байтнинг умумий мазмуни: "Агар юзинг висолига кўнгилларнинг етишишини истасанг, сочинг (зулфинг, кокилинг)нинг ҳаммасини ҳалқа-ҳалқа, бурам-бурам қилиб юр". Ёки: "Кўнгилларни асир этиб, васлингга мушарраф қилмоқчи бўлсанг, сочингни занжирга айлантириб, уларни боғла ёхуд тузоқ ҳалқаларидай бурам-бурам қилиб илинтириб ол".
Ва яна: "Илоҳ жамолига, Комил инсон ҳузурига етмоқ учун жами изтироб ва азобларга розиман, эй ишқ занжиринг-ла боғла".
Олтинчи байт:
Хазон сипоҳига, эй боғбон, эмас монеъ
Бу боғ томига гар игнадин тикан қилғил.
Бу — "Қаро кўзим" ғазалининг мураккаб маъноли тагдор байтларидан бири. Шоир ишқу ошиқлик, севги ва садоқат ҳақида ёзиб келиб, орада бирданига дунё ва унинг ишлари, умр, ҳаётнинг ўткинчлиги тўғрисида фалсафий мушоҳадага берилади, бир армон-орзиқиш, афсус-ҳасрат аралаш маҳзунлик кайфияти юзага балқийди. Ёр жамоли васфи, садоқат изҳорининг хушҳолликларидан кейин буни қандай тушуниш мумкин?
"Хазон сипоҳи" — куз лашкари, хазонрезги пайт демак. Тикан, игна билан лашкарнинг найзалари ҳам қиёсга олинган: сон-саноқсиз қўшин қўлидаги учли найзалар узоқдан осмонга қаратиб терилган игналардай кўринади. Бироқ гап фақат шу ташбеҳда эмас. Бунинг ўзи билан мазкур байтни шарҳлаб бўлмайди. Бу ўринда Алишер Навоий ўз даврида кенг тарқалган яна бир одат — боғ ва ҳовлиларнинг девори устини тиканакли буталар билан ўраб чиқишни назарда тутиб фикр юритган. Боғ ичидаги меваларни зараркунанда ҳайвонлар ва ўғрилардан қўриқлаш учун шундай қилинарди. Шоир шунга ишора қилиб, дейдики, эй боғбон, сен боғингнинг деворларинигина эмас, унинг томи устини ҳам бутунлай ҳатто игнадан тиканлар ясаб, беркитиб чиқсанг-да, уни хазондан сақлаб қололмайсан, барибир куз келади ва дарахтлар барги хазон бўлади, яъни байтнинг мазмуни: "Эй боғбон, бу боғ томини игнадан тиканаклар қилиб ёпиб чиқсанг ҳам, куз қўшинининг ҳужумига монеълик қилолмайсан". Чунки инсон фалак айланиши, замонларнинг ўтиши, табиат қонуниятларига қаршилик қилишга ожиз. Шундай бўлгач, ёр висолига интил, ғанимат дамларини беҳуда ўтказмай умр шодликларидан баҳраманд бўл. Бунда яна ўткинчи дунёга меҳр қўйиш, олам-олам қўшин йиғиб жаҳонгирлик қилиш, молу мулк йиғишга қарши фикр ҳам мужассам. Зеро, қанча меҳр қўйма, дунё бақосиз, фақат илоҳиёт абадий, ўшанинг ёдида яша. Вафоли ёр ҳам шу Аллоҳнинг ўзи. Маълум бўладики, байт оҳангида ҳазинлик сезилса-да, лекин ботиний маъно хулосаси ҳаётсеварликка ҳидоят этади ва шу асосда олдинги байтларга билвосита боғланади. Навоий ошиқ садоқати, ишқ қудратини куйлаб, ёрдан вафо тилаб ("кўзим гавҳарига жойлашиб олгин"), умрнинг ўткинчлиги муқаррарлигини далил келтирган.
Еттинчи байт:
Do'stlaringiz bilan baham: |