Кимёвий ва органоген йўл билан ҳосил бўлган жинслар. Турли кимёвий жараёнлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг ҳаёт фаолияти натижасида, шунингдек организмларнинг тўпланиб қолиши натижасида сувли шароитда ва баъзан қуруқликда турли туман жинслар ҳосил бўлади. Бу иккала катта группа талайгина оралиқ жинслар воситасида бир-бири билан боғланган бўлиб, уларнинг қандай пайдо бўлганлигини ҳамма вақт тўғри аниқлаб бўлмайди. Уларни кимёвий таркибига қараб аниқлаш анча қулайдир. Шунга кура, уларнинг орасида қуйидаги жинс группаларини: карбонатли, кремнийли, сульфатли ва галоидли, темирли, фосфорли жинслар ва каустобиоитларни кўрсатиш мумкин.
Карбонатли жинслар
Карбонатли жинслар орасида ҳам органик ва кимёвий йўл билан ҳосил бўлган оҳактошлар энг кўп тарқалгандир. Улар қай йўл билан пайдо бўлганидан қатъи назар, кальцитдан тузилган бўлади. Оҳактошлардаги гил аралашмаси кўпайса улар мергелга, қум кўпайса қумли оҳактошга ва оҳакли қумга айланади. Шунинг учун ҳам оҳактошларни синашда НС1 кислотасидан фойдаланиш лозим. Оҳактош кучсиз НС1 нинг бир томчисидан қаттиқ қайнайди; шунинг билан бирга унинг юзасида, мергеллардаги каби кир доғ қолмайди. Структурасига қараб оҳактошлар йирик донали, ўртача, майда ва ҳар хил донали оҳактошларга, афанит (зич), тупроқсимон, оолитли бўлади. Оҳактошлар келиб чиқишига қараб органик ва кимёвий бўлади. Органиклари (организмларнинг чиғаноқ ва бошқа скелет қолдиқларидан пайдо бўлган) ва фитоген (сув ўсимликларидан пайдо бўлган) оҳактошларга бўлинади.
Органоген оҳактошлар. Органоген оҳактошлар одатда цементлашган анча қаттиқ жинслар бўлиб кавакли ва ҳатто ғалвирсимон турлари ҳам учрайди. Уларнинг органик йўл билан пайдо бўлганлигига ҳеч қандай шубҳа туғилмайди. Бу жинслар кўзга яққол ташланиб турадиган моллюскалар чиғаноғи ва ҳайвонлар скелетларидан ёки бўлмаса сув ўсимликлари қолдиқлари ва оҳак тузларидан ташкил топган бўлади. Чиғаноқ бўлакларидан ташкил топган оҳактошлар органоген оҳактошлар деб юритилади. Органоген оҳактошларнинг таснифи қайси группа организмлари скелети жинс ташкил қиладиган бўлса, ўша организмнинг номи билан номланади. Шунга кўра, маржонли, брахиоподали, мшанкали, гастроподали, целеципоподали, криноидли, фузулинали, нумулитли ва бошқа оҳактошларга ажратилади. Моллюскалар ёки гастроподалар чиғаноғи яхши сақланган оҳактошлар чиғаноқли оҳактошлар дейилади.
Оҳактошларнинг органик йўл билан пайдо бўлганлигини ҳамма вақт макроскопик аниқлаб бўлмайди. Кўпчилик органик оҳактошлар зич афанит жинслар кўринишида бўлади. Баъзан жинс ташкил қилувчи организм қолдиқларини жуда майда бўлишига, кўпчилик вақтларда
эса оҳактошларнинг иккинчи марта қайта кристалланишига боғлиқ бўлади.
Қайта кристалланиш қанча кучли бўлса оҳактошни ташкил қилган чиғаноқлар ва бошқа скелет қолдиқлари шунчалик кўп емирилиб бутунлай йўқолиб ҳам кетади. Бундан ҳам кучлироқ кристалланишга дучор бўлган оҳактошларни нимадан пайдо бўлганини кўпинча микроскоп остида ҳам аниқлаш қийин. Бактериялар ҳаёт фаолияти натижасида биокимёвий усулда ҳосил бўлган оҳактошлар майда кальцит доналаридан иборат бўлиб, уларда ҳеч қандай органик структуралар кўринмайди. Дрюнт оҳактошлар деб аталувчи бундай оҳактошлар кимёвий усулда ҳосил бўлган оҳактошларга ўтадиган оралиқ жинслар ҳисобланади. Умуман, кўпчилик оҳактошлар ҳам органик, ҳам кимёвий йўл билан ҳосил бўлган. Ёзиладиган бўр бунга аниқ мисол бўла олади. Бурда чиганоқлар (асосан планктон организмларининг чиганоқлари) 60-70% ни ташкил қилади, қолган 30-40% ни эса жуда майда донали кукунсимон кальцит ҳосил қилади, бу кальцит эҳтимол кимёвий йўл билан пайдо бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |