Периодонт. Периодонт суяк альвеоласи ва тиш илдизи оралиғида жойлашган бириктирувчи тўқимадан иборат тузилма. Периодонт асосан Шарпей толалари деб номланувчи ва цемент ҳамда суяк чуқурчаларига туташиб кетган коллаген толалардан иборат. Периодонт тишнинг боғловчи аппарати ҳисобланиб, чайнаш мобайнида босимнинг бир меъёрда тақсимланишини таъминлайди.
Ютқин— нафас ва ҳазм йўлларининг кесишиб ўтган жойидаги аъзо. Ютқинда 3 қисм: бурун, оғиз ва ҳиқилдоқ қисмлари тафовут этилади. Бу қисмларнинг ҳар бири турлича тузилишга эга. Ютқиннинг бурун қисми кўп қаторли ҳилпилловчи эпителий билан қопланган. Шиллиқ парданинг хусусий пластинкасида аралаш безлар ётади. Оғиз ва ҳиқилдоқ қисмлари кўп қаватли ясси эпителий билан қопланган. Бу қисмлар шиллиқ пардасининг хусусий пластинкаси сийрак толали шаклланмаган би-риктирувчи тўқимадан иборат бўлиб, жуда кўп эластик толалар тутади. Шиллиқ ости пардасида мураккаб шиллиқ безларнинг охирги бўлими жойлашади ва уларнинг чиқарув найлари эпителий юзасига очилади. Ютқин барча қисмларининг мушак пардаси кўндаланг-тарғил мушакдан иборат бўлиб, у икки хил — ички бўйлама, ташқи — айлана йўналган. Ютқин ташқаридан адвентициал парда билан ўралган.
ҚИЗИЛУНГАЧ
Қизилўнгач эпителий қавати олдинги ичак энтодермасида жойлашган прехордал пластинкадан, бошқа қаватлари эса атрофдаги мезенхимадан пайдо бўлади. Такомиллашиш жараёнида эпителиал қават бир неча марта ўзгаради. Даставвал, эмбриогенезнинг 4-ҳафтасигача, қизилўнгач эпителийси бир қаватли цилиндрсимон эпителийдан иборат бўлиб, сўнг икки қаватлига айланади. Шу вақтдан бошлаб эпителий қатлами ўсиб кетади ва қизилўнгач тешигини беркитиб қўяди. Кейинчалик, эпителий емирилиб, яна найнинг ичи очилади. Ҳомила ҳаётининг 3-ойида қизилўнгач кўп қаторли ҳилпилловчи эпителий билан қопланган. 13-ҳафтадан бошлаб ҳилпилловчи ҳужайралар пуфаксимон хужайраларга, улар эса яссиланиб кўп қаватли ясси эпителийни ҳосил қилади.
Тузилиши. Шиллиқ пардаси эпителийдан, хусусий ва мускул пластинкаларидан иборат. Эпителий кўп қаватли ясси мугузланмайдиган эпителий бўлиб, 20—25 қават ҳужайра қатламларидан иборат. Энг юқори қатламларидаги ясси ҳужайраларда мугузланиш аломатлари бўлади. Эпителий қатламининг базал ҳужайраларида митоз бўлинишларни учратиш мумкин. Ҳосил бўлган ёш ҳужайралар етилиб юқорига сурилади, юза ҳужай-ралар, эса кетма-кет тушиб туради. Шу тарзда физиологик регенерация юз беради. Хусусий пластинкаси сийрак толали шаклланмаган бириктирувчи тўқимадан иборат. Хусусий қават эпителийга ботиб кириб сўрғичлар ҳосил қилади. Бириктирувчи тўқимада эластик ва коллаген толалар мўл бўлади. Бу ерда бириктирувчи тўқиманинг ҳамма компонентлари мавжуд бўлиб, жуда кўп лимфоцитлар учрайди. Кўпинча бу лимфоцитлар диффуз жойлашса, баъзан улар лимфоид фолликул ҳосил қилиши мумкин.
Шиллиқ парданинг хусусий пластинкасида қизилўнгачнинг кардиал безлари жойлашади. Улар тўда-тўда бўлиб 2 группани ташкил қилади. Юқори группа кардиал безлар ҳиқилдоқнинг узуксимон тоғайи ва кекирдакнинг 5-ҳалқаси соҳасида, пастки тўдаси эса қуйи қисмида — қизилўнгачнинг меъдага ўтиш ерида ётади. Бу безлар меъданинг кардиал безларига ўхшаш тузилган. Безларнинг охирги бўлимлари шиллиқ ишлаб чиқарувчи цилиндрсимон ёки кубсимон ҳужайралардан иборат бўлиб, баъзан улар орасида париетал ҳужайралар ҳам учрайди. Без найлари эпителий юзасига очилади. Қизилўнгачнинг кардиал безлари кўп миқдорда эндокрин ҳужайралар тутади, улар асосан безнинг охирги бўлимларида, қисман чиқарув найларида жойлашган. Бу ҳужайралар меъда-ичак найининг ЕС, ЕСL ва бошқа ҳужайраларига ўхшайди. Қизилўнгачнинг кардиал безларининг тузилиши, жойлашиши ва функциясини билиш шифокорлар учун муҳим аҳамиятга эга, чунки улар жойлашган ерда кўпинча қизилўнгачнинг иккиламчи бўшлиқлари, кисталари, яралари ва ўсмалари ҳосил бўлади. Шиллиқ парданинг мушак пластинкаси эластик толалар тўри билан ўралган силлиқ мушак ҳужайраларидан тузилган. Шу мушакнинг қисқариши натижасида овқат луқмаларининг ўтиши енгиллашади.
Шиллиқ ости пардаси сийрак толали шаклланмаган бирикти-
рувчи тўқимадан тузилган. Коллаген ва эластик толалар кўпинча
бўйламасига йўналади. Бу қават қалинлиги 300—700 мкм га тенг
бўлиб, бу ерда қизилўнгачнинг шиллиқ ишлаб чиқарувчи хусусий
безлари жойлашади. Бу — мураккаб тармоқланган найсимон-альвеоляр безлардир. Безларнинг охирги бўлимлари фақат шиллиқ ҳужайралардан ташкил топган. Без секрети аввал майда, сўнг йирик чиқарув найларига қуйилади. Улар қўшилиб, эпителий юзасига очилади. Майда найчаларда эпителий бир қаватли кубсимон ёки паст цилиндрсимон, йирик найларда эса кўп қаватли ясси ҳужайралардан иборат. Қизилўнгачнинг хусусий безларининг маҳсулоти шиллиқ парданинг юзасини намлаб озиқ модданинг яхши силжишини таъсирлайди. Хусусий безлар асосан қизилўнгачнинг юқори қисмида учрайди.
Мушак парда ички айлана ва ташқи бўйлама ётган мушак қаватлардан иборат бўлиб, унинг қалинлиги 1—2 мм га тенг. Мушак парда қизилўнгачнинг юқори 1/3 қисмида кўндаланг тарғил, ўрта 1/3 қисмида ҳам кўндаланг-тарғил, ҳам силлиқ мушак, қуйи 1/3 қисмида эса фақатгина силлиқ мушаклардан тузилган. Бу хусусият кесмада қизилўнгачнинг қайси жойидан олинганлигини аниқлаш учун белги бўлади. Ички циркуляр қават икки қизилўнгач сфинктерларини ҳосил қилади. Юқори сфинктер узуксимон тоғай соҳасида жойлашган бўлса, иккинчи — пастки сфинктер қизилўнгачнинг меъдага ўтиш жойида ҳосил бўлади. Бу тузилмалар амалий медицинада катта аҳамиятга эга.
Адвентициал парда сийрак толали шаклланмаган бириктирувчи тўқимадан иборат бўлиб, бир томондан мушак қаватидаги, ташқари томондан аъзо атрофидаги бириктирувчи тўқима билан алоқада бўлади. Адвентицияда бўйлама йўналган қон томирлар ва нерв толалар кўплаб жойлашади. Қизилўнгачнинг пастки — қорин қисмида адвентиция ўрнида сероз парда бўлиб, у мезотелий билан ўралган бириктирувчи тўқимадан ташкил топган.
Фойдаланилган адабиёт:
1. Гистология – дарслик, Зуфаров К.А., Т., 1991 й.
2. Гистология (введение в патологию) – дарслик, Улумбеков Э.Г. тахрири
остида, Москва, 1998 г.
3. Гистология – дарслик, Афанасьев Ю.И. тахрири остида, Москва, 2002 г.
4. Гистология – дарслик, Хем А., Кормак Д. тахрири остида, 1983г., т.4.
Do'stlaringiz bilan baham: |