Двигателни қаерга ўрнатиш керак?
Бенцнинг қурилмаси Европа ишбилармонларини автомобилсозликни янги, перспектив соҳа сифатида кўришга ундай бошлади. 1886 йилда француз бизнесменлари Рене Панар ва Эмиль Левассор автомобил ишлаб чиқариш ва сотиш мақсадида Panhard&Levassor компаниясига асос солишади. Улар бензинда ишловчи двигателга патент олишади.
1890 йилда Левассор ўзининг автомобили лойиҳаси устида иш бошлайди, у двигател машинанинг қайси қисмига ўрнатилса қулай, хавфсиз ва мос бўлиши ҳақида бош қотиради. Натижада олд қисмга двигателни ўрнатишга қарор қилади, ёқилғи узатмаси эса орқа томонда жойлашган эди. Техник қисмларнинг бундай компановкаси Panhard тизими номини олади ва ҳозиргача ҳам автомобил саноатидаги асосий стандарт бўлиб қолди.
Panhard-Levassor автомобили (1891)
1989 йилда Панар ва Левассор ўз лицензияларига ҳамюртлари Арман Пежони ҳам шерик қилишади. Бу Peugeot автомаркасининг пайдо бўлиши учун туртки эди.
Оммавий равишда сотилган авто
Автомобиллар энди пайдо бўла бошлаган пайтда АҚШда иқтисодий фаровонлик ҳукм сураётган бўлиб, бу одамларга қулайлик излаш, шунингдек, автомобил харидига ҳам имкон берарди. Лекин бу пайтда автомобиллар қўлда йиғилар, жараён узоқ ва машаққатли эди. Ҳар гал янги автомобил йиғилаётганда унинг бирон деталига ўзгартириш киритилгани учун ягона стандарт ҳам йўқ эди. Ҳаракатланишнинг бу қулай турига бўлган талаб қондирилмасди, натижада автомобилни тез ва сифатли тарзда йиғиш йўллари излана бошланди.
Бунга ечимни 1901 йилда Oldsmobile компанияси топди. Қўл меҳнати эмас, балки конвейерлар билан авто қисмларини йиғиш йўлга қўйилди. Барча қисмлари аниқ стандарт асосида ишлаб чиқилган Oldsmobile Curved Dash илк бор оммавий равишда сотувга чиқарилган автомобил сифатида тарихда қолди. У нисбатан қисқа фурсатда тайёрланарди. Қисқа муддат − 1901-1907 йиллар оралиғида Oldsmobile Curved Dash’нинг 19 мингдан ортиқ ададда харид қилинди.
Oldsmobile Curved Dash (1901–1907)
Форд эпохаси
Автомобил саноатида ҳақиқий инқилобни Генри Форд амалга оширди. Форд техник қисмларни йиғиб автомобил кўринишига келтирувчи конвейерларнинг ишлаш приципини такомиллаштирди, бу билан ишлаб чиқариш жараёни маҳсулдорлигини сезиларли даражада оширди. Натижада тезкор конвейерда тайёрланган биринчи машина − Ford T пайдо бўлди. У икки соатда йиғилган бўлиб, қиймати 850 АҚШ доллари атрофида эди. Ford T’нинг яратилиши билан автомобил чин маънода оммалашди, транспортнинг энг қулай кўринишига айланди.
Ford Model T (1925)
Форднинг янгилигидан кейин АҚШнинг бошқа компаниялари ҳам конвейер услубида автомобил ишлаб чиқаришни бошлашди. Аммо Европада 1930 йилларгача ҳам автомобилни йиғишнинг примитив − қўл меҳнати усулидан фойдаланиб келинаверган.
Шундан сўнг автомобил саноати қисқа муддатда эволюцияни бошдан кечирди. Бирин-кетин саҳнага чиқа бошлаган Ford, Peugeot, Benz, Audi, Volkswagen авто ишлаб чиқарувчиларининг ҳар бири автоуловни қулайлаштириш ва такомиллаштириш ҳаракатига тушди.
Do'stlaringiz bilan baham: |