Aвтоэволюция: илк автомобиллар қандай яратилган?
Бугун автомобилсиз инсон ҳаётини тасаввур қилиш қийин. Узоқ даврлар мобайнида от, ғилдирак, фойтун (карета), ҳатто одамнинг ўзи юк ва йўловчи ташиш учун хизмат қилиб келди. Ҳар доим қулайлик пайида бўлган одамзод тарихнинг энг катта ихтироларидан бири ― автомобилни яратди.
Panhard & Levassor Type A (1891)
Автомобил грек тилидан таржима қилганда «авто» − ўзи, «мобил» − ҳаракатланувчи деган маънони англатади. Инсон ёки жонивор мушаклари меҳнатидан фойдаланмай, соф техник асосга эга уловни яратишга бўлган ҳаракатлар 18 асрга бориб тақалади.
Ўйинчоқ буғмобил
Инсон меҳнатисиз ҳаракатланувчи автомобилнинг илк прототипи 1672 йилда католик жамияти аъзоси Фердинанд Вербист томонидан яратилади. У Хитой императорига атаб, буғ билан ҳаракатланувчи улов − буғмобилни ишлаб чиқади. Бир марта кўмир ёқилганда тахминан 1 соатгача ҳаракатланса-да, бу улов кўпроқ ўйинчоқ кўргазмага ўхшарди, ундан юк ёки йўловчи ташиш учун фойдаланиб бўлмасди.
Вербист буғмобили (1672)
Айнан Вербист ўз асарларидан бирида «мотор» сўзини ҳозирги маъносида қўллаган. Аммо чин маънодаги ҳақиқий мотор яратилиши учун яна икки аср вақт керак бўлди.
Двигател
Ёқилғини энергия кучига айлантириб берувчи двигателнинг илк кўринишини 1807 йилда швейцариялик еФрансуа Исаак де Ривас ишлаб чиқди. Двигател водород билан ишлар, ҳаракат юзага келиши учун учқун талаб этиларди. Де Риваснинг ихтироси бошқа олимларни ҳам двигателни такомиллаштиришга илҳомлантирди.
Риваз яратган ўзи ҳаракатланувчи экипаж (1807)
Ва 1885 йилда немис инженери Готлиб Даймлер ҳозирги кўринишдаги двигателни яратади, шу йили карбюраторни ҳам ўйлаб топиб, илк мотоцикл учун патент олди. Двигател иқтисодий жиҳатдан тежамкор ва ихчам бўлгани учун ҳам айнан Даймлер двигатели автомобил яратишга бўлган ишончни пайдо қилди.
Даймлер двигатели (1885)
Биринчи мотоцикл (1885 йил)
«Отсиз ҳаракатланувчи фойтун»
Биз тасаввур қиладиган илк автомобилнинг «катта бобоси» 1886 йилда немис ихтирочиси Карл Бенц томонидан яратилган. Motorwagen деб номланган автомобили учун Бенц Даймлер двигателидан фойдаланди. Бир йилдан сўнг илк автомобил сифатида патентлаштирилган Motorwagen отсиз фойтунни эсга соларди.
Motorwagen (1886)
Унинг илк автоулов экани ҳақида баҳслар кўп бўлса ҳам, айнан Motorwagen яратилган сана − 1886 йилнинг 29 январи автомобилнинг туғилган куни сифатида эътироф этилади. Айтганча, Карл Бенц энг биринчи авто ишлаб чиқарувчи корхона Mercedes Benz’нинг асосчиларидан ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |