АТКда асосий фондларнинг моҳияти, таркиби ва тузилиши
Маълумки ҳар қандай ишлаб чиқариш жараёни меҳнат воситалари ва меҳнат предметлари иштирокида амалга оширилади.
Меҳнат воситаларига инсонлар томонидан моддий ёки номоддий неъматлар яратиш мақсадида табиатга ва меҳнат предметларига ишлов берушда фойдаланиладиган буюмлар киради. Масалан, машиналар, станоклар, транспорт воситалари, бино ва иншоотлар, алоқа воситалари ва бошқалар. Меҳнат воситалари ишлаб чиқариш жараёнида узоқ муддат иштирок этади ва секин-аста эскириб ёки емирилиб боради. Уларнинг айнан эскирган ёки емирилган миқдорича қиймати маҳсулот баҳосига ўтиб боради.
Меҳнат предметларига эса маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида қайта ишлов бериладиган ёки истеъмол қилинадиган ашёлар киритилади. Масалан, нефть, газ, ёқилғи, ёғоч, руда ва норуда материаллар, энергия ресурслари ва бошқалар. Меҳнат предметлари ишлаб чиқариш жараёнининг бир циклида бутунлайин истеъмол қилиниб, ўз қийматини маҳсулот қийматига тўлалигича ўтказади.
Хулоса қилиб айтганда, меҳнат воситалари ишлаб чиқаришда асосий фондларни, меҳнат предметлари эса айланма маблағларни ташкил этади.
Асосий фондларнинг иқтисодий моҳиятини чуқурроқ кўриб чиқамиз.
Иқтисодиёт фанида асосий фондлар маълум бир истеъмол қиймати кўринишида ижтимоий меҳнат асосида яратилувчи, ишлаб чиқаришнинг моддий омиллари қаторига киритилади. Бозор шароитларида эса асосий фондлар ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш ва улардан фойдаланишга фаол равишда таъсир кўрсатувчи мулк бўлиб ҳам ҳисобланади. Бутун халқ хўжалиги миқёсида асосий фондлар мамлакатнинг миллий бойлигини ташкил қилади. Корхоналарнинг асосий фондлари атамаси амалиётда ва кўплаб адабиётларда “асосий воситалар” ёки “асосий капитал” атамаси билан ҳам қўлланилиши мумкин.
Асосий фондлар корхона ишлаб чиқариш воситаларининг бир қисми бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида узоқ вақт иштирок этада ва ўзининг натурал-моддий ҳолатини йўқотмайди ҳамда ўз қийматини тайёрланаётган маҳсулотларга қисмлаб ўтказиб беради. Асосий фондлар қийматини тайёрланаётган маҳсулотга ўтказиш жараёни амортзиция деб, ушбу жараёнда тўпланган маблағлар эса амортизация ажратмалари деб аталади.
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг Миллий стандартига кўра асосий воситалар таркибига қуйидаги мезонларга жавоб берадиган моддий активлар киритилади:
а) бир йилдан ортиқ хизмат қилиш муддати;
б) бир бирлик (тўплам) учун қиймати Ўзбекистон Республикаси (харид пайтида) белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг эллик бараваридан ортиқ бўлган буюмлар.
Хизмат муддати ва қийматидан қатъи назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киритилмайди:
а) махсус асбоблар ва мосламалар (муайян буюмларни туркумлаб ва ёппасига ишлаб чиқариш учун ёки якка тартибдаги буюртмаларни тайёрлаш учун мўлжалланган, мақсадли йўналтирилган асбоблар ва мосламалар);
б) махсус ва санитария кийим-кечаклари, махсус пойабзаллар;
в) кўрпа-тўшак анжомлари;
г) ёзув-чизув анжомлари (калькуляторлар, стол устига қўйиладиган буюмлар ва бошқалар);
д) ошхона анжомлари, шунингдек ошхона учун дастурхон-сочиқлар;
е) тикланиши бўйича харажатлар қурилиш-монтаж ишлари таннархига киритиладиган вақтинчалик (нотитул иншоотлар) мосламалар ва қурилмалар;
ж) камида бир йиллик фойдаланиш муддатига эга бўлган алмаштириладиган ускуналар;
з) ов қуроллари (траллар, тўрлар, қармоқлар, мережалар ва бошқалар).
Асосий воситалар таркибида қонун ҳужжатларига мувофиқ корхона мулкига ўтказилган ер участкалари ҳам ҳисобга олинади.
Ишлаб чиқариш асосий фондлари ўз моҳиятига кўра, корхонанинг ишлаб чиқариш потенциалини ташкил қилиб, уларнинг таркибига қуйидагилар киради:
ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари;
узатиш қурилмалари;
қувват машиналари ва ускуналари;
ишчи машиналар ва ускуналар;
транспорт воситалари;
ўлчов ва тартибга солиш асбоблари ва қурилмалари;
фойдаланиш муддати бир йилдан кам бўлмаган ва қонунчиликда белгилаб қўйилган қийматлардаги асбоблар ва ишлаб чиқариш инвентари.
Иқтисодий мақсадлари ва мазмунига кўра, асосий фондлар қуйидаги 2та асосий гуруҳга бўлинади:
асосий ишлаб чиқариш фондлари;
ноишлаб чиқариш фондлари.
Do'stlaringiz bilan baham: |