6.5. Меҳнат таътили ва вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблаш ва тўлаш. Ишлаб чиқаришнинг мавсум давомида бир текисда давом этмаслиги ҳамда бошқа ҳолатлар (кўпчилик ишловчилар ёз ойларида таътилга кетади) муносабати билан ишчиларга меҳнат таътили бир маромда берилмайди.
Ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини тўғри аниқлаш учун йил давомида таътилларга ҳақ тўлаш бўйича харажатларни бир маромда киритиб боришни таъминлаш зарур. Шу боисдан меҳнат таътили вақтига тўланадиган иш ҳақи харажатларини ҳар ойда маҳсулот таннархига белгиланган миқдорда киритиб бориш зарур. Бунинг учун меҳнат таътилига тўланадиган иш ҳақи маҳсулот таннархига йил давомида бир маромда ўтказилишини таъминлаш учун ҳар ойда маълум миқдордаги маблағ корхона томонидан заҳира қилиб борилиши керак.
Заҳира суммаси бухгалтерия ҳисобида 8910-«Келгуси давр харажатлари ва тўловлари резерви» счётида ҳисобга олиб борилади. Ушбу счёт пассив бўлиб, у бўйича сальдо фойдаланилмаган заҳира суммасини акс эттиради. Дебет бўйича оборот - заҳирадан ишчиларга меҳнат таътили бўйича ҳақ тўлашни, кредит бўйича оборот эса - корхона харажатларига киритиш ҳисобига ҳар ойда яратиладиган заҳира суммасини тавсифлайди.
Ишлаб чиқариш харажатлари ҳисобига заҳира ташкил этилганида бухгалтерияда қуйидагича ёзув қилинади:
Д-т Ишлаб чиқариш харажатлари счётлари
К-т 8910-«Келгуси давр харажатлари ва тўловлари резерви».
Ишчиларга меҳнат таътили вақтида иш ҳақи ҳисобланганида қуйидагича проводка берилади:
Д-т 8910-«Келгуси давр харажатлари ва тўловлари резерви»
К-т 6710-«Ходимлар билан иш ҳақи бўйича ҳисоблашишлар».
Мисол. № 173 қарорга мувофиқ ходим Каримов Искандарга март ойида 24 кун муддатга таътил берилди.
Ходимнинг шахсий варақасида қуйидаги маълумотлар мавжуд:
2002 йил 1 январида ходимнинг ойлик маоши 40000 сўм қилиб белгиланган. 2001 йилда ходимнинг ойлиги 35000 сўмни ташкил этган;
шу муддат давомида олган мукофот суммаси 120000 сўмни ташкил этган;
ходимга 25000 сўм моддий ёрдам берилган;
дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик учун 40000 сўм қўшимча ҳақ олган;
йил охирида акция бўйича 175000 сўм дивиденд олган;
касаллик варақаси бўйича 20900 сўм иш ҳақи олган.
Корхона ходими Каримов Искандарга 24 иш куни учун таътил ҳақи ҳисоблаймиз:
меҳнат таътили бўйича ҳақ ҳисоблаш учун йил бўйича жами олган иш ҳақисини ҳисоблаймиз:
(35000*9)+(40000*2)=315000+80000=395000 сўм.
120000 сўм мукофот, 40000 сўм қўшимча ҳақ ва 20900 сўм касаллик варақаси бўйича ҳақ. Жами 575900 сўм (395000+120000+40000+20900).
Ўртача ойлик иш ҳақи 47992 сўм (575900/12).