Якоб Гримм таълимоти. Буюк олмон мутафаккири Якоб Гримм (1785-1863) тил тизими тарихий тараққиёти назариясини яратган олимлардан биридир. Дастлабки пайтларда Гримм тил тизимидаги тарихий ўзгаришларни тизимнинг бузилиши, пароканда бўлиши деб ҳисоблаган бўлса-да, кейинчалик унинг бу ҳодисага нисбатан қарашлари батамом бошқача мазмун олди. Натижада, олим маълум бир тилнинг ифода воситаларига бой бўлиши флексия тизимининг тараққиёти билан боғлиқ деган ақидадан ҳам воз кечди. XIX аср ўрталарида Я.Гримм тилнинг тарихий тараққиёти тил тизимининг такомиллашуви натижасидир деган хулосага келади. Олимнинг «такомиллашув» назариясига биноан тил тараққиёти уч босқичдан иборат:
ўзак – сўзнинг таркиб топиши;
флексия тараққиёти;
флексиянинг бошқа ифода воситалари билан (ўрин) алмашинуви.
Гримм таклиф қилган таҳлил режасида асосий ўрин диахрония услубига ажратилган, синхронияга оид масалалар эса фақатгина батафсил диахрон таҳлилдан сўнг ўрганилиши лозим.
Гриммнинг фикрича, тил миллий руҳнинг аксидир, шу сабабли маълум лисоний ҳолат (ривожи ёки парокандалиги) миллий маданият ҳолатининг давомидир. Шунинг учун ҳам қиёсий-тарихий тилшунослик руҳидаги тадқиқ лисоний шакллар билан чегараланиб қолмасдан, балки тил бирликлари (масалан, сўз) шакли билан ҳам шуғулланиши лозим.
Гримм адабий тилни маданият ривожининг манбаи, воситаси деб ҳисоблайди. Адабий тил маданият тараққиёти жараёнида илғорлашган диалектларнинг бири негизида шаклланади ва унинг тараққиётида миллатнинг илғор зиёли намояндалари, ижодкорларнинг ҳиссаси каттадир. Олимнинг фикрича, поэзия тилнинг энг такомиллашган шаклидир.
Олимнинг тил пайдо бўлиши ҳақидаги билдирган фикрлари ўша давр ижтимоий-сиёсий муҳити нуқтаи назаридан жуда журъатли туюлади. Тил тизимида мавжуд бўлган барча турдаги (қоидадан) истиснолар кўҳна ҳодисалар қолдиқларидир. Албатта, бунда нутқ бирликлари тузилиши ва тартиботининг тизимий хусусиятларини эътибордан четда қолдирмаслик лозим бўлади. Гримм тил «руҳи» нинг ҳаракатини тарихан кўра билиш лозимлигини уқтиради, аммо бунда «тарих» ва «тараққиёт» тушунчаларини чалкаштириш мумкин эмас.
Гримм таълимоти нутқий мулоқотнинг реал ҳодисалар мажмуаси сифатида талқин қилиниши билан боғлиқ бўлган ҳолда шаклланди. Бу таълимотда тил луғавий заҳирасининг имкониятлари тўлиғича қамраб олинган. Бундай кенг қамровлилик луғат такрибининг ижтимоий вазифавий хусусиятларининг инобатга олинишини тақозо қилади.
Олим талқинича, филология таркибига, грамматика ва луғат таҳлилидан ташқари, матнни билиш ҳам киради. Буларнинг ҳар иккаласи оддийгина билиш бўлмасдан, балки уларни тарихий жиҳатдан билмоқ керак. Я.Гримм асарлари филология фанига бўлган муносабатни ўзгартирди ва ушбу фан қамровининг янада кенгайишига сабаб бўлди. Олим, адабий жараёнлар ҳақида фикр юритаётиб, нутқнинг таркиб топишига, унинг воқелик намунаси эканлигига эътиборни тортди. Гриммнинг фандаги новаторлиги, биринчи навбатда, лисоний тадқиқотлар методологиясининг ўзгартирилганлигида намоён бўлади – олим тил тизимини таҳлил қилишнинг қиёсий-тарихий методига асос солганлардан биридир. (Т.Бушуй, Ш.Сафаров, 4,5,6,7,8).
Aim.uz
Do'stlaringiz bilan baham: |