6.3. Хориоэпендиматитлар
Хориоэпендиматитлар - бош мия қоринчаларининг асосан эпендималари ва томир чигаллари зарарланишидан иборат бўлиб, ликвор резорбцияси ва айланишининг бузилиши билан тавсифланади.
«Хориоэпендиматитлар атамаси»ни, 1972 йилда академик Н.М.Мажидов таклиф этган. Касаллик мустақил нозологик бирлик сифатида 1978 йилда катта тиббиёт энциклопедиясига киритилган.
Э т и о л о г и я.
Хориоэпендиматитнинг этиологик омиллари инфекцион омиллар: грипп, хроник тонзиллит, ревматизм, синусит, йирингли отит; бош миянинг шикастланиши ва токсик омиллар ҳисобланади. Бу барча сабабларни носпецифик омил сифатида белгилаш мумкин. Специфик хориоэпендиматитларнинг келиб чиқиши асосида туберкулез, бруцеллез ёки сифилитик инфекция ётади. Яна паразитар (цистицеркоз, токсоплазмоз) хориэпендиматитларни ажратиб, алоҳида ўрганиш керак. Бундан ташқари, марказий нерв тизимининг кўпгина касалликлари, хусусан ўсмалар, энцефалитлар, мия абсцесси хориоэпендиматитлар билан оғирлашиши мумкин. Кўпчилик ҳолларда хориоэпендиматитлар церебрал лептоменингит билан бирга кечади. Этиологик омилдан ташқари, хориоэпиндематитларга мойил қиладиган омилларни, чунончи инфекциянинг локал ўчоғини, соматик касалликларни, совқотишни, қаттиқ чарчашни ва мия айрим структураларининг ирсий сифатсизлигини ҳам фарқ қилиш керак. Эпендиманинг бой васкулиризацияси ва хориоид чигалларининг, хусусан томир деворларининг ўта ўтказувчанлиги уларни инфекцион агентлар ва токсинларга ожиз қилиб қўяди.
Хориоэпендиматитларнинг турли этиологияси маълум даражада касалликнинг бошланишини ҳар хил қилиб қўяди. Вирус этиологияли хориоэпендиматитлар кўпинча шиддат билан, синусоген ва отоген, бир оз ўткир бошланади, тонзиллоген ва ревматик хориоэпендиматитлар сурункали тарзда қайталаб кечиши билан фарқ қилади.
П а т о г е н е з.
Ўткир даврда эпендима ва хориоид чигалларда альтерация ва экссудация қайд қилинади. Бу даврда кузатиладиган ликворнинг гиперсекрециясида томирларнинг жуда ўтказувчанлиги ётади. Ликвор ишлаб чиқилиши тезлигининг резорбциясидан устун бўлиши гидроцефалия ривожланишига олиб келади. Тобора зўрайиб борадиган гидроцефалия венада димланишни келтириб чиқаради, бу эса мавжуд ликвординамик бузилишни янада оғирлаштиради. Орадан тахминан 2 ҳафта ўтгач, перивентрикуляр шиш ҳолати аста-секин босилади, тўқималараро суюқлиқ сўрилади, бироқ венанинг узоқ димланиб туриши ва гипоксия зарарланган структуралар учун изсиз ўтиб кетмайди, реактив глиоз, строманинг склерозланиши, томирлар деворининг фибрози ривожланади. Ним ўткир ва сурункали босқичида мия қоринчаси юзаси зич ва ғадир-будур бўлиб қолади. Қоринчалар деворининг зичланиши (қаттиқлашиши) ликворнинг резорбциясини қийинлаштириб, зўрайиб борувчи турғун димланган гидроцефалияга олиб боради. Асосан IV қоринчанинг зарарланиши кўпинча Мажанди ва Люшка тешигининг окклюзиясига ва барча қоринча тизимининг симметрик кенгайишига олиб келади. Сильвиев сув йўли деворида пролифератив ўзгаришлар унинг тешиги торайишига сабаб бўлади, бу ён ва III қоринчанинг симметрик кенгайишига олиб келади. Камдан-кам ҳолларда кузатиладиган Монро тешиги окклюзияси симметрик ёки ярим шарнинг бир томони гидроцефалияси ривожланишига имкон беради.
Хориоэпендиматитнинг ривожланишида тўртта: ўткир, ним ўткир, сурункали, қолдиқ ҳодисаларнинг қайтувчи босқичи тафовут қилинади.
Зарарланишнинг асосий ўчоғи келиб чиқишига қараб, бирламчи, иккиламчи ва реактив хориоэпендиматитларни тафовут қилиш мумкин.
Ликвородинамиканинг ҳолати қатор клиник симптомокомплекслар пайдо бўлишида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Шу белгига қараб, хориоэпендиматитнинг окклюзион ва ноокклюзион турлари тафовут қилинади. Ноокклюзион турлар ликворнинг гипер- ёки гипосекрецияси билан қўшилиши ва гипертензив ёки гипотензив синдром билан намоён бўлади.
Врач хориоэпендиматитда ликвородинамика ва марказий нерв тизимининг функцияси бузилиши компенсациясини аниқлаши шарт, бу касалликнинг маълум компенсирланган ва декомпенсирланган турларини ажратишга асос бўлади.
К л и н и к а.
У м у м с о м а т и к с и м п т о м л а р.
Хориэпендиматитнинг ўткир ва ним ўткир турларида умумсоматик симптомлар устун бўлади, унинг табиати эса асосан этиологик омил билан белгиланади. У неврологик симптомга шу қадар ўхшаш бўладики, ҳамма вақт ҳам уларни ажратиб бўлмайди. Масалан, гриппда тана ҳарорати ошади, бемор йўталади, ринит бўлади, интоксикация симптомлари эса (бош оғриши, кўнгил айнаши) хориоэпендиматитда кузатиладиган умуммия симптомларига ўхшаш бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |