www.arxiv.uz
Ўзбекистон республикаси миллий архив фонди ҳужжатларидан фойдаланишни ташкил этиш. Архив ҳужжатларини сақлаш
Режа:
1.Архив ҳужжатларидан фойдаланишнинг мақсади
2. Ҳужжатлардан фойдаланиш шакллари.
3. Архив ҳужжатларини сақлаш.
Архив ҳужжатларидан фойдаланишнинг мақсади. Архив ҳужжатларидан илмий-тадқиқот, халқ хўжалиги, ташвиқот, илмий-маърифий ва ўқув мақсадларида кенг фойдаланилади. Ҳужжатли манбалар тарих фанини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Тарихчилар архив ҳужжатларисиз қимматли далиллар билан асосланган тарихий асарлар ярата олмайдилар. Архив ҳужжатларига бошқа фан ва касблар вакиллари: ёзувчилар, тилшунослар, санъатшунослар, архитекторлар, биологлар, медиклар, муҳандислар, геологлар ва бошқалар ҳам мурожаат қилишади.
Ҳужжатлардан фойдаланиш шакллари. Архив ҳужжатларидан турли мақсадларда хилма хил йўллар билан фойдаланилади. Масалан, олий ўқув юртларида ҳужжатлардан ўқув мақсадларида қуйидагича фойдаланилиш мумкин: архив ҳужжатларидан нусхалар олиниб кўргазма ва музей ташкил этилиши мумкин. Ўзбекистон тарихининг айрим мавзулари бўйича ҳужжатлар тўплами тайёрлаб, ундан дарсда, семинарда фойдаланиш мумкин ва хаказо.
Давлат архивлари ҳужжатлардан фойдаланишни бошқа идоралар билан ҳамкорликда ҳам амалга оширади. Масалан, ҳужжатлар кўргазмасини музейлар билан биргаликда тайёрлайди. Ҳужжатларни газета ва журналлар орқали эълон қилиш, улар асосида радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар тайёрлаш, газета ва журналлар таҳририятлари, телестудиялар, радиоқўмиталар билан ҳамкорликда амалга оширади
Давлат архивларида ҳужжатлардан фойдаланишнинг қуйидаги шакллари қўлланилади:
1. Идораларни архив ҳужжатларининг мазмунидан хабардор қилиб туриш. Шу мақсадда архив ахборот ёзиб ёки архивда сақланаётган у ёки бу мавзуга доир ҳужжатлар рўйхатини тузиб идораларга жўнатади.
2. Давлат архиви ҳужжатларини эълон қилиш фаолияти. Бу мақсадда архивларда ҳужжатлар тўпламлари тайёрланиб, улар нашриётлар орқали чоп этилади ва кўпгина ҳужжатлар газета ва журналларда босиб чиқарилади (ҳужжатларни эълон қилиш усули археография курсида ёритилади).
3. Ҳужжатлардан фойдаланишнинг асосий шаклларидан яна бири ўқув хоналарида фойдаланишдир. Ҳар бир давлат архивида ўқув хонаси бўлади. Тарихчилар ва бошқа тадқиқотчилар ҳужжатлардан бевосита архив ўқув хонасида фойдаланишади.
4. Кўргазмалар ташкш қилиш, альбомлар, плакатлар чиқариш. Тарихий юбилейларга, муҳим воқеаларга, машҳур кишилар юбилейларига бағишланган кўргазмалар ташкил қилинади, альбом ва плакатлар чиқарилади, кўргазмаларга ҳужжатлар, фотосуратлар, хариталар, китоблар, варақалар ва бошқа манбалар қўйилиши мақсадга мувофиқдир.
5. Илмий-оммабоп рисолалар, матбуот учун мақолалар, радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар тайёрлаш. Давлат архивлари илмий ходимлари архив ҳужжатлари ҳақида, айрим тарихий мавзулар бўйича рисолалар тайёрлашади. Уларнинг мавзулари муҳим тарихий воқеаларга бағишланган бўлади. Бундан ташқари улар матбуотда архив тўғрисида, унинг ҳужжатлари тўғрисида мақолалар ёзиши, телевидение ва радиода чиқишлар қилиши, муҳим аҳамиятга молик ҳужжатларни чоп этишлари мумкин.
6. Ҳужжатлардан фойдаланишнинг яна бир йўли – бу архивда тарих дарслари ўтишни ташкил қилиш ва ўқув юртлари учун кўргазмали кўлланмалар тайёрлашдир. Университетлар, институтлар, коллеж, лицейлар ва мактаблар ўқитувчилари айрим тарих дарсларини архивда унинг ҳужжатларидан фойдаланиб ўтишлари мумкин. Тарих курсининг айрим даврлари, мавзулари бўйича диафильмлар, кинофильмлар, ҳужжатларнинг фото-ксеро-нусха тўпламларини тайёрлаш мумкин.
7. Архив ҳужжатларидан фойдаланишнинг муҳим шакли – бу архив маълумотнома (справка) лари, ҳужжатлардан нусхалар, кўчирмалар беришдир. Ташкилотлар, фуқаролар архивларга ҳар хил маълумотлар сўраб, хат ёзадилар. Фуқаролар кўпинча у ёки бу идора, ўқув юрти, корхона ёки хўжаликларда ишлаганлиги ёки ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, маълумотлар сўраб мурожаат қиладилар. Давлат архивлари фуқароларнинг бундай сўровларнга архив маълумотнома (справка)лари тайёрлаб берадилар. Архивнинг бу маълумотномаси асосида фуқаролар кексалик нафақаси олишади. Айрим ҳолларда фуқаролар ўқув юртини тугатганлигини тасдиқловчи дипломларини йўқотиб, ўз мутахассислигини, маълумотини тасдиқловчи ҳужжат сўраб архивга мурожаат қилишади. Архив бу ҳақда асосли маълумотнома бера олади. Худди шундай архив ташкилотларидан айрим ҳужжатларини сўраб ёзган хатлари бўйича ҳам сўралган ҳужжатларнинг нусхасини тайёрлаб, тасдиқлаб жўнатиши мумкин.
8. Давлат архиви йиғмажилдларни ташкилотларга улардан вақтинчалик фойдаланиш учун ҳам бериши мумкин. Ҳужжатлардан фойдаланишнинг бундай шакли айрим ҳолларда олий давлат органлари, суд, прокуратура, давлат хавфсизлиги органларнинг талаблари бўйича амалга оширилади.
Ҳужжатларни сақлаш – ҳар бир архивнинг асосий вазифаларидан биридир. Ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш деганда, “кераксиз қоғозлардан қутулиш” эмас, балки улардан маълум муддат – 3, 5, 10, 25, 40, 75 йил, асрлар давомида маълум қийматга эга эканлигида фойдаланиш тушунилади. Ва сақланиш муддати давомида ҳужжатлар ўғирликдан, лайоқадсизлик оқибатида йўқолиш, салбий шароит туфайли йўқ бўлишдан, ҳужжатнинг физик асоси бузилишидан ( қоғоз, плёнка, калька ва бошқа. ) ва ҳужжатдаги матнни ўчиб кетишидан сақлаш зарур.
Архив ҳужжатларини сақлашни асосий шартларидан бири уларни махсус таъмирланган архив сақлов хоналарида сақлаш; маълум сақлаш режимига риоя қилиш; ҳужжатларни сақловхоналардан бериш ва қайтиб олишни қатъий ҳисобга олиб бориш. Архив сақлов хоналарининг эшиги иш вақтида маҳкам ёпилган, иш вақтидан сўнг эса тамғаланган ёки пломбаланган бўлиши шарт.
Ҳужжатларни сақлашга қўйиладиган асосий талаблар давлат архивлари учун ҳам идора архивлари учун ҳам бир хил.
Давлат архивлари учун махсус бинолар қурилади. Республикада ҳужжатларни миқдорига қараб қатор давлат архивлари бинолари қурилган. Уларда махсус ҳужжатларни тозалаш ва реставрация қилиш хоналари мавжуд.
Архив биноси ташқи муҳит таъсиридан ҳимояланган бўлиши лозим. Архив биносида мавжуд бўлган иситиш тизими кутилмаган фавқулодда вазият доимо назоратда бўлиши керак. Ишчи хоналар сақловхоналардан ажратилган ҳолда бўлиши керак. Ишчи хоналар сақловхоналардан ажратилган ҳолда бўлиши, агар сақловхона биринчи қаватда жойлашган бўлса, дераза ромларига металл решеткалар; агар архивдан ҳовлига ёки кўчага чиқиш эшиги бўлса, у металл лист билан ишлов берилган бўлиши; архив сақловхонасига сигнализация ўрнатилган бўлиши керак.
Архив биноси ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши лозим; электр иситгич асбоблари , сунъий ёритиш, гугуртдан, шамдан фойдаланиш, сигарет чекиш қатъиян тақиқланади. Архив биносида ҳар бир хонага иккитадан кўринадиган жойларга ҳар 40-50 м кв га ўт ўчириш анжомлари осиб қўйилади. Бундан ташқари ёнғин хавфсизлиги шлангалари крани билан, водопровод йўқ жойда эса қуруқ қум пакетлари яшикларга солиб қўйилади. Бутун архив биносига ёнғин хавфсизлиги сигнализациялари ўрнатилган бўлади.
Архив сақлов хоналари металл стеллажлар билан таъминланган бўлиши, агар стеллажлар ёғочдан ясалган бўлса, уларга ўтда ёнмайдиган махсус таркиб билан ишлов берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |