ҲАЗРАТИ ИМОМ ЖОМЕ МАСЖИДИ
Масжиднинг икки томонида кўкка бўй чўзиб турган минораларнинг баландлиги 57 метрни ташкил қилади. Булар ўз мактабига эга минорасозларнинг мумтоз услуби уйғунлашган ҳолда тикланган бўлиб, ўнг томондагиси хоразмлик, чап томондагиси эса самарқандлик усталарнинг ижод маҳсули экан. Масжид ҳовлисига киришингиз билан узунлиги саккиз метрдан зиёд нақшинкор устунлар кўзни қувонтиради. Булар Ҳиндистондан келтирилган сандал дарахтидан ясалган. Жами йигирмата устуннинг
шакли саккиз қиррали бўлиб, уларда Тошкент ҳунармандлари услуби намоён.
Масжид хонақоҳининг узунлиги 77, эни эса 22, меҳроби билан 24 метрни ташкил қилади. Буни қарангки, шундай катта хонақоҳ устунсиз қурилган ва архитектураси жиҳатдан Ўрта Осиёда ягона иншоот ҳисобланади. Бу ерда, айвони билан қўшиб ҳисоблаганда, бирваракайига беш мингдан зиёд киши намоз ўқиши мумкин. Бинонинг мовий гумбазлари ички қисми Самарқанддаги “Тиллакори” мадрасасидан андоза қилиб олинган. Фақат фарқли ва афзаллик томони гумбазларга ўн иккита дераза қўйилган, ёриткичлар ўрнатилган. Қўш гумбаз ичидаги нақшлар, зийнатлар қўли гул усталар маҳоратидан дарак бериб турибди.
ҚАФФОЛ АШ-ШОШИЙ МАҚБАРАСИ
Абубакр Муҳаммад ибн Али Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший 903 йилда Тошкентда туғилган. У Бухоро, Самарқанд, Термиз мадрасаларида таҳсил олган ва ислом илоҳиёти устунларидан бўлган Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизийнинг маънавий издоши ҳисобланади. Қаффол аш-Шоший бир неча бор ҳаж сафарига борган, Дамашқ, Бағдод ва Ҳижозда бўлган. Саёҳатлари мобайнида замонасининг йирик мусулмон алломалари билан баҳсларда қатнашиб, илоҳиёт бўйича чуқур билимини намойиш қилган. Манбаларга қараганда, унинг обрўси шунчалик баланд бўлганки, ислом дунёсида уни “Буюк имом” деб аташган. Ватанга қайтгач, у бутун кучини исломни тарғиб қилиш ва шариат асосларини мустаҳкамлашга сарфлаган. У фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик фанлари ва шеър санъати бўйича Мовароуннаҳрда тенгсиз эди, дейилади манбаларда. Ривоятларга қараганда, Шоший қулф ясашга жуда уста бўлиб, вазни чорак кумуш танга оғирлигидек жажжи қулф ясаган экан. Унинг исмига “Қаффол” (арабча қулф) сўзи қўшиб айтилишига сабаб ҳам шу. 1541 йилда унинг қабри устига мақбара қурилган. Мақбаранинг асосий кираверишидаги эшик устида қурилишда қатнашган ўулом-Ҳусайн ҳамда ҳаттот Қудратнинг исмлари шеърий тарзда битилган ёзув сақланиб қолган (1541–42 йилларда нураб қолган дастлабки мақбара ўрнига ҳозирги мақбара Тошкент ҳокими Бароқхон тахаллусли Наврўз Аҳмадхон топшириғи билансарой меъмори ўулом Ҳусайн лойиҳаси асосида қайта қурилган). Авлиё хилхонаси ўзининг ажойиб шакли билан диққатни тортади. Қаффол аш-Шоший мозори зиёратгоҳ бўлгани учун мақбарага саёҳатчилар учун қўноқ шакли берилган. Катта залдан ташқари зиёратчилар учун қурилган уч қаватли ҳужра – бурчак устунли хоналардан иборат. Ушбу хилхонада яна бир неча мўътабар зотлар қабрлари ҳам бор. Ҳозиргача кўплаб зиёратчилар Қаффол аш-Шоший мақбарасига келиб, ундан маънавий ёрдам ва дуо оладилар. Айни пайтда “Хастимом” деб аталадиган жой шу мўътабар зотга нисбат бериб айтиладиган “Ҳазрати Имом” сўзининг қисқарган шаклидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |