Университетларнинг вужудга келиши ва уларнинг ривожланиши. XII—XIII асрда бир қанча Ғарбий Европа мамлакатларида олий маълумот берадиган ўқув юртлари сифатида университетлар пайдо бўла бошлайди. Университетларнинг вужудга келишига ўша вақтларда кўп европаликларнинг араб маданияти (хусусан, медицина ва фалсафа) билан танишуви катта таъсир кўрсатди. Бу маданият билан танишишга Ғарбий Европа феодалларининг XI аср охирида Шарқдаги араб мусулмон мамлакатларига қарши бошлаган ҳарбий ҳаракатлари сабаб бўлди. Ўша замон араб мамлакатларида маданият ва маърифат Ғарбий Европадаги маданиятга нисбатан кўп жиҳатдан тараққий қилган эди. Хусусан араблар томонидан VIII асрда истило қилинган Испанияда ташкил қилинган араб олий ўқув юртлари Европа университетлари учун маълум даражада намуна бўлди. Испанияда араблар барпо қилган феодал мусулмон давлатининг пойтахти Кордова шаҳрида ташкил қилинган араб олий ўқув юртларида фалсафа, математика, астрономия, медицина фанлари ўқитилар эди. Европанинг турли мамлакатларидан келган кўп талабалар Кордовада ўқиб, олий маълумот олардилар.
Шунингдек, католик ва черков ақидаларига хилоф бўлган турли диний таълимот ва бидъатлар ҳам Европада университетлар ташкил қилинишига таъсир этди, чунки мана шу бидъатларга қарши кураш олиб борадиган олий маълумотли католик руҳонийларга эҳтиёж туғилди. Мавжуд черков мактаблари эса, бундай ходимлар тайёрлаш вазифасини бажара олмас эдилар. Католик черковига хилоф диний таълимотларнинг тарқалиши ва ривожланиши муносабати билан католик черкови маориф ишини батамом ўз қўлига олишга мажбур бўлди. Натижада католицизмга содиқ бўлган олий малакали ўқитувчиларга ҳам эҳтиёж юзага келди.
Университетларнинг пайдо бўлишига яна бир сабаб шу эдики, Европада катта давлатлар барпо қилинганлиги ва марказлаштирилган монархия ҳокимиятининг кучайганлиги муносабати билан илмли ва юксак малакали ҳуқуқшуносларга талаб туғилди. Мазкур сабаблардан ташқари XIIXIII асрларда Ғарбий Европа ҳаётида юз берган иқтисодий, маданий ўзгаришлар, яъни ҳунар ва савдонинг ривожланиши, шаҳарларнинг ўсиб бориши ва шунга боғлиқ ҳолда дунёвий шаҳар маданиятининг тараққий қилиб бориши, халқаро алоқаларнинг кенгайиши, ёшлар ўртасида олий маълумот олиш ҳаракатини туғдирди, бу ҳол ўз навбатида университетларнинг пайдо бўлишига катта таъсир кўрсатди.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. И.А.Каримов. «Ижобий ишларимизни охирига етказайлик». Т.: Ўзб, 1994 й.
2. И.А.Каримов. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Т.: Ўзбекистон, 1997 йил
3. Ибн Халмиқон ҳақида. Абу Наср Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» китобидан олинди. Т. Абдулла Қодирий номидаги Хлақ мероси нашириёти,
4. Абу Наср Форобий. Рисолалар. Масъул муҳаррир Ўзбекистон респебликаси ФА ҳақиқий аъзоси М.М.Хайруллаев. Т. «ФАН», 1975.
5. www.ziyonet.uz
Do'stlaringiz bilan baham: |