Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган «Электрон Ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларида ахборот тизимларини татбиқ этиш ва жамоат тартибини таъминлаш вазифаларини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сонли қарорига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази «Узинфоком» негизида Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор ташкил этилсин (кейинги ўринларда — Ягона интегратор деб юритилади).
2. Қуйидагилар Ягона интеграторнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
«Электрон ҳукумат» тизимида ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотларни ҳамда иқтисодиёт тармоқларида ахборот технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва интеграциялашни, аппарат-дастурий комплексларни ўрнатишни, шунингдек, тегишли лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлашни таъминлаш;
аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
«Электрон ҳукумат» тизими лойиҳаларини амалга оширишга ҳамда иқтисодиёт тармоқларида ахборот технологияларини жорий этишга мамлакат корхоналари ва ташкилотларини тизимли жалб этиш ҳисобига ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларининг маҳаллий бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш:
«Электрон ҳукумат» тизими инфратузилмасининг, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда — давлат органлари ва бошқа ташкилотлар деб юритилади) ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотларининг технологик хавфсизлигини таъминлаш чораларини амалга ошириш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими фаолияти доирасида ахборот тизимларини ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик ва ахборот айирбошлаш тармоқларини жорий этиш;
халқаро стандартларга мувофиқ, юқори технологияли хизматлар ва маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳисобига ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотлар маҳаллий бозорининг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш.
4. Ягона интеграторга:
унинг зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш ҳамда қонунчиликда белгиланган талаблар ва шартларга риоя этилган ҳолда, тегишли лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни олмасдан ўқув курсларини ташкил этишга;
энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлаш, ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича пудрат ва ёрдамчи пудрат ишларини бажариш юзасидан хўжалик юритувчи субъектлар билан шартномалар тузишга рухсат берилсин.
5. Давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлаш, ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича Ягона интегратор билан шартномалар тузиш ҳуқуқи берилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази (кейинги ўринларда — Марказ деб юритилади) этиб қайта ташкил қилинсин.
7. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ахборот хавфсизлигига солинаётган ҳозирги хавф-хатар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва жамғариш, давлат органларининг ахборот тизимларига, ресурслари ва маълумотлар базасига ноқонуний суқилиб кириш ҳаракатларининг олдини олишни таъминлайдиган ташкилий ҳамда дастурий техник ечимларни самарали қабул қилиш бўйича тавсиялар ва таклифларни ишлаб чиқиш;
«Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш (кейинги ўринларда — «Хавфсиз шаҳар» комплекси деб юритилади), ушбу комплекс ички ишлар органлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари, видеокузатув тизимлари, ҳуқуқбузарликларнинг қайд этилиши, объектлар қўриқланишини, эҳтимол тутилган хавф-хатарлар тўғрисида барвақт хабардор қилиш ва уларга эътибор қаратиш интеллектуал таҳлил ускуналари, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўйича бошқа ахборот тизимлари, навбатчи-диспетчерлик марказлари ҳамда маълумотларга ишлов берувчи марказларнинг интеграциялашуви назарда тутилади;
ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятларини мувофиқлаштириш;
ахборот маконида рухсатсиз ёки бузғунчиликдан иборат ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириш чоғида фойдаланиладиган усуллар ва воситаларни таҳлил қилиш, бузғунчиларни аниқлашда телекоммуникациялар тармоқларининг операторлари ва провайдерлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
8. «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек, бошқа вазирликлар, идораларнинг раҳбарлари — Дастур ижрочилари унда назарда тутилган тадбирларнинг тўлиқ миқёсда, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар бўладилар.
9. «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш лойиҳасини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Комиссия 2-иловага мувофиқ таркибда тузилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
«Хавфсиз шаҳар» комплексини яратиш лойиҳасини тўлиқ миқёсда, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини тизимли мувофиқлаштириб бориш;
«Хавфсиз шаҳар» комплексини яратиш концепциясини ишлаб чиқиш ва янада ривожлантириш, уни «Электрон ҳукумат» тизимлари, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграциялаш;
жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот масалаларида фаолият самарадорлиги ҳамда тезкорлигини ошириш учун «Хавфсиз шаҳар» комплексини яратиш ва уни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ахборот соҳасидаги ҳамкорлиги самарали тизимини шакллантириш бўйича қарорлар қабу қилиш;
«Хавфсиз шаҳар» комплексини яратиш бўйича лойиҳалар ва тадбирларни амалда рўёбга чиқариш борасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мансабдор шахсларининг шахсий ҳисоботларини тинглаш ва уларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш;
«Хавфсиз шаҳар» комплексини яратиш лойиҳасини амалга ошириш ва уни янада ривожлантиришни самарали молиялаштириш, шунингдек, халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш бўйича қарор қабул қилиш.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг буюртманомалари бўйича «Хавфсиз шаҳар» комплексини яратиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларнинг кириш визалари, консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буюртманомалари бўйича «Хавфсиз шаҳар» комплексини яратиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларнинг кўп марталик визалари давлат божи ундирилмасдан расмийлаштирилиши, топширилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, улар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини таъминласин.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 январдаги ПФ-6146-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.01.2021 й., 06/21/6146/0065-сон)
12. «Хавфсиз шаҳар» комплексини яратиш лойиҳасининг ўз вақтида, тўлиқ миқёсли ва сифатли амалга оширилиши учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари лавозими киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг ташкилий штат тузилмаларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Қуйидагилар белгилансин:
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб мобил алоқа операторлари абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлаётган маблағларининг 70 фоизи Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади, ушбу маблағлардан «Электрон ҳукумат» ва ахборот технологиялари, шу жумладан, жамоат хавфсизлиги, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ахборот-коммуникация технологиялари тизимини жорий этиш ҳамда ривожлантириш инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга оширишда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг алоҳида таркибий бўлинмалари фаолиятини молиялаштиришда мақсадли фойдаланилади, қолган қисми эса Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади;
Марказ фаолиятини, меҳнатга ҳақ тўлаш фондини молиялаштириш ҳамда унинг ходимларини қўшимча рағбатлантириш, шунингдек, моддий-техникавий жиҳатдан таъминлаш «Хавфсиз шаҳар» комплексидан фойдаланган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўлашдан тушадиган сумманинг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобидан, етишмай қолган қисми эса Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
тўланадиган давлат божи ва Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари учун йиғимлар суммасининг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар интерактив давлат хизматлари ягона порталини янада ривожлантириш фаолиятини молиялаштириш ҳамда вазирлик ходимларини қўшимча рағбатлантириш манбаи сифатида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ваколатли банкдаги махсус ҳисоб варағига ўтказилади;
Ягона интегратор дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ахборот тизимлари ва ресурсларини татбиқ этиш ҳамда интеграциялаш бўйича жами ишларнинг камида 30 фоизини ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш соҳасидаги маҳаллий корхоналар ва ташкилотларга тизимли асосда топширади.
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилнинг 15 декабрига қадар муддатда амалдаги қонунчиликни ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилишни, шунингдек, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда 2018 — 2021 йилларда «Электрон ҳукумат» тизимини янада такомиллаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш комплекс дастурини тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Содиқов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 29 август,
ПҚ-3245-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3245-сон қарорига
1-ИЛОВА
«ХАВФСИЗ ШАҲАР» ЯГОНА АППАРАТ-ДАСТУРИЙ КОМПЛЕКСИНИ ЯРАТИШ БЎЙИЧА БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР
ДАСТУРИ