Қабул бўлимининг ҳамшираси мажбуриятлари:
1. Ҳар бир касалхонага ётқизилган бемор учун тиббий картани рўйхатдан ўтказиш (титул саҳифани, беморни қабул қилинган аниқ вақтини, беморни юборган тиббий муассасанинг диагнозини кўрсатувчи ҳужжатларни тўлдириши);
2. Тери ва тери қопламаларини кўздан кечириш, терининг сочли қисмларида педикулёз бор ёки йўқлигини аниқлаш, тана ҳароратини ўлчаш;
3. Шифокор кўрсатмаларини бажариш.
Қабул бўлими шифокорининг мажбуриятлари:
1. Беморни кўздан кечириш, текшириш, жарроҳлик амалиётини амалга оширишнинг долзарблигини аниқлаш, керакли қўшимча текширувлар ўтказиш;
2. Касаллик тарихини тўлдириш, дастлабки диагноз қўйиш;
3. Санитар-гигиеник ишлов бериш зарур ёки зарур эмаслигини аниқлаш;
4. Транспортировка турини кўрсатган холда профилли бўлимга ўтказиш;
5. Госпитализация учун кўрсатма бўлмаса, зарур минимал амбулатория-тиббий ёрдамини ташкил этиш.
Хирургик беморларни қабул қилиш қоидалари. Касалхонага қабул қилинаётган беморлар, антропометрия текширувларидан ўтади. У тана параметрларини ўлчашдан иборат. Тиббиёт ходимлари беморлар оғирлигини ўлчайди (одатда, оч қоринга, эрталаб, қовуқ ва тўғри ичакни бўшатгандан кейин). Бу иш алоҳида аҳамиятга эга. Патологик жараённинг динамикасини кузатиш учун фойдаланилади. Мисол учун, тана массасининг ошиши шишларнинг кўпайганлигини билдиради, унинг камайиши эса, етарлича овқатланмаётганлигини, яллиғланиш процесси оғир кечаётгани ва ҳакозаларни билдиради. Кейинги антропометрик кўрсаткич, бўй баландлигини ўлчаш, тана массасини билган ҳолда, тана массаси индексини, идеал тана массаси ва бошқаларни ҳисоблаб топиш мумкин. Ушбу кўрсаткичлар кучли таъсир кўрсатувчи дориларни тайинлашда муҳим аҳамиятга эга. Қабул бўлимида аниқланадиган кейинги кўрсаткич кўкрак қафасининг айланаси ҳисобланади. Бу кўрсаткич тери ости ёғ тўқимаси ва скелет тизимининг умумий ҳолатини акс эттиради.
Беморлар қабул қилинганда санитар ишловдан ўтишлари керак. Тўлиқ санитар ишлов бериш беморни ваннада ёки душ остида ювинтириш, ич кийимларини дезинфекциялаш ва дезинсекциялаш, шунингдек, хонага санитар-гигиеник ишлов беришни ўз ичига олади.
Қисман санитар ишлов бериш - танани қисман ювишни ва ич кийимларни алмаштиришни ўз ичига олади. Беморларга бошқа ич кийим берилганидан сўнг, улар шу ич кийимда бўлимга киришади. Ҳозирги вақтда бу қоидага доим ҳам амал қилинмайди, асосан махсус ва ҳарбий шифохоналарда ушбу одат сақланган. Бунинг сабаби шундаки, кўплаб беморлар шифохонага келишдан олдин ювинишади ёки душ қабул қилишади.
Қабул қилинувчи беморлар ваннада ёки душ остида ювинтирилади. Дастлаб, ваннага 0,5% хлорли эритма ёки 1-2% хлорамин эритмаси билан ишлов берилади. Кейин ваннани иссиқ совунли сув билан яхшилаб ювиб, тўлдирилади. Ваннадаги сув ҳарорати тахминан 42 даража бўлиши керак.
Ҳаддан ташқари буғланишнинг олдини олиш учун, олдин совуқ сув ваннага қуйилади, сўнгра иссиқ сув қуйилади. Беморлар нинг аҳволи оғир бўлганда, улар ваннадаги скамейкага ўтирғизилади ва устидан сув қуйилади.
Тана қисмларини ювиш кетма-кетлиги:
• бош ювилади;
• қўл ва кўкрак қафаси;
• чот ораси, қорин сохаси ва бел;
• оёқлар.
Санитар ишлов бериш ва антропометриядан сўнг беморлар тиббий ходимлар билан биргаликда кўрикдан ўтказиш хоналарига борадилар ва шундан сўнг ташҳис қўйиш ва даволаш тактикаси белгиланади.
Қабул қилиш бўлимининг шифокорлари ўрта тиббиёт ходимлари билан биргаликда касаллик тарихини тўлдирадилар (беморнинг стационар картаси). Унинг титул саҳифасида қуйидагилар мавжуд:
• фамилияси, исми, отасининг исми,
• ёши (ва туғилган санаси),
• яшаш жойи,
• беморнинг иш жойи,
• яқин қариндошлари телефонлари ёки манзиллари,
• ногиронлик ҳақида гувохнома, дориларга аллергияси ҳақида, қон гуруҳи, касалликнинг бошланиш даври (фавқулодда касалхонага ётқизилганлар учун) тўғрисида эслатма.
• Юборган муассасанинг диагнози, қабул қилингандаги дастлабки диагноз, клиник диагноз ва унинг қўйилган санаси киритилади.
Титул варақда бемор анамнезида вирусли гепатити борлиги, ундан олинган нарсаларда ва беморнинг ўзида педикулёз белгиларининг мавжудлиги тўғрисида маълумотлар махсус ёзиб қўйилади.
Бемор шифохонадаги тартиб қоидалар билан танишиб чиққанлиги ва уларни бузмасликка розилигини билдириб имзо қўяди.
Қабул бўлимининг шифокор-мутахассислари томонидан бемор кўрикдан ўтганида, улар тўплаган маълумотлар касаллик тарихига киритилади, қўшимча текшириш усулларини тайинлаш тўғрисидаги кўрсатмалар берилади.
Шифокорлар кўрикдан ўтказиш қоидаларига риоя қилишлари керак: Дастлаб инвазив бўлмаган усулларни қўллаш ва сўнгра уларнинг мураккаблаша бориши, оғирлашуви ва нархини ошишига қараб тайинлаш лозим. Минимал травматик усуллар доимо кўпроқ травмага олиб келадиган усуллардан олдин қилиниши керак.
Хирургик стационарга қабул қилинаётганларнинг ҳаммасида бажарилиши керак:
• умумий қон тахлили;
• RW -га (захмга) қон тахлили;
• флюрография;
• кексалар учун ЭКГ текшируви ҳам ўтказилади.
Қолган текширувлар аниқ кўрсатмалар бўйича бажарилади. Бунинг учун қабул бўлимининг шифокори қўл остида мавжуд:
• рентген хонаси,
• ультратовуш текшируви хонаси,
• эндоскопия бўлими,
• фавқулодда лаборатория ва бошқалар.
Навбатчи бўлим шифокори зарур бўлганда консултация учун шифохона бўлимларидан мутахассисларни таклиф қилиши мумкин.
Режа бўйича қабул қилинадиган беморларни стационар даволанишга юборган поликлиникаларда текширувдан ўтказиш керак. Улар қўлида ултратовуш, умумий тахлиллар, ренгенограммалар ва бошқа текширувлар натижалари билан қабул бўлимига келишади.
Оғир аҳволда бўлган, гомеостазнинг беқарор кўрсаткичлари билан келган беморларга биринчи тиббий ёрдам қабул бўлимида кўрсатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |