8-модда. Зарарни қоплаш 1. Монополияга қарши қонунларни бузган хўжалик юритувчи субъект ўзининг монополистик фаолияти, бозордаги устун мавқеини суиистеъмол қилиши ёки ғирром рақобати оқибатида етказилган зарарни суд ёки ҳакамлик судининг қарорига биноан жабр кўрган хўжалик юритувчи субъектга тўлашга мажбурдир.
2. Агар бошқарув идорасининг монополияга қарши қонунларни бузиб қабул қилган ҳужжати туфайли хўжалик юритувчи субъектга зарар етказилган бўлса, жабрланувчи томон зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво билан ҳакамлик судига мурожаат этишга ҳақлидир.
9-модда. Монополияга қарши қонунларни бузганлик учун жарималар Олдинги таҳрирга қаранг. 1. Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли орган хўжалик юритувчи субъектларга:
а) қоидабузарликни тўхтатиш, дастлабки ҳолатни тиклаш, ушбу Қонунга зид шартномаларни бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаганлик ёки ўз вақтида бажармаганлик учун:
бошқарув органларига ва юридик шахс бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 500 бараваригача миқдорда;
жисмоний шахс бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига — энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда;
б) монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли органга хабар бермаганлик ёки қасддан нотўғри маълумот берганлик учун:
бошқарув органларига ва юридик шахс бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 40 бараваридан 50 бараваригача миқдорда;
жисмоний шахс бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига — энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақлидир.
(9-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 23 сентябрдаги 2022-XII-сон Қонуни таҳририда — Олий Кенгаш Ахборотномаси, 1994 й., 11-12-сон, 285-модда) 2. Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора томонидан солинган жаримани хўжалик юритувчи субъект, бошқарув идораси ёки мансабдор шахс жарима солинганлиги тўғрисидаги қарорни олган пайтдан бошлаб 30 кун ичида тўлаши керак.
Жаримани белгиланган муддатда тўлашдан бўйин товланган ёки жарима тўлиқ миқдорда тўланмаган тақдирда монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора тегишли ариза билан судга ёки ҳакамлик судига мурожаат қилишга хақлидир.
Агар жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг дарҳол ижро этилиши корхонани синишга олиб келиши мумкин бўлса, у ҳолда монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора, суд ёки ҳакамлик суди жарима солинган хўжалик юритувчи субъектнинг аризасига биноан унга жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш имконини беришга ҳақлидир.
Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора томонидан солинган жарималар тегишли бюджетга тўланади ёки шу бюджет фойдасига ундирилади.