Партисипативлик услуби.
Ташкилот бошқарувидаги яна бир услуб – партисипативлик деб аталиб, унда раҳбарнинг ташкилот мақсадига эришиш йўлида ходимлар билан горизонтал йўналишдаги муносабатларни ривожлантириши тушунилади. Мутахассислар айнан партисипативликни энг самарали услублар қаторида кўрадилар. Бу услуб раҳбарнинг қуйидагича хулқида намоён бўлади:
Раҳбарнинг ходимлари билан мунтазам фикр алмашуви.
Раҳбар ва ходим муносабатидаги очиқлик ва самимийлик.
Ходимларнинг ташкилий қарорлар қабул қилишга жалб этилганлиги.
Раҳбар ўз бурч ва ҳуқуқларининг маълум қисмини ходим зиммасига ўтказиши.
Ташкилот вазифаларини режалаштириш ва амалга оширишда ходимларни жалб этиш.
Мустақил қарор қабул қила олиш ҳуқуқига эга бўлган махсус гуруҳлар тузиш (масалан, «сифат назорати гуруҳи»).
4. Бошқарув услубларининг коммуникатив имкониятлари.
Раҳбар авторитар бошқарув услубини қўллар экан, у ташкилотнинг расмий тизимини таъминлашга асосий эътиборини қаратади. Бу услубда маълумот фақат вертикал йўллар орқали келади, ходимнинг масъулият чегараси аниқ бўлиб, ҳар қандай хато қаттиқ жазоланади, шахсий муносабатлар иложи борича расмий тус олади ва ҳиссиётга ўрин қолмайди.
Демократик бошқарув услубида жамоадаги дўстона муносабатлар ривожланади, раҳбар гуруҳ фаоллиги тарафдори, расмий тизимда шахсий манфаатлар хам назарда тутилиб, мулоқот юритишга кенг йўл очиб берилади.
Либерал бошқарув услубида эса раҳбар жамоадаги норасмий тизимни ривожлантиради ва муваффақиятга эришишда расмий, маъмурий шаклдан кўра жамоанинг норасмий муносабатлари устун қўйилади.
Юқорида айтиб ўтилган уч хил бошқарув услуби жамоада турлича муҳитни яратади. Авторитар раҳбарлик услубида гуруҳда ҳокимликка интилиш намоён бўлади, мансабга ружу қўйилади, демократик услубли жамоада ходим уни тан олишларини, ҳурмат ва обрў қозонишни истайди ва ниҳоят, либерал услубли жамоада муваффақиятга эришиш истаги устун бўлади.
5. Лидерлик ва бошқарув
Лидер сўзининг изоҳига оид. Умуман олганда адабиётда «лидер» сўзини «этакчи» атамаси билан алмаштириш ҳоллари кўп учрайди. Ўйлашимизча, «этакчи» атамаси «лидер»га хос бўлган психологик тавсифни тўла ифодалай олмайди. «Этакчи» сўзи гуруҳга муносабат сифатида, унинг аъзоларига таъсир ўтказувчи ва мақсадга етакловчи шахсга нисбатан ишлатилади. етакчилик гуруҳ таркибини, ундаги муносабатлар тизимини таҳлил этиш орқали аниқланадиган шахс ҳолатидир.
Шундай қилиб, «лидер» сўзини фақат «этакчи» атамаси билан алмаштириш лидерлик ҳолатининг психологик талқинини тор доирага киритиб қўяди. Ушбу мулоҳазадан келиб чиққан ҳолда қўлланмамиз матнида «лидер» сўзидан фойдаланишни маъқул деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, «лидер» сўзидаги изоҳий маънони англаб олиш ўзбек китобхони учун таниш ҳолдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |