Алишер Навоийнинг таълимий-ахлоқий қарашларида етук инсон тарбияси мазмуни, шакл ва услуби
Алломанинг тасаввуридаги комил инсон ўз қиёфасида энг юксак инсоний фазилатлар мужассам эта олиши лозим. Чунончи, у ижодкор, қобилиятли, шу билан бирга илм-фанга нисбатан муҳаббатли бўлмоғи зарур. Алишер Навоийнинг қарашларига кўра, ана шундай сифатларнинг соҳиби бўла олган инсонгина ўз кучи ҳамда ақлу заковатига ишонади. Ўз кучи ва ақлу заковатига қаттиқ ишона олган инсонгина турли қийинчиликларга бардош бера олади, у ўта мураккаб муаммоларни ҳам ечимини топа олишга қодир. Илм-фан сирларидан хабардор бўлишнинг инсон аҳамиятини ёритар экан, аллома айни ўринда илмни қоронғуликни ёритадиган чироқ, ҳаёт йўлини нурафшон этадиган қуёш, одамларнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсата олувчи омил сифатида таърифлайди. Ушбу фикр мутафаккир томонидан яратилган “Назмул-жавоҳир” асарида қуйидагича баён этилади:
Ким олим эса нуқтасида барҳақ де они,
Гар базм тузар биҳишти мутлақ де они.
Ҳар кимсаки йўқ илм ахмақ де они,
Мажлисдаки илм бўлса учмақ де они1 .
Мазкур тўртликнинг мазмунида илмли, оқил одам ўз мақсадига эришиш йўлида учрайдиган ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтади, ким илмни ўзига таянч қилиб олса, у ҳеч қачон қоқилмайди, зеро, илм инсоннинг бахт-саодатини таъминлашга хизмат қилади деган ғоя ўз аксини топган.
“Ҳайрат ул-аброр” достонининг ўн биринчи мақолатида эса мутафаккир илмни қуёш, ой ҳамда кундуз сифатида қуйидагича таърифланади: “Илм сипеҳрнинг баланд ахтарлигидаким, жаҳл тунин ёритмоқ учун “айн”и ( ), қуёшдан ва “лом”и ( ) ойдин ва “мим” ( ) кундуздин нишона айтур. Ва жаҳл шоми тийра манзаралиғдаким, ғафлат чоҳини залолат кечасида зоҳир қилиб, бу кечада шаҳоватдин фасона айтур. Ва олимнинг бовужуди ганжу мол туфроқ аро нажандлиги” (“илм осмоннинг юлдузларидек баланд мартаба, мавқега эга, билимсизлик тунини ёритиш учун араб алифбосидаги “айн” қуёш, “лом” ой, “мим” эса кундуз белгиларини ифода этади; билимсизлик шомининг қоронғи кўриниши ғафлат чоҳини пастлик кечасида зоҳир бўлиб, бу кечада олимнинг бутун бахтсиз вужуди қуёшдек юксак, жоҳилнинг эса бутун борлиғи бойлик, мол бўлса ҳам тупроқдек хордир”). Ушбу ўринда араб тилида ( ) айннинг маъноси қуёш, ( ) ломнинг маъноси ой ( шаклан ойга ўхшайди ва абжид ҳисобида “ўттиз”ни билдиради), ( ) мимнинг маъноси эса кундуз эканлигига алоҳида урғу берилади1. Алишер Навоий илмни қуёш, ой ҳамда кундузга ўхшатиш орқали, у инсонни бахт-саодатга элтувчи восита эканлигига эътиборни қаратади.
Алишер Навоий илм ўрганишга интилишни инсон камолотини таъминлаш учун хизмат қилувчи энг зарур фазилатлардан бири деб билади. Илмни инсонни, халқни нодонликдан, жаҳолатдан қутқазувчи омил сифатида таърифлайди. Асарлари мазмунида илгари сурилган ғоялар ёрдамида кишиларни илмли ва маърифатли бўлишга ундайди. Мутафаккир илм ўрганишни ҳар бир кишининг инсоний бурчи дея эътироф этади. Зеро, илм ўрганишдан мақсад ҳам халқнинг фаровон, бахтли-саодатли ҳаёт кечиришини, мамлакатнинг обод бўлишини таъминлашга ҳисса қўшишдир, дея таъкидлайди. Билимли ва доно кишилар ҳамиша ўз халқининг манфаати ҳамда мамлакатининг равнақи йўлида фаолият олиб боришларига ишонади. Мазкур ўринда Мирзо Улуғбекни ана шундай хислатга эга бўлган кишилардан бири бўлганлигига урғу беради ҳамда унинг номи тарих саҳифаларида абадий сақланиб қолади, деб ҳисоблайди. Алишер Навоий орзу қилган комил инсон фақат илмли бўлиш билан қаноатланиб қолмайди. Уни етук инсон сифатида таърифлаш учун унда, яна шунингдек, сабр-қаноат, сахийлик, ҳиммат, тўғрилик, ростгўйлик, тавозе, адаб, вафо ва ҳоказо сифатларнинг ҳам мавжуд бўлиши тақозо этилади.
Алишер Навоий асарлари мазмунида ўз аксини топган ҳар бир фикр амалий аҳамиятга эга, зеро, мутафаккир уларни ўзининг улкан ҳаётий тажрибасига таянган ҳолда баён этади. Аллома узоқ йиллар давомида олиб борган ҳаётий кузатишлари ва тажрибаси асосида “Маҳбуб-ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) асарини яратади. Ушбу асарда “Хамса” достонининг таркибий тузилмасидан ўрин олган “Ҳайрат-ул-аброр”, шунингдек, “Назм-ул-жавоҳир” каби таълимий-ахлоқий асарларида илгари сурилган ахлоқий қарашларни мазмун жиҳатидан янада бойитади.
Мутафаккир “Маҳбуб-ул-қулуб” асарини ёзишдан кўзлаган асосий мақсадини асар муқаддимасида қуйидаги тарзда очиб берган: “Ҳар кўча-кўйда югурибман ва олам аҳлидин ҳар хил кишиларга ўзимни етказибман. Яхши ва ёмоннинг феъл-атворини билибман, ёмон-яхши хислатларини тажриба қилибман.
Яхшилик ва ёмонликнинг аслини ҳам, заҳрини ҳам тортиб кўрдим. Хасислар ва карамлар етказган яра ва берган малҳамни кўнглим таг-туги билан сезгандирман. Замон аҳлидан баъзи ҳамсуҳбатлар ва давр кишиларидан айрим дўстлар бу ҳоллардан хабарсиз ва кўнгиллари бу яхшилик ва ёмонликлардан асарсиздир...
Бу хилдаги ҳамсуҳбат ва дўстларни хабардор қилмоқ ва бу ҳоллардан огоҳлантирмоқ лозим кўринадики, ҳар тоифанинг хислатларидан маълумотлари ва ҳар табақанинг аҳволидин билимлари бўлсин, кейин муносиб кишилар хизматига югурсинлар ва номуносиб одамлар суҳбатидан тортинишни зарур билсинлар ва барча одамлар билан махфий сирлардан сўз очмасинлар. Шайтон сифатлар ҳийла ва алдовларига ўйинчоқ бўлиб қолмасинлар. Кимки ҳар хил кишилар билан суҳбатлашиш ва яқинлашишни ҳавас қилса, бу борада каминанинг тажрибаси ёшлар учун етарлидир”1.
Асар уч қисмдан иборат. Алишер Навоийнинг ўзи таъкидлаганидек, асарнинг биринчи қисмида турли тоифага мансуб одамларнинг феъл-атворлари; иккинчи қисмида яхши хислатлар ва ёмон феъллар, уларнинг ўзига хос жиҳатлари; учинчи қисмида эса яхши феъл ва хислатлар, инсонда уларни шакллантиришга оид қарашлар баён этилади.
Аллома мазкур асарда кишиларни муносиб ва номуносиб кишилар тарзида икки тоифага ажратади. Ҳар бир инсоннинг ҳаётда учрайдиган номуносиб кишиларни яхши хулқли инсонлардан ажрата олиш лаёқатига эга бўлиши муҳим эканлиги, ёмон хислатларга эга кишилар билан муносабатда бўлишдан сақланиш лозимлигини уқтириб ўтар экан, бу борада “Маҳбуб ул-қулуб” асари ёрдамидан фойдаланиш фойдадан ҳоли бўлмаслигини таъкидлайди. Мазкур ҳолат Алишер Навоийнинг шахсий ҳаётий тажрибалари асосида ёшларни комил инсон бўлиб вояга етишишга ундашишидан далолат беради. Мутафаккир ёшларнинг асар мазмунида ўз ифодасини топган ҳаёт сабоқларидан ўзлари учун тегишли хулосаларни чиқариб олишларига умид билдиради.
Алишер Навоий илм-фаннинг инсон камолотидаги ўрни, билимларни ўрганиш асосида ҳосил бўлган ақл ва идрокнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳамда ақлий тарбия ва унинг моҳиятини ёритишга алоҳида эътибор қаратади. Аллома инсонга хос бўлган маънавий-ахлоқий хислатлари хусусида сўз юритади ҳамда мазкур сифатларнинг ҳар бирига тўлақонли таъриф бериб ўтади. Қаноат, сабр, тавозе (адаб), ўзгаларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлиш, ишқда вафодорлик, саховат, ҳиммат, карам, мурувват, юмшоқ кўнгиллик (ҳилм) каби хислатларни ижобий фазилатлар сирасига киритади ва уларнинг ҳар бирига таъриф берганидан сўнг танбеҳ ва ҳикоятлар воситасида шахсий қарашларини далиллар билан тўлдиради. Асарда, шунингдек, ахлоқий фазилатларнинг антоними ҳисобланган салбий иллатлар ва улардан қутулиш йўллари ҳам баён этилган.
Мутафаккир ахлоқлиликнинг энг муҳим мезони одоб деб ҳисоблайди. Одобли, ахлоқли бўлиш инсонга атрофдаги кишилар ўртасида муайян мавқе ҳамда ҳурматга сазовор бўлишга ёрдам беради. Одобга эга бўлишнинг инсон ҳаётидаги ролини кўрсатиб берар экан, Алишер Навоий шундай фикрларни ифода этади: “Адаб кичик ёшдагиларни улуғлар дуосига сазовор этади ва у дуо баракати билан умрбод баҳраманд бўлади. Адаб, кичкиналар меҳрини улуғлар кўнглига солади ва у муҳаббат кўнгилда абадий қолади.
Ёшларни кўзга улуғ кўрсатади. Уларнинг юриш-туришини халқ улуғвор билади. Ўзига қарши халқ томонидан бўладиган ҳурматсизлик эшигини боғлайди ва кишини ҳазил-мазахдан ва камситилишидан сақлайди. Киши табиатини инсонлик йўлига солади ва одам мижозига одамгарчилик манзилида ором беради. Кичикларга ундан мунча натижа ҳосил бўлгач, катталарга аллақачон бўлишини кўрарсан.
Адабдан муҳаббатга безак ва пардоз етади, адаб таркидан дўстликнинг равнақ ва баҳоси кетади. Адаб ва тавозуъ дўстлик кўзгусини ярқиратади, икки томондан ёруғлик етказади.
Тазозуъли ва адаблиларга таъзим ва ҳурмат етади ва у уруғни эккан бу қимматбаҳо ҳосилни тўплаб олади. Халқ муомаласида яхши ахлоқнинг бошланғичи шу хислатлар ва бу хислат қаттиқ ўрнашса, муҳаббатга халал етиши маҳолдир. Агар ҳар икки томонда яхши хулқ бўлса, адаби ва тавозуъ эвазига таъзим пайдо бўлади”1.
Демак, яхши хулқнинг асоси бўлган одоб Алишер Навоийнинг талқинида барча инсоний хислатларнинг бош бўғини саналади. ғаноат, сабр, тавозе, ишқ, вафо, саховат, ҳиммат, карам, мурувват, ҳилм (юмшоқ кўнгиллик) каби ижобий фазилатларнинг одобли, ахлоқли кишилар қиёфасидагина намоён бўлишига урғу бериб ўтади. Мутафаккир инсонга хос бўлган маънавий-ахлоқий хислатлар хусусидаги фикрларини уларнинг ҳар бирига тўлақонли таъриф бериш асосида давом эттиради. Чунончи, “қаноат – булоқдир – суви олган билан қуримайди. Хазинадир – нақдинаси сочилгани билан камаймайдир. Экинзордир – уруғи иззат ва шавкат меваси берадир. Дарахтдир – шохи тортинчоқлик ва ҳурмат меваси еткизади.
Кимки, қаноатга одатланса, шоҳ ва гадой борди-келдисидан озод бўлади қаноат қўрғондир, у ерга кирсанг нафс ёмонлигидан қутуларсан, тоғликлардир – у ерга чиқсанг душман ва дўстга қарамликдан халос бўларсан; тубанлашишдир – натижаси юксаклик; зориқишликдир – фойдаси эҳтиёткорлик уруғининг меваси фаровонлик”1.
Алишер Навоий қаноатни тўлдирувчи инсоний фазилатлар сабр, сахийлик, карам, мурувват, ҳиммат эканлиги таъкидлаб ўтади. Мазкур хислатларнинг бир-бирига яқинлиги ҳамда уларни инсоннинг обрў-эътиборини юксак даражага кўтаришга хизмат қилувчи хислатлар саналишини айтиб ўтади. Айни ўринда сабр деб аталувчи хислатга шундай таъриф беради: “Сабр аччиқдир – аммо фойда берувчи, қаттиқдир – аммо зарарни даф этувчи. Сабр шодликлар калитидир ва бандлар очқичидир.
У ўртоқдир – суҳбати зериктирарли, аммо мақсадга олиб борувчи; у улфатдир – умиди узун, аммо охири истакка элтувчи.
Уловдир – юриши тахир, аммо манзилга етказувчи; туядир – қадами оғир, лекин бекатга туширгувчи.
Аччиқ сўзли насиҳатчидай табиат ундан олинади, лекин заминида мақсад ҳосил бўлади. Бадхўр дори берувчи табибдай касал ундан қийналади, аммо сўнгида соғлиқ юз беради”2.
Асарда сахийлик сифатига эса инсонийликнинг ҳақиқий мезони дея таъриф берилади. Алишер Навоийнинг талқинича, сахийлик, саховат одамларнинг мушкулини осон қилиш мақсадида уларга бериладиган миннатсиз ёрдамдир. Аллома инсонларни бир-бирларига нисбатан саховат кўрсатишга даъват этади. Ҳимматлилик, мурувват, карам каби хислатлар эса саховатнинг таркибий қисмлари ҳисобланади. Ушбу фазилатларга таъриф берар экан, мутафаккир қуйидаги фикрларни қайд этади: “Сахийлик (қўли очиқлик) кишилик боғининг ҳосилдор дарахтидир, балки у дарахтнинг ширин мевасидир, одамгарчилик ўлкасининг тўлқинли дарёси, балки у тўлқин дарёсининг асл гавҳаридир. Яхшилик, карам – бир жабрланганнинг қаттиқчилик юкини кўтармоқ ва уни ўша қийинчиликлардан қутқармоқдир. Карам бировнинг машаққат тикани оғирлигини кўтармоқ ва тикан учидан гулдек очилмоқ ва ўша қилинган ишни қайтиб тилга келтирмаслик, оғзига олмаслик, кишига миннат қилмаслик ва унинг юзига солмаслик”2. “Мурувват карамнинг уруғ-авлоди, эгизак қариндоши, кимки бу хислатларга эга бўлса иззат ва ҳурматга сазовор бўлади” каби фикрлар асосида эса мурувват деб аталувчи хислатга таъриф берилади. Алишер Навоий карам ва мурувват сифатларини ота-онага қиёсласа, вафо ва ҳаёни эса эгизак фарзандлардир дея таъкидлайди.
Бироқ аллома ҳар қандай кўринишдаги эҳсонни ҳам сахийлик деб тушунмайди. Саховат кўрсатяпман деб исрофгарчиликка йўл қўйишни, кўрсатган ёрдамини таъкидлаб кўрсатиш ва миннат қилиш ҳолатини қоралайди. Алишер Навоий саховат ва ҳиммат каби сифатларга таъриф берар экан, уларнинг маъносини кенг доирада очиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Шу боис уларни ижтимоий муносабатлар даражасида ёритади. Яъни, уларни, энг аввало, ахлоқий-дидактик қоидалар ҳамда жамият равнақини таъминловчи воситалардан бири деб ҳисобласа, иккинчидан, ушбу хислатларга таъриф бериш орқали ёмон фазилатларга эга одамларни қоралайди.
Мутафаккирнинг фикрларига кўра, қаноат – шараф ва иззатнинг тантанасидир, молу давлатга эга, бироқ таъмагир бўлган инсонларни хор ва пасткаш кишилар дея ҳисоблайди.
Асар мазмунида Алишер Навоий ёшликнинг қадрига етиш, энг яхши хислатларни ўзида таркиб топтириш, нафс истагидан ўзини тийиш йўлида олиб борилаётган хатти-ҳаракатларни улуғлайди. Такаббурлик, манманлик, фақат ўз фойдасини кўзлаб иш юритиш, ҳасад, ғийбат, ёлғончилик, нодонлик, жоҳиллик, иккиюзламачилик, таъмагирлик, шошмашошарлик, бачканалик, пала-партишлик, фисқи-фасод юритиш, ялқовлик, ҳаромдан ҳазар қилмаслик каби иллатларни қоралаб, улардан халос бўлиш йўллари борасида ҳам сўз юритади.
Аллома томонидан яратилган қуйидаги рубоий ёмон иллатларга эга инсон бошига турли фалокатлар ёғилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳ этади:
Уч феъл кишига эрур қотил,
қотиллик аро заҳри ҳалоҳил охир.
Бухл англа бирин, бирин ҳаво бир охир,
қил ужбни ҳам аларга дохил охир3.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий ўзининг бадиий асарлари билан бир қаторда таълимий-ахлоқий асарларида ҳам ўзи орзу этган етук инсон қиёфасини яратади ва комил инсонга хос бўлган ахлоқий фазилатлар сирасига қаноат, саховат, ҳиммат, мурувват, вафо, тўғрилик, ҳилм, тавозеъ, адаб ва ҳоказо хислатларни киритади. Мазкур хислатлар таркиб топган инсон ўзгаларга нисбатан ёмонлик ва разиллик қилмаслиги, шунингдек, баркамол инсонларнинг баõт-саодатга эришишлари ва улар яшайдиган жамиятнинг ҳар жиҳатдан равнақ топиши шубҳасиз эканлигини таъкидлайди.
Алишер Навоий асарларида тасвирланган бадиий қаҳрамонлар – Фарҳод, Қайс ва Искандар образларида жисмоний етуклик ҳамда ахлоқий камолот ўз ифодасини топгандир. Инсоннинг соғлом, бақувват ва ахлоқли бўлиб етишиши хусусидаги ўгитлар алломанинг дидактик-ахлоқий мазмунидаги асарларида марказий ўринни эгаллаган.
Аллома томонидан яратилган аксарият асарларда йигит киши ёшлигиданоқ ўзлаштириши шарт бўлган ҳарбий-жисмоний фазилатлар борасидаги фикрлар илгари сурилар экан, ёшларда мазкур фазилатларни тарбиялаш йўллари кўрсатиб берилади. Алишер Навоий ҳам бошқа мутафаккирлар сингари ҳар бир йигитнинг қуйидаги фазилатларни ўрганиши муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтади: камондан ота олиш – мерганлик, қиличбозлик, сувда сузиш, кураш туша олиш. Мутафаккир асарларида бош образ сифатида талқин этилган қаҳрамонлар ўзларида ана шу хислатларни таркиб топтиришга муваффақ бўла олгандирлар. Хусусан, Фарҳод, Баҳром ҳамда Искандарлар чавандоз, енгилмас баҳодир ва моҳир мерган бўлиб етишгандирлар. Уларнинг жисмоний камолотга эришиш жараёнларини ёритишга хизмат қилувчи лавҳалар “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр” ва “Садди Искандарий” каби достонларда ўз ифодасини топган. “Сабъаи сайёр” достонида асар қаҳрамони Баҳромнинг моҳир мерган эканлигини ифодаловчи шундай лавҳа мавжуд: Дилоромнинг истаги билан шоҳ Баҳром овга чиқади. Ов чоғида у камондан ўқ отиб, бир кийикнинг аввал икки оёғини жуфтлайди, кейин эса иккинчи ўқ билан кийикни бўғзига ўқ отиб, бўғизлайди. Лавҳа тасвирланган ҳолат Баҳромнинг нақадар уста мерган эканлигидан далолат беради.
Бизга яхши маълумки, аждодларимиз ҳар бир йигитнинг ҳарбий-жисмоний маҳоратни пухта ўзлаштиришига алоҳида эътибор бериб келганлар. Мерганлик, сувда сузиш, қиличбозлик, шунингдек, кураш туша олиш сирлари ёш, ўктам йигитларга бу борада чуқур билим ҳамда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган мураббийлар томонидан ўргатилган. Юқорида қайд этилган фазилатларни ўзида намоён эта олган йигитларда мардлик, жасурлик ва қаҳрамонлик каби хислатлар қарор топган. Мавжуд анъанага мувофиқ Алишер Навоий ҳам ўзининг бадиий ҳамда таълимий-ахлоқий асарларида ёшларда ушбу хислатларни тарбиялаш катта ижтимоий аҳамиятга ҳам эга эканлигини таъкидлаб ўтади.
Алишер Навоий билим олиш жараёнида барча фанлар асосларини чуқур ўрганиш мақсадга мувофиқдир деб ҳисоблайди. Шу боис аллома турли фанлар йўналишларида етук билимларга эга ва халқ ўртасида алоҳида ҳурмат-эътиборга эга бўлган олиму фозилларни йиғиб, уларнинг ёрдами билан илм-фаннинг ривожини таъминлашга эътиборни қаратади Ана шу мақсад йўлида Самарқандда ўзининг шахсий маблағи эвазига “Ихлосия” мадрасасини барпо этади ҳамда унинг ёнида мактаб очади. Мадраса ва мактаб фаолиятини шахсий маблағи ҳисобига йўлга қўяди. Мадрасада ўзига хос тартиб-қоидаларга мувофиқ фаолият юритилган. Талабалардан мавжуд тартиб-қоидага қатъий риоя қилиш талаб этилган. Шунингдек, талабанинг илм-фан сирларини мустақил равишда ёки етук илм соҳибларининг таълими асосида ўзлаштиришларига ижозат берилган.
Алишер Навоий ўз асарларида илм-фан асосларини пухта ўзлаштирган кишиларни улардан амалий фаолиятда самарали фойдаланишга ундайди. Хусусан, у “Маҳбуб ул-қулуб” асарида илм ўқиб уни ишлатмаган киши уруғ сочиб ҳосилидан баҳра олмаган кишига қиёсланишини айтиб ўтади.
Аллома томонидан яратилган асарларда комил инсонни тарбиялаб вояга етказишнинг услуб, восита ва усуллари юзасидан ҳам сўз юритилади. Алишер Навоий бола тарбияси билан оила ҳамда мактабда шуғулланиш, шунингдек, бола тарбиясини олиб бориш жараёнида намуна услубидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлигига алоҳида урғу беради. Тарбия ва таълим ишлари ўқитувчи ҳамда ота-оналар томонидан олиб борилиши лозим. Мутафаккир болалар билан муносабатда бўлиш чоғида улар томонидан йўл қўйилган хатоликларни бартараф этишда уларга жисмоний жазо беришдан сақланиш, аксинча, хушмуомалалик билан йўл қўйилган хатоларнинг моҳиятини уларга тушунтириш зарурлигини, бироқ бу ўринда маълум меъёрга амал қилиш зарурлигини айтади. Алишер Навоий ўқитувчининг, айниқса, талабчан бўлиши болаларнинг пухта билим олишлари ва уларда ахлоқий сифатларнинг шаклланишига муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Аллома маълум фан асослари ёки муайян касб-ҳунар сирларини ўрганишга лаёқатли, истеъдодли болаларни тарбиялашга алоҳида аҳамият бериш жамият учун катта фойда келтиради, қобилиятсизни тарбиялашга уриниш бефойдадир, деган хулосага келади ва бу ўринда қуйидагиларни баён этади: “ғобилиятлини тарбия қилмаслик зулмдир, қобилиятсизга тарбия ҳайф. Уни тарбия қилмаслик билан нобуд қилма, бунга тарбиятингни нобуд қилма”1.
Алишер Навоий асарларида замонавий педагогика фани асослари қаторида муҳим ўрин тутувчи омил ўз-ўзини тарбиялаш масаласининг моҳияти ҳам ёритилади. Бу борада билдирилган фикр мазмунига кўра, боланинг ўзи йўл қўйган хато ва камчиликларини ўзи англаб олиши ҳамда уларни бартараф этиш учун имконият яратиш зарур. Мутафаккирнинг эътироф этишича, кимки бу борада яратилган имкониятдан тўғри фойдаланса, ўз хатосини англай олади ва уни бартараф этишга ҳаракат қилади, кимки йўл қўйилган хатони англаш ва уни тўғрилашга ҳаракат қилиш ўрнига турли баҳоналарни рўкач қилаверса, хатолари сонининг яна биттага ошиши учун шахсан ўзи шароит яратади. Келтираётган баҳонаси қанча кўп бўлса, унинг янглишиши, хатоси шунчалик катта кўринади, камчиликнинг мавжуд эканлигини кўрсатган киши билан тортишиш қанча кучли бўлса, эл олдида унинг обрўси шунчалик пасаяди. Қуйида келтирувчи тўртлик ана шу мазмунни ифода этади:
Хатоға тадорик недур бехилоф,
Аён қилмоқ ўз саҳвига эътироф.
Вагар қилса саҳвиға ижро даил,
Ки яхшидур айлар ики анча бил2.
Мутафаккирнинг илм олиш йўллари хусусидаги қарашлари ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Алишер Навоий билимларни тинмай, узлуксиз ўрганиш зарур, дейди. Бу йўлда дуч келадиган ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтиш мумкин деб ҳисоблайди. Аниқ ҳаётий мақсадни белгилаб олган ҳолда ана шу мақсадни рўёбга чиқиши йўлида қунт билан ишлаш, тиришқоқлик билан ҳаракат қилиш, изчиллик фаолият олиб бориш, бу йўналишда олиб борилаётган ҳаракатни охирига етказишда чидамли, матонатли ва саботли бўлишни маслаҳат беради.
Юқорида баён этилган фикрлар мазмунидан англанадики, аллома ўз даврида илм олиш тамойилларини тўғри кўрсатиб, шунингдек, таълим тизими моҳиятини ҳам ёритиб бера олган. Алишер Навоий томонидан асосланган таълим тизими ўзида қуйидагиларни акс эттиради:
а) мактаб ёки мадрасада таҳсил олиш;
б) олим, ҳунарманд ёки санъаткорларга шогирд тушиш асосида таълим олиш;
в) мустақил равишда илм ўрганиш.
Ёшларга чуқур билим ҳамда ахлоқий тарбия беришда муаллимларнинг роли беқиёсдир. Муаллимлик фаолиятини олиб бориш ўта масъулиятли ва шарафли, айни вақтда мураккаб иш саналади. Ушбу фаолиятни самарали йўлга қўйиш мударрис ҳамда устоз-мураббийларнинг муайян талабларга тўлақонли жавоб бера олишларига боғлиқ. Энг муҳим талаб - уларнинг чуқур билим ва юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлишларидир. Ҳқитувчининг самарали ўқиш (таълим бериш) йўллари ва уларнинг моҳиятидан хабардор бўлиши ҳам ниҳоятда муҳим. Алишер Навоий мазкур фикрларни илгари сурар экан, нодон, мутаассиб ҳамда жоҳил муаллимлар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилади. Хусусан, “Маҳбуб-ул-қулуб” асарида мактабдорлар ва уларнинг фаолиятлари мазмуни хусусида тўхталиб ўтар экан, ўқитувчи меҳнати, шунингдек, мураббийлик ҳаққини холисона баҳолайди, бироқ шу ўринда уларнинг қаттиққўл, жоҳил ва таъмагир бўлишларини қоралайди:
“Унинг иши одам қўлидан келмас, одам эмас, балки дев ҳам қила билмас. Бир кучли киши бир ёш болани сақлашдан ожизлик қиларди. У эса бир тўда болага илм ва адаб ўргатади, кўрким, бунга нима етсин. Шуниси ҳам борки, у тўдада фаҳм-фаросати озлар бўлади, ундан кишига юзларча машаққат келса қандай бўлади. Ҳар қандай бўлса ҳам, ёш болаларга унинг ҳаққи кўпдир, агар шогирд подшоҳликка эришса ҳам унга (муаллимга) қуллук қилса арзийди.”
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”.
Айни ўринда ҳар бир ёшнинг ақлий ва жисмоний камолотга етишида илм-фан ва тарбиянинг аҳамиятини кўрсатиб бериш билан бирга жамият тараққиётининг таъминланишида асосий ролни ўйновчи илм аҳли, олиму фозилларга нисбатан ҳурмат кўрсатиш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш масалаларига ҳам эътиборни қаратади.
Мутафаккир ўқитувчининг ҳурматини қай даражада юқори баҳоласа, унинг шахси ва фаолиятига нисбатан талабни шу даражада оширади. Айниқса, мадраса мударрисларининг билимли, фозил, доно, камтар ва маънавий жиҳатдан пок бўлишларини талаб этади. Бу борадаги қарашларини қуйидагича ифода этади: “Мударрис (дарс берувчи) керакки, ғарази мансаб бўлмаса ва билмас илмни айтишга уринмаса, манманлик учун дарс беришга ҳавас кўргизмаса ва олғирлик учун гап-сўз ва ғавғо юргизмаса, нодонликдан салласи катта ва печи узун бўлмаса, гердайиш учун мадраса айвони боши унга ўрин бўлмаса. Ярамасликлардан қўрқса ва нодонликдан қочса, наинки: ўзини олим билиб, неча нодонга турли хил фисқ ишларни мумкин, балки ҳалол қилса: ишларни қилмоқ ундан содир бўлса ва қилар ишларни қилмаслик унга қоида ва одат бўлиб қолса. Бу мударрис эмасдир, ёмон одатни тарқатувчидир”.
Алишер Навоийнинг таълимий-ахлоқий асарлари мазмунида ўз ифодасини топган аксарият ҳикматли фикрлар асрлар давомида инсоний муносабатлар жараёнида такрор-такрор қўлланилиб келиши натижасида мақолларга айлангандир. Чунончи:
Дардлик кўнгил – шуълалик чироқ,
Ёшлик кўз – булоқ.
Туяқушга юк ортиб кўчиб бўлмас.
Ўт иши қовурмоқ,
Ел иши совурмоқ.
Ошнинг таъми туз билан,
Кишининг яхшилиги сўз билан.
Соғлик тиласанг, кўп ема,
Иззат тиласанг кўп дема.
Таъмагирдан яхшилик тилама,
Гадойдан ақча сўрама.
Бахилнинг омонатни асраши ажаб,
Вафодорнинг хиёнат қилиши ажаб.
Бузуқидан ҳаё тилама,
Золимдан шафқат тилама.
Do'stlaringiz bilan baham: |