20. Алишер Навоийнинг мактаб ва мадрасаларни ташкил этиш ва ривожлантиришдаги фаолияти.
Алишер Навоий. Ҳаёти ва фаолияти (1441-1501)
Ўзбек адабиётининг асосчиси, шеърият мулкининг султони, маърифатпарвар шоир, давлат арбоби Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Ҳирот шаҳрида туғилган. Ёш Алишер фавқулодда истеъдод эгаси бўлиб, истеъдодининг дастлабки кўринишлари у уч-тўрт ёшга тўлган вақтлардаёқ намоён бўла бошлаган. Шу вақтда у Фариддин Атторнинг “Мантиқ-ут-тайр” асарини ёд олади.
Алишердаги илм ўрганишга бўлган кучли қизиқиш ҳамда иштиёқни ўз вақтида англаган ота-онаси уни 1445 йилда мактабга берадилар. Мактабда таҳсил олаётган чоғларида ўтмиш мутафаккирлари ва ўз замонасининг забардаст шоирларининг ижодлари билан яқиндан танишади. Мазкур даврда бадиий мавжуд асарлар мазмунини ўқиб-ўрганиш билан кифояланиб қолмай, 10-12 ёшидаёқ мустақил равишда шеърлар ёза бошлайди. Ёш Алишер томонидан яратилган шеърий мисралар ўзида юксак бадиий ва фалсафий ғояларни акс эттирар эди. Чунончи, унинг устози Лутфийга ўқиб берган қуйидаги мисралари бугунги кунга қадар шеърият ихлосмандларининг ҳайратига сазовор бўлиб келмоқда:
Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлгач қуёш.
Қомусий билимларни чуқур ўзлаштирган Алишер Навоий халқ орасида ҳурмат-эътибор қозонади. Болаликда бирга улғайган дўсти султон Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийнинг истеъдоди, билими ҳамда ҳаётий қарашларини юксак қадрлаган ҳолда уни ўзига вазир этиб тайинлайди. Давлат арбоби сифатида фаолият олиб борган Алишер Навоий фан ва санъатнинг турли соҳалари: адабиёт, тарих, тил билимлари, мусиқа, ҳаттотлик, тасвирий санъат ҳамда меъморчиликнинг ривожи йўлида амалий ҳаракатларни олиб бориш билан бирга ёшларга таълим ва тарбия бериш масалаларига ҳам алоҳида диққат-эътибор қаратди. Улуғ мутафаккир ўзининг “Хамса”, “Маҳбуб-ул-қулуб”, “Муножот”, “Вақфия”, “Мажолис-ун-нафоис”, “Муҳокамат-ул-луғатайин”, шунингдек, Абдураҳмон Жомийнинг “Арбаъин” номли асарининг таржимаси сифатида яратилган “Чиҳил ҳадис” (“ғирқ ҳадис”) каби асарларида таълим-тарбия масалаларига оид қарашларини ифода этади.
Алишер Навоий ўз асарларида комил инсон образларини яратиб, улар қиёфасида намоён бўлувчи маънавий-ахлоқий сифатларни улуғлаган бўлса, таълимий-ахлоқий муаммоларни ёритувчи асарларида эса комил инсонни шакллантириш жараёнининг мазмуни, ушбу жараённинг ўзига хос жиҳатлари, йўллари, шакл ва усуллари борасидаги мулоҳазаларни баён этади.
Алишер Навоийнинг таълимий-ахлоқий қарашлари, шу жумладан, комил инсонни шакллантириш концепциясининг мазмунини ўрганиш муайян даврларда долзарблик касб этган. Шу боис бу йўлда бир қатор тадқиқот ишлари олиб борилган. Хусусан, навоийшунос олимлар О.Шарафиддинов, И.Султонов, А.Ҳайитметов, Н.Маллаев, Т.Жалолов, В.Зоҳидов ва С.Ғаниева ва бошқалар томонидан самарали равишда олиб борилган тадқиқотлар шулар жумласидан саналади.
Аллома томонидан яратилган асарлар мазмунидан англанадики, уларда илгари сурилган қарашларнинг марказида инсон ва унинг камолотини таъминлаш ғояси туради. Мазкур ўринда навоийшунос олим В. Зоҳидов қуйидаги фикрни ифода этади: “Навоий ижоди ҳамда амалий фаолиятининг энг асосий, марказий масаласи, йўналиш нуқтаси ҳар нарсадан олдин инсон, унинг тақдири, бахти, саодати, унинг яхши яшаши, бу учун зарур жамият масалаларидир”.
Do'stlaringiz bilan baham: |