1.4. Меҳнатни муҳофаза қилиш назорати
Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёри, шунингдек меҳнат қилиш қонуниятларининг бажарилишини таъминловчи умумий ва махсус давлат назорат ташкилотлари мавжуд.
Меҳнатни муҳофаза қилишдаги давлат бошқаруви - бу меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш бўлиб, улар қуйидагилардир:
- давлат органларининг махсус вакиллари томонидан белгиланган инспекциялар;
- касаба уюшмалари ҳамда улардаги меҳнат ҳуқуқи ва техника бўйича инспекциялар.
Давлат органи сифатида меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назорат прокуратура томонидан амалга оширилади. Прокуратура ходимлари қонунларга риоя қилинаётганликни меҳнаткашларнинг арзлари асосида ёки корхона ва айрим шахсларнинг хабарлари асосида, мехнатни муҳофаза қилиш талаблари тўла бажарилаётганлигини текшириш йўли билан амалга оширадилар.
Прокуратура умумий назорат тартибида текшириш натижаларидан корхона раҳбар ходимларини хабардор этади ва меҳнат қилиш қоидаси бузилишини тезда бартараф этишни талаб қилади ва раҳбар ходимларга маъмурий чора кўрилишини сўраб юқори раҳбар ходимларга мурожаат этади. Агар жиноят содир бўлганлиги аниқланса, раҳбар ходимларни жиноий жавобгарликка тортади. Ўлим содир бўлган оғир бахтсиз ходисага учраган ҳолатларда прокуратура мустақил текшириш ўтказади.
Меҳнат қонуниятлари бузилмаслигининг умумий назоратини меҳнаткашлар депутатлари кенгаши ва уларнинг ижроия қўмиталари ҳам амалга оширади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича махсус давлат назорати ташкилотларига қуйидагилар киради:
1. Касаба уюшмасининг техник назорати.
2. Санитария назорати.
3. Энергетика назорати.
4. Ёнғинга қарши кураш назорати.
5. Жамоат назорати.
Касаба уюшмасининг техник назорати. Касаба уюшмалари ва улардаги сайловга қўйиладиган давлат ҳамда хўжалик органларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатлардаги ҳуқуқлари қонун, низомлар, жамоа келишувлари ва шартномалари билан белгиланади. Ҳар бир корхонага касаба уюшмасининг техник назоратчиси бириктириб қўйилади. У корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини кузатиб турувчи давлат назоратчиси ҳисобланади. Унинг асосий вазифалари қаторига бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш ишлари корхона маъмурияти томонидан тўғри олиб борилаётганлигини кузатиб бориш, ўлим билан тугаган оғир ва бир гуруҳ кишиларнинг бахтсиз ҳодисага учраши ҳолларини текширишга қатнашиш ва текшириш материаллари бўйича бахтсиз ҳодисага айбдор бўлганлар ҳақидаги маълумотларни, айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида текшириш органларига жўнатиши ҳам киради. Касаба уюшмасининг техник назоратчиси янги ускуналар ҳамда янги корхоналарни қабул қилиш ва фойдаланиш учун топшириш давлат комиссиясининг аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, у меҳнатни муҳофаза қилиш номенклатура чора-тадбирларининг амалга оширилишини кузатиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |