ТЕРРА НУЛЛИУС (terra nullius) – бу лотинча атама бўлиб, Рим ҳуқуқидан келиб чиққан ва "ҳеч кимнинг ери" деб таржима қилинади. Ушбу атама халқаро ҳуқуқда бирор ҳудуд бошқа бир давлатнинг суверенитети остида бўлмаса ёки давлат ушбу ҳудудга бўлган ҳуқуқидан воз кечган бўлса қўлланилади.
Бу атама XVIII асрдан XX асрнинг бошларигача Европанинг мустамлакачилигида катта рол ўйнайди, чунки терра нуллиус ҳеч қандай кучга тегишли бўлмаган, аҳолиси кам бўлган ёки аборигенлар яшайдиган ер деб эълон қилинган. Бу шуни англатадики, уни исталган Европа кучи босиб олиши ва мустамлака қилиши мумкин эди.
Буюк Британиянинг Aвстралияга кўчиши 1788 йилда Янги Жанубий Уэльс мустамлакаси ташкил топгандан кейин бошланади. Терра нуллиус бўйича энг машҳур суд ишларидан бири бу Британия империясининг Австралия қитъасига даъвосининг қонунийлиги ҳақидаги мурожаати эди. Шу билан бирга, Aвстралиянинг барча туб аҳолиси Британия қонунчилигига бўйсунган Британия тожининг субъектлари деб эълон қилинади. Маҳаллий қонунлар ва урф-одатлар эса бекор қилинади.
Ушбу концепция Aвстралия қонунларида 1992 йилгача, яъни Aвстралия Олий суди терра нуллиус тушунчасини бекор қилган пайтгача давом этди. Маҳаллий аҳоли ўз қонунлари ва урф-одатлари бўйича яшаш ҳуқуқини олди. Бунинг натижасида Aвстралияда иккита ҳуқуқий тизим мавжуд бўлиб қолди: анъанавий ва инглиз-австралиялик.
ЭКОЦИД (юн. oicos - уй + лот. caedo - ўлдираман сўзларидан) – геноциднинг бир тури. Экоцид – ўсимлик ёки ҳайвонот дунёси объектларини оммавий қирғин қилиш, атмосфера ҳавоси ёки сувни заҳарлаш, шунингдек экологик фалокатга сабаб бўлувчи бошқа (жиноий) ҳаракатлар. Ушбу жиноят инсон яшаш макони сифатидаги атроф табиий муҳитга, муайян ўсимлик ёхуд ҳайвонот дунёси ёки бошқа табиат объектларининг мавжуд бўлишига таҳдид солади.
Экоцид жиноятнинг бир тури деган масала биринчи маротаба Вьетнам урушида пайдо бўлди. АҚШ ҳарбий кучлари томонидан Вьетнам ва Комбоджа ҳудудига 100 минг тоннадан ортиқ таркибида дарахтларга таъсир этувчи арборицид 2,4,5-T диоксин аралашмаси билан дефолант сепилган. Дефолантни қўллаш натижасида Вьетнамда 2 млн. гектардаги ўрмон ва 43 фоиз қишлоқ хўжалиги ерлари ишдан чиққан. Фауна олами камбағаллашган. Бу ҳарбий экоцид эди.
Мазкур жиноятни тақиқлаш юзасидан айрим давлатлар жиноят қонунчилигида махсус модданинг киритилиши техника тараққиётининг шиддат билан ўсиб бораётган ҳозирги даврида, якка шахс ҳам табиатга тиклаб бўлмайдиган даражада зарар етказишга қодир бўлган бир шароитда жуда долзарб ҳисобланади. Зеро, экоцид ҳам табиат учун, ҳам инсоният учун вайрон қилувчи ва оммавий (тиклаб бўлмайдиган) оқибатлар келтириб чиқариши билан ҳам хавфлидир. Бунга қарши оғир жавобгарлик назарда тутилган модданинг мавжудлиги эса, маълум маънода мазкур жиноятни содир этишдан тийиб турувчи мезон бўлиб хизмат қилади.
Кейинги йилларда халқаро ҳуқуқда экоцид халқаро жиноят жумласига киритилмоқда.
СТАТУТ (лот. statutum, statuo – қарор қиламан, ҳал қиламан сўзларидан; инг. statute, ordinance) – 1) ижтимоий гуруҳларни ёхуд давлат органлари ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқий ҳолатини комлекс тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг умумлаштирилган номи; 2) халқаро ташкилот фаолиятини тартибга солувчи ва унга ўз чоралари ва тартибларини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган халқаро шартномадир. Бугунги кунда мазкур тушунча нисбатан кам ва фақат илмий нуқтаи назардан қўлланилади.
Буюк Британия, АҚШ Конгресси ва бошқа бир қатор aнгло-саксон ҳуқуқий тизимига мансуб мамлакатлар парламенти қонун ҳужжатларининг номлариниши ҳам статут деб аталади. Статутда ифода этилган нормалар статут хуқуқини ташкил этиб, англо-саксон ҳукукий тизимидаги мамлакатларда умумий хуқуқ билан бир қаторда фаолият кўрсатади;
Халқаро хуқуқда кўпинча у ёки бу халқаро орган фаолияти ҳақидаги қоида бўлиб, кўп томонлама халқаро битимлар шаклида намоён бўлади. Халқаро орган статут мазкур ташкилотнинг мақсади, тузилиши ва функцияларини белгилайди (масалан, БМТ Халқаро суди Статути).
РЕСТИТУЦИЯ (лот. rеѕtіtutіо – аввалги ҳолатга қайтиш, инг. restitution) – 1) халқаро ҳуқуқда реституция бир томоннинг иккинчи томонга ноқонуний хатти-ҳаракати (мас., агрессия) туфайли келтирган зарарини, ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатгача бўлган ҳолатини қайтаришга йўналтирилган, моддий шаклдаги тўловни назарда тутади. Масалан, иккинчи жаҳон уруши давомида ҳамда ундан сўнг фашистик Германия ва унинг иттифоқчилари томонидан бошқа давлатларни босиб олиши туфайли қўлга киритган бойликлари реституция қоидалари асосида ўз эгаларига қайтариш халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ифодаланган.
Реституциянинг яна бир шакли бир давлатнинг иккинчи давлатни босиб олиши оқибатида олиб қўйган мукларини натура тариқасида қайтаришидир. Агарда айнан олиб қўйилган мулкни қайтаришнинг имкони бўлмаса, у ҳолда томонларнинг келишуви асосида шунга ўхшаш мулк кайтарилиши мумкин.
2) фуқаролик ҳуқуқида томонлар ўртасида тузилган битим ҳақиқий эмас, деб топилган тақдирда, тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши. Олинган нарсани аслича (мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт. Олинган мулкнинг иккала томонга қайтарилиши икки томонлама реституция деб номланади.
ЭКЗЕКВАТУРА (лот. exsequare – аниқлайман, бажараман) – халқаро ҳуқуқда: а) бошқа мамлакатда чиқарилган суд қарорларини ижро этиш; б) қабул қилувчи давлат ҳукумати томонидан консулнинг тан олишини тасдиқловчи ҳужжат (консуллик экзекватураси).
Консуллик экзекватураси – бу расмий ҳужжат бўлиб, у консуллик раҳбарининг ўша давлатда тан олинганлигини тасдиклайди. Ушбу ҳужжат консуллик округида консуллик функцияларини бажаришга киришишга рухсат беради.
Консуллик экзекватурасини бериш тартиби ва шакли давлатнинг ички қонунчилиги билан белгиланади. Бу ҳужжат алоҳида шаклда ёки консуллик патентида ифодаланган бўлиши мумкин. Консуллик экзекватураси давлат бошлиғи, хукумат бошлиғи ёки ташқи ишлар вазири имзоси билан мустаҳкамланади ва мухрланади. Консуллик экзекватурасининг берилиши бироз чўзиладиган бўлса, консуллик муассасаси бошлиғи ўз функцияларини бажариши учун вақтинча рухсатнома берилиши мумкин.
Консуллик муассасаси таъсис этилаётган давлат консуллик экзекватураси беришдан бош тортиши мумкин, бунинг мотив ва сабаблари кўрсатилиши талаб қилинмайди. Хусусан, Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясига кўра, экзекватура беришдан бош тортган давлат бунинг мотивини тушунтиришга мажбур эмас. Консуллик муассасаси таъсис этилаётган давлат консуллик муассасаси бошлиғининг ўз функцияларини бажаришга киришганлиги тўғрисида консуллик округ ҳукуматини дарҳол хабардор қилиши керак. Шунингдек, ушбу давлат консуллик муассасаси бошлиғининг ўз функцияларини бажариши ва тегишли имтиёзлардан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитни таъминлаб бериши лозим.
ФЕДЕРИС КАЗУСИ (лот. Casus Foederis) – халқаро ҳуқуқда иттифоқ шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш ёки коллектив ўз-ўзини ҳимоя қилиш. Масалан, федерис казуси уруш олиб бориш қоидалари тўғрисида халқаро конвенциялар ва бошқа ҳужжатларда қуролли можарода қатнашувчи давлатларнинг ўзларида ўрнатилган инсонпарварлик ҳуқуқи нормаларини кўллаш ва уларга риоя қилиш мажбуриятини белгилаш учун хизмат қилади.
Давлатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам бериш тўғрисидаги икки томонлама шартномаларда федерис казуси ушбу шартномада қатнашувчи томонлардан бирига четдан қайсидир бир давлат қуролли ҳужум қилган ҳолатда бошқа томон қуролли кучлари билан биргаликда барча воситалар орқали ёрдам кўрсатиши лозим.
1939 йил 1 сентябрда Германиянинг Полшага бостириб кириши Буюк Британия ва Франция томонидан Германияга уруш эълон қилинишига олиб келди, улар Полша билан ҳарбий иттифоқ томонидан боғланган эди.
НAТО Низомининг 5-бандида ташкилотга аъзо давлатлардан биронтасига ҳужум бўлгани тақдирда, қолган аъзоларнинг ёрдам бериш мажбурияти назарда тутилган.
Евроскептицизм (инг. euroscepticism) – Европа Иттифоқи доирасидаги интеграциявий жараёнларга нисбатан салбий муносабат, унинг келажагига ишончсизлик билдириш. У биринча марта 1971 йилда Буюк Британиянинг Европа ҳамжамиятларига қўшилиш масаласи кўтарилган пайтда яққол намоён бўлган эди.
Евроскептицизм вакиллари миллий давлатчилик манфаатларини умумевропа ва давлатлардан устувор турувчи тузилмалар манфаатларидан устун қўядилар. Евроскептицизм намоёндалари “ашаддий” ва “мўътадил” оқимларга бўлинади. Aшаддий евроскептиклар ҳар қандай кўринишдаги умумевропа ташаббусларига ва сиёсатига қарши чиқади.
Мўътадил евроскептиклар эса, Европа интеграцияси эришилган ютуқлар билан чекланиши кераклигини, янада чуқурроқ интеграциялашувга эҳтиёж йўқлигини таъкидлаш билан бирга, муайян йўналишдаги айрим сиёсатларгагина қаршилик билдиради. Масалан, ягона конституция, умумий пул бирлиги (евро), умумий мудофаа сиёсатига нисбатан норозилик шулар жумласидандир.
2014 йил майда бўлиб ўтган Европа Парламенти сайловларида евроскептик сиёсий партиялар 25 фоизга яқин ўринни қўлга киритиб, биринчи марта умумевропа сиёсатига таъсир эта оладиган куч сифатида намоён бўлди. Улар орасида Буюк Британия Мустақил партияси, Франциянинг Миллий фронт партияси, Даниянинг Халқ партияси, Грециянинг СИРИЗA партияси алоҳида ажралиб туради. Охирги пайтда ўтказилган ижтимоий сўровлар Европада евроскептик кайфиятнинг ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
ЭСТОППЕЛЬ (инг. еstoppel – рад этиш, еѕtор – эътироз билдириш ҳуқуқидан маҳрум этиш сўзидан) – шахсни ўз даъволарини асослаш учун бирон-бир фактларга таяниш ҳуқуқидан маҳрум этувчи ҳукуқий принцип. Халқаро ҳуқуқда эстоппель давлатнинг ўз халқаро даъволарини асослаш учун ҳар қандай фактлар ёки ҳолатларга асосланиш хукукидан маҳрум этилганлигини билдиради.
Эстоппельни қўллаш оқибатида давлат халқаро шартноманинг ҳақиқий эмаслиги, тўхтатилганлиги ёки тугатилганлиги ёхуд ундан чиққанлиги асосларига ҳавола қилиш ҳуқуқини йўқотиши мумкин. Эстоппель одатда давлатнинг у ёки бу масалага бўлган аввалги ва ҳозирги муносабати ўртасида жиддий фарқ бўлган ҳолларда қўлланилади. Давлатлар ўртасидаги муносабатларда эстоппельни кўллашда муайян қийинчиликлар мавжудлигига қарамай, ушбу принцип халқаро суд ва арбитраж амалиётида қўлланилмоқда.
Халкаро муносабатларда эстоппель халқаро ҳуқуқнинг давлатларнинг суверен тенглиги ва мустақиллиги, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ва давлатлар ўртасидаги муносабатларда куч ишлатиш билан кўрқитиш ёки куч ишлатишнинг тақиқланиши каби асосий принципларига риоя этилган тақдирда қўлланиши мумкин.
Халқаро суд 1962 йилда Камбоджа ва Таиланд ўртасидаги Преаҳ Виҳеа ибодатхонаси масаласи бўйича қарор қабул қилади. Суд Таиланднинг ибодатхона ҳудудидан ўтувчи давлатлар чегараси белгиланган хаританинг нотўғрилиги даъвосини рад этиб, эстоппельни қўллаган. Бунга сабаб Таиланднинг узоқ йиллар давомида сукут сақлагани ва ҳеч қандай эътироз билдирмаганлигидир.
РЕПАТРИАЦИЯ (лот. гераtrіаtіо, rе – яна, қайта + patria – ватан сўзларидан) – турли ҳолатлар оқибатида бошқа давлатга бориб қолган шахсларнинг, фуқароларнинг ўз давлатига қайтарилиши. Репатриация халқаро келишувлар усулида амалга оширилади. Репатриация фуқароликнинг ўзгариши (ўзлаштирилиши) билан боғлиқ. Репатриацияга мисоллар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
1) асирга тушган шахсларни давлат ҳокимиятининг қарорига мувофиқ ва уларни қабул қилувчи томоннинг ҳарбий асирларни қабул қилиш босқичлари ва муддатини кўрсатган ҳолда уруш тамом бўлгандан сўнг ҳарбий асирларнинг ўз ватанига қайтиб келиши. Ҳарбий асирларга эга давлатлар Уруш қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1949 йилдаги Женева конвенциясига мувофиқ асирларнинг ўз ватанларига қайтишига тўсқинлик қилмасликлари керак;
2) қочоқларнинг ўз ватанига қайтиши. Қочоклар мавжуд бўлган давлат уларнинг ўз ватанларига қайтишига тўсқинлик қилмаслиги керак, аммо қочоқ мақомига эга шахсларни, агар улар ўзлари турган давлатнинг қонунларига зид ҳаракатларни амалга оширган бўлсалар ўз ватанига зўравонлик билан қайтариб юборишлари ҳам мумкин эмас;
3) аждодлари, қариндошлари ёки ота-онаси яшаб ўтган шахслар ўзларининг тарихий ватанига қайтиб келиши. Шахсларнинг якка тартибда ўз ватанларига қайтишдан фарқли равишда, Репатриация шахсларни оммавий равишда ўз ватанларига қайтишини билдиради.
ВОСИТАЧИЛИК – халқаро ҳуқуқда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш усулларидан бири. Музокараларнинг низо томони бўлмаган учинчи субъект (давлат, давлатлар гуруҳи, ташкилот, алоҳида шахс) томонидан низолашаётган томонларнинг ҳар иккисини қониқтирадиган йўлларни топиш ва низони тинч воситалар билан тартибга солишни кўзлаб олиб борилиши.
Воситачилик низолашаётган томонларнинг сўрови, илтимоси ёки воситачининг шахсий ташаббуси билан баҳслашаётган томонларнинг розилиги асосида амалга оширилиши мумкин. Воситачилик таклифи ёки фаолиятига баҳслашаётган томонларнинг ички ишларига аралашиш амалиёти сифатида қарамаслик керак.
Низолашаётган томонларнинг музокараларида иштирок этаётган воситачи низони тинч ҳал этишнинг муқобил йўлларини кўрсатувчи ўз таклифларини илгари суриш орқали умумий келишувнинг қарор топишига ёрдам кўрсатиши лозим. Бироқ воситачи томоннинг таклифлари низолашаётган томонлар учун мажбурий ҳисобланмайди.
Воситачилик тартиби 1899 ва 1907 йиллардаги Гаага конвенциялари ва БМТ Низоми (33-модда) билан тартибга солинади. БМТ Низоми, конвенциялар ва амалдаги амалиётга кўра, воситачи низолашаётган томонларнинг илтимосига биноан, ўз ташаббуси билан ёки низога алоқадор бўлмаган кучларнинг ташаббуси билан ҳаракат қилиши мумкин.
ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ – халқаро ташкилотлар томонидан халқаро ҳуқуқ манбалари ва шартномаларида назарда тутилган халқаро мажбуриятларни бажармаслик ёки бузишдан келиб чиқадиган жавобгарлик.
Халқаро ташкилотларнинг жавобгарлиги халқаро шартномаларда ўз аксини топади. Халқаро ҳуқуқ доктринасида халқаро ташкилотлар халқаро жавобгарлик ва халқаро даъволарнинг субъекти бўлиши тан олинган.
БМТ Халқаро судининг 1949 йил 11 апрелдаги консултатив хулосасида БМТ хизмати натижасида етказилган зарарни қоплашда халқаро ташкилотлар етказилган зарар учун жавобгарлик ҳақидаги даъво билан чиқиши мумкинлиги кўрсатилган.
Халқаро ташкилотларнинг жавобгарлиги уларнинг мансабдор шахслари ва органларининг содир этган ҳуқуқбузарликлари натижасида юзага келади. Масалан, амалиётда БМТ ўз қуролли кучлари фаолияти натижасида етказилган зарар учун жавобгарликни зиммасига олган. Халқаро ташкилотларнинг моддий жавобгарлиги давлатларнинг бадаллари ҳисобидан ташкил топади.
КОЛЛИЗИОН ҲУҚУҚ (лот. collisio – тўқнашув) – турли давлатлар (ёки федерация субъектлари) ўртасидаги коллизия (бир-бирига зидлик)ларни ҳал қилувчи нормалар мажмуи. Коллизион ҳуқуқ манбалари қонунлар ва қонуности ҳужжатлари, шунингдек халқаро шартномалардан иборат бўлади.
Ҳар бир давлатнинг коллизион нормалари мажмуи унинг коллизион ҳуқуқидан иборат. Шу маънода коллизион ҳуқуқ миллий хусусиятга эга бўлади. Масалан, АҚШ, Германия, Россия ва бошқаларнинг коллизион ҳуқуқи назарда тутилиши мумкин. Коллизион ҳуқуқ халқаро хусусий ҳуқуқнинг тарихий негизи ва ўзагини ташкил этади.
Айрим давлатлар (Германия, Австрия, Швейцария, Венгрия, Польша, Чехия, Словакия, Туркия)да халқаро хусусий ҳуқуқ доирасида кенг қамровли кодекслар тузиш амалга оширилган бўлса, бошқа давлатларда халқаро хусусий ҳуқуқнинг муайян кичик тармоқлари ёки институтларига мансуб нормалар қисман кодекслаштирилган.
1928 йилги Бустаманте кодекси коллизион нормаларнинг жаҳондаги энг йирик кодекслаштирилиши ҳисобланади. Ушбу кодексда у тузилган пайтгача мавжуд бўлган халқаро хусусий ҳуқуқнинг деярли барча муҳим соҳаларидаги коллизион нормалар жамланган.
ДИПЛОМАТИК БОШПАНА (инг. diplomatic asylum) – бирон-бир шахсга, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинганда, хорижий дипломатик ваколатхона ёки консуллик ваколатхонада яшириниш имконини бериш.
Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, дипломатик ваколатхона ёки консуллик ваколатхона биноларининг дахлсизлиги, яшаб турган давлат томонидан содир этган қонунбузарликлари учун таъқиб қилинаётган шахсларга бошпана бериш ҳуқуқини бермайди.
Дипломатик ваколатхонанинг расмий фаолиятига тўғри келмайдиган мақсадларда дипломатик ваколатхона биноларидан фойдаланишни ман қилувчи тартиб 1961 йилги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясида ўз аксини топган.
Дипломатик бошпана бериш ўз характерига биноан давлатнинг ички ишларига аралашиш маъносини билдиради. Ваколатхона раҳбарининг вазифаси ўз давлати манфаатларини ҳимоя қилишдир. Бошпана бериш, қанчалик инсоний ҳаракат бўлмасин, ўзи мезбон давлатнинг ички ишларига аралашмаслиги лозим. Чунки ҳудудий суверенитет халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади.
ПРОЛОНГАЦИЯ (фр. prolongation, лот. prolongare – узайтирмоқ) – халқаро ҳуқуқда халқаро шартноманинг амал килиш муддатини узайтириш.
Халқаро шартнома муддатини узайтириш шартноманинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадидаги ҳаракат бўлиб, шартнома муддати тугагунча амалга оширилади ва шундан сўнггина шартноманинг амал қилиш муддати маълум санага қадар узайтирилади.
Халқаро шартномани пролонгация қилиш икки хил усулда амалга оширилади: шартномани маълум муддатга узайтириш тўғрисида махсус битим қабул қилиш ёки шартнома матнига пролонгацияга оид махсус қоидани киритиш. Шартнома матнида проролонгация тўғрисида меъёрлар бўлса, бундай ҳолатда халқаро шартномани узайтириш ўз-ўзидан (автоматик тарзда) амалга оширилади. Агар шартномада алоҳида ҳолат кўрсатилмаган бўлса, у шартноманинг бошланғич амал қилиш муддатига тенг муддатга ёки йил сайин узайтирилади.
Пролонгация халқаро шартнома иштирокчиларининг баённома, ноталар алмашинуви ёки бошқа шаклда расмийлаштирилган келишув асосида ёки шартномада кўрсатилган муддатда тарафларнинг бири шартномадан воз кечиш истагини билдирмаган ҳолатда ёхуд бошқа усулда амалга оширилади.
ИШОНЧ ЁРЛИҒИ (инг. credential; фр. lettre de creance) – чет мамлакатда ўзининг вакиллик хусусиятини ва аккредитациядан ўтганлигини тасдиқлаш учун элчи ва вакил даражасидаги дипломатик ваколатхона бошлиғига топшириладиган ҳужжат. Ишонч ёрлиғи дипломатик вакилни тайинловчи давлат раҳбари томонидан имзоланади ва Ташқи ишлар вазири имзоси билан бириктирилади. Ишонч ёрлиғи билан элчи ёки вакил юборилаётган мамлакат раҳбари номига мурожаат қилинади, унга тантанавор шароитда топширилади. Ишонч ёрлиғида дипломатик вакилнинг исми-шарифи, икки давлат битими асосида белгиланган унинг даражаси кўрсатилади, унинг баёнотлари ва ҳаракатларига ишонч ҳосил қилиш ҳақида илтимос таъкидланади.
1961 йилги “Дипломатик муносабатлар тўғрисида”ги Вена конвенциясига мувофиқ дипломатик вакил ишонч ёрлиғини топширган вақтдан эътиборан ёки ўзининг етиб келгани ҳақида ўша мамлакатнинг Ташқи ишлар вазирлигига хабар бергач ҳамда ёрлиқнинг тасдиқланган нусхасини тақдим қилгач, ўз вазифаларини бажаришга киришиши мумкин. Ишонч ёрлиғи матнида, одатда, давлат раҳбари дипломатик вакил этиб кимни ва қайси статусда тайинланганини қабул қилувчи давлат раҳбарига маълум қилади.
ХАЛҚАРО ДЕНГИЗ ҲУҚУҚИ – денгиз кенгликлари ҳолатини белгиловчи ва халқаро ҳуқуқ субъектлари ўртасида океанларда амалга ошириладиган фаолият муносабати билан улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ифодаловчи халқаро ҳуқуқнинг муайян қисмидир.
1960 йили БМТда денгиз хукуки бўйича II Женева конференцияси бўлиб ўтди. Унда денгиз ва балиқ овлаш зоналари кенглиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Халқаро денгиз ҳуқуқи халқаро ҳуқуқнинг энг қадимги тармоқларидан бири. Униг илдизлари қадимги даврдаёқ шакллана бошлаган эди. Чунончи, Рим билан Карфаген ўртасндаги шартномалар бўйича Карфаген ва Лациума кўлтикларида, Испания, Ливия, Сардиния қирғокларида чегаралар ва сузиш ҳолати белгиланган эди.
БМТ Бош Ассамблеяси бир қанча муҳим масалаларни ҳал қилиш учун 1970 йҳил 17 декабрда 2750 (XXV)-сон қарорни қабул қилди. Унга биноан, БМТнинг денгиз ҳуқуқи бўйича II конференцияси чақирилди. 1973 йилдан 1985 йилгача ўн битта сессия бўлиб ўтди. Натижада, денгиз ҳукуқи бўйича янги конвенция тайёрланиб, 1982 йил қабул қилинди. Халқаро денгиз ҳуқуқи ўзининг ривожланишида халқаро ҳамжамият манфаатларига тўла жавоб берувчи янги, муҳим босқичга кўтарилди.
ХАЛҚАРО КОНГРЕСС (инг. International Congress) – дипломатик амалиётда давлат бошлиқлари, Ташқи ишлар вазирлари ва дипломатик вакилларнинг муҳим сиёсий ва бошқа масалаларни ҳал этиш учун чақириладиган съезди номига нисбатан ишлатиладиган ибора.
Мазкур ибора ХVII-XVIII асларда давлат бошлиқлари (монархлар) ва дипломатлар урушдан кейинги тинчликни тиклаш ва ҳудудий муаммоларни ҳал этиш учун чақирилган съездларини номлаш учун кенг қўлланган. Масалан, Вена (1815 й.), Париж (1856 й.), Берлин (1878 й.) конгресслари.
XIX асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида мазкур атама “конференция" атамаси билан сиқиб чиқарила бошланди (1899 ва 1907 йиллардаги Гаага конференциялари, 1922-1923 йиллардаги Лозанна конференцияси ва бошқалар).
Ҳозирги вақтда халқаро конгресс атамаси кўпроқ илмий ёки ижтимоий характердаги ноҳукумат халқаро форумларга нисбатан қўлланмоқда (масалан, тинчлик тарафдорлари конгресси, халқаро ҳуқуқшунослар конгресси, врачлар конгресси ва ҳоказо).
ХАЛҚЛАР ҲУҚУҚИ (лот. juѕ dеntum) – халқаро ҳуқуқ муносабатларида халқларнинг (давлатларнинг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари нормалашган тизими. Бунда халқлар (давлатлар) шу ҳуқуқий тизимнинг субъекти ҳисобланади.
Ҳуқуқ тармоғи сифатида унинг асослари ХХ асрнинг 60-70 йилларида шакллана бошланган. Чунки, айнан шу даврларда жаҳон миқёсида колониал тизим парчаланиб, халқларнинг ўзлигини англаш жараёни авж олди. Халқлар ҳуқуқи тўғрисидаги норматив асослар мажмуи ҳозирги пайтгача тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Аммо, шу билан бирга, жаҳон миқёсида ушбу муаммоларнинг қисман бўлса-да, мувофиқлашувига таъсир қилувчи давлатлараро, минтақавий келишувлар мавжуд.
Булар 1988 йилги Осиё-Тинч океани ҳавзаси минтақаси бўйича қабул қилинган инсонлар ва халқлар ҳуқуқлари тўғрисидаги декларация; 1983 йилги АСЕАН таркибига кирувчи давлатларнинг халқлари ва ҳукуматлари ҳуқуқлари тўғрисидаги декларация; 1988 йилги инсонлар ва халқлар тўғрисидаги Тунис декларацияси; БМТнинг 1986 йилги Ривожлантириш тўғрисидаги декларацияси; Инсон ва халқлар ҳуқуқи тўғрисидаги 1981 йил Африка хартияси (бу хартиянинг асосий талаблари геноцид, ирқий камситишларга йўл қўймасликдан иборат).
Санаб ўтилган ҳужжатлар расман норматив бўлмаса-да, аммо инсон, халқлар хукуқларини поймол қилишга ўзига хос тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда.
ХАЛҚАРО НИЗО (инг. international conflict) – халқаро ҳуқуқ субъектлари ўртасида фактлар ёки ҳуқуқий масала бўйича вужудга келадиган расман эътироф этилган келишмовчилик.
Икки томонлама ёки кўп томонлама бўлиши мумкин. Давлатларнинг у ёки бу халқаро шартномани талқин этиш ёки қўлланишга доир фаолиятининг турли соҳаларида, муайян давлат жавобгарлигида юз бериши мумкин. Xалқаро низонинг ҳар бир соҳасида ўзига хос хусусиятлар мавжуд. У бирданига эмас, анча кўпроқ муддат давомида ташкил топиши мумкин. Давлатлар ўртасида ҳар қандай низонинг юзага келиши ҳали халқаро низонинг бўлишини билдирмайди.
Халқаро низо мавжудлиги фактини эътироф этиш бундай баҳсни ҳал қилиш вазифасини келтириб чиқаради. Халқаро амалиётда бир томон халқаро низо мавжуд деб, бошқа томон эса, уни йўқ деб қайд этадиган ҳоллар кўп учрайди. Бу, одатда, мамлакатларнинг ўз мавқеини заифлаштирмаслик учун қилинади. Халқаро низо халқаро Низоларни тинч йўл билан ҳал этиш принципи асосида тинчлик воситалари билан ҳал қилиниши керак.
ХАЛҚАРО ТРИБУНАЛЛАР (инг. International Tribunals) халқаро жиноятларни содир этишда айбдор бўлган жиноятчилар ва давлатларни суд қилиш учун тузиладиган халқаро органлар. Турли даврларда қуйидаги халқаро трибуналлар тузилган:
1) 1945 йилги Халқаро ҳарбий трибунал Низоми асосида ишлаган Нюренбергдаги Халқаро Ҳарбий трибунал;
2) 1946 йилда Японияда иттифоқчи бош қўмондонлар тасдиклаган низом асосида амал қилган Узоқ Шарқ учун Халқаро ҳарбий трибунал;
3) Собиқ Югославия ҳудудида 1991 йилдан бошлаб содир этилган халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши учун жавобгар шахсларни суд таъқибига олиш учун тузилган Гаагадаги Халқаро трибунал – 1993 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган Низом асосида;
4) Руанда ҳудудида содир этилган геноцид ва бошқа халқаро гуманитар ҳуқуқни жиддий бузиш ҳоллари учун жавобгар шахсларни 1994 йил 1 январдан 1994 йил 31 декабргача қўшни давлатлар ҳудудида содир этилган Руанданинг геноцид ва бошқа шу каби қонунбузарликлари учун жавобгар фуқароларни БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан 1995 йилда қабул қилинган Низом асосида суд таъқибига олиш учун тузилган Халқаро жиноят трибунали.
Интерговерментализм (Inter-gouvernmentalism – ҳукуматлараро сиёсатпарастлар) – минтақавий интеграция жараёнларини тадқиқ этувчи ғоявий мактаб. Улар интеграциявий жараёнларда давлатларнинг иродасини биринчи ўринга қўяди.
Давлатлар орасидаги ҳар қандай муаммолар давлатлардан устувор турувчи институтлар томонидан эмас, балки ҳукуматлараро музокаралар йўли билан ҳал этилиши лозим деб ҳисоблайди. ХХ асрнинг 70 йиллари ўрталарида Европа ҳамжамиятларида содир бўлган институционал инқирозлар ва асосий институтлар ҳисобланган Европа кенгаши ва Комиссиянинг “фалажланиши” давлатлардан устун турувчи тузилмаларнинг тақдири ҳали ҳам давлатларнинг ихтиёрида эканлигини кўрсатиш билан бирга интерговерментализм мактабининг мавқеи ошишига олиб келди.
Интерговерментализм мактаби ўз ичига реализм, неореализм, либерализм ва неолиберализм каби оқимларни олади. Унинг яна бир оқими бўлмиш либерал ҳукуматлараро сиёсатпарастлар мактаби интеграрациявий жараёнлар марказига давлатнигина эмас, балки ҳукуматларни қўяди ва унинг тақдирини ҳукуматлараро “олди-берди” билан боғлайди.
Либерал ҳукуматлараро сиёсатпарастлар мактаби бугунги кунда Европа Иттифоқининг келажагини халқаро ташкилот ёки қисман конфедерация сифатида кўрадиган Дания, Швеция каби евроскептик мамлакатларда катта эътибор қозонган.
ДУНАЙ КОМИССИЯСИ – 1948 йилда имзоланган ҳамда 1949 йилда кучга кирган Дунайда кема қатновининг режими тўғрисидаги Конвенсияга асосан ташкил этилган давлатлараро ташкилот.
Тўлдирувчи протоколга мувофиқ ундан олдин фаолият кўрсатган 1921 йилдаги Париж Конвенсияси асосида тузилган Европа Дунай комиссияси (ЕДК) тарқатиб юборилди. Мазкур протокол ЕДК мулкини янги тузилмага ўтказишни тартибга солди ва унинг барча мажбуриятларини бекор қилди. Кема қатнови учун белгиланган масофа Улм (Германия) ва Супина порти (Руминия)гача 2588 км.ни ташкил этади.
Дунай комиссиясининг мақсадлари қуйидагилардан иборат: кемаларнинг тинч сузиши, савдо кемаларининг қатнови, барча давлатларнинг фуқаролари ва товарлари порт ва кема тўловларини тўлаган ҳолда тенглик асосида эркин ҳаракатланиши, шунингдек, Дунайда кема қатнови учун зарур шарт-шароитларни аъзо давлатлар томонидан таъминланиши; иқтисодий ва маданий алоқаларни дарё ҳавзаси мамлакатларида ва учинчи давлатларда чуқурлаштириш.
Дунай конвенсиясига 8 та аъзо-давлат киради: Австрия, Россия, Украина, Болгария, Руминия, Венгрия, Словакия, собиқ Югославия. Дунай комиссиясининг тизимини Комиссиянинг ўзи ва унинг котибияти ташкил этади. Дунай комиссияси, аъзо-давлатлар вакилларидан иборат бўлиб, бир йилда бир маротаба учрашув ўтказади. У ўз қаторидан раис, унинг ёрдамчиси ва котибни сайлайди, уларнинг ваколат муддати уч йил. Комиссия Конвенсия нормаларининг қўлланиши жараёнини назорат қилади, иш режасининг умумий лойиҳасини тузади, харажатлар сметасини тайёрлайди ва бошқа фаолиятларни амалга оширади.
ХАЛҚАРО КОСМИК ҲУҚУҚ (International Space Law) – халқаро оммавий ҳуқуқнинг тармоғи. Халқаро космик ҳуқуқ орқали унинг субъектлари ўртасида космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш фаолияти билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинади.
Халқаро космик ҳуқуқнинг юзага келиши ва шаклланиши 1957 йилнинг 4 октябрида собиқ Совет Иттифоқида Ернинг биринчи сунъий йўлдоши учирилиши билан боғлиқ. 1967 йилда Космос тўғрисида дстлабки махсус шартнома ишлаб чиқилгунга қадар халқаро космик ҳуқуқнинг бир қатор ҳуқуқий принциплари ва нормалари таркиб топди. БМТ, хусусан, 1959 йилги Бош Ассамблеянинг Махсус органи сифатида ташкил этилган Космик фазодан тинч мақсадларда фойдаланиш қўмитаси халқаро космик ҳуқуқнинг янги нормаларини амалда ишлаб чиқиш маркази ҳисобланади.
Космик фаолиятга тааллуқли айрим одатдаги ҳуқуқий принцип ва нормалар бир овоздан қабул қилингани БМТ Бош Ассамблеяси қарорларида ўз ифодасини топди. Ривожланган ва бошқа давлатлар БМТда бир катор халқаро шартномаларни тузиш ташаббуси билан чиқиб, халқаро космик ҳуқуқни ривожлантиришга катта ҳисса қўшдилар.
Халқаро космик ҳуқуқ давлатларнинг ер ва ернинг ҳаво кенглигидаги космосни ўрганиш ва уни ўзлаштириш билан боғлиқ фаолиятларига ҳам таъсир кўрсатади. Давлатларнинг фаол иштироки ва халқларнинг тинчлик ҳамда халқаро хавфсизлик учун кураши шароитида ривожланиб бораётган халқаро космик ҳуқуқ фазони барча давлатлар учун тинчлик ва ҳамкорлик зонасига айлантиришни мақсад қилиб қўяди.
Халқаро космик ҳуқуқ космонавтларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган бир қатор тадбирларни назарда тутади. Давлатлар космосдаги фаолиятларини халқаро космик ҳуқуқнинг принциплари ҳамда норормаларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борганлиги учун халқаро жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |