БОШЛАНҒИЧ ТАЪЛИМДА НОТИҚЛИККА ЭЪТИБОР ХУСУСИДА
ЮСУБОВА Р.Н., НДПИ.
Жадал тараққиёт асрида баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш мустақил давлатимизнинг энг олий
мақсадлари қаторида туради. Баркамолликнинг юксак мезони шахснинг маънавий-интеллектуал камолот
соҳиби бўла олиши билан белгиланади. Тарихдан маълум, заминимизда ёш авлодни тарбиялаш, ундаги
истеъдодни болалигиданоқ ривожлантириш ва тафаккурини чархлаб боришнинг ибрат олса арзигулик
услублари шаклланган, улар асрлар оша сайқалланиб, миллий қадриятларимизга айланган. Инсон ақлининг
даражаси, идрокининг миқёси, тафаккурининг кўлами хатти-ҳаракатлари, интилишлари орқали рўёбга чиқар
экан, ақл-идрок, зеҳн, инсон онги ва тафаккури, қалби ва туйғулари орқали юзага келган ҳодиса сифатида
қадриятга айланади. Ана шу жиҳатдан қараганда, инсон ақл-идроки, унинг тафаккур даражаси, ҳаётий
фалсафаси жамиятни тараққий эттириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари бутун бир миллат менталитетини белгилаб
беради, унинг жаҳондаги нуфузини белгилайди. Шу маънода, мустақилликдан сўнг энг аввал таълимнинг ислоҳ
қилиниши сабаб бугунги кунда таълим сифати яхшиланиб, таълим ва тарбия муштараклигига эришилмоқда.
Маълумки, шахснинг ўткир ақл-идрок, юксак тарбия эгаси сифатида камол топтиришда бошланғич
таълим даври муҳим рол ўйнайди. Бу даврда бола учун оила ва мактаб муҳити муҳим саналади, бола мактабга
нафақат илм олиш, балки ҳаётни таниш учун келади. У аста-секинлик билан ҳаётнинг оқ ва қора рангларини
танир экан, бу рангларни оила аъзолари, ўқитувчисининг нафақат сўзларидан, балки ўзидан, атрофдан
қидиради. Илк мактабга қадам қўйган болада идрок учқунлаган бўлади, у боғча даврида шеър, қўшиқ ва
мақоллар ёдлаган, турли эртакларни тинглаган, мултфильмлар орқали томоша қилган бўлади ва табиийки,
“яхши” ва “ёмон” тушунчаси остида нималар намоён бўлишини билади ва ўз тушунчаси доирасида ифода эта
олади. Бироқ билим олишга иштиёқ ва мактаб томон ошиқиш барча болаларда ҳам бирдек бўлавермайди,
айрим болалар бутун вужуди билан мактабга талпинсалар, айрим болалар ота-она мажбурияти билан мактабга
борадилар. Биринчисида бу фаолият бевосита (қизиқиш сабаб) амалга оширилса, иккинчисида билвосита
(қизиқмаслик сабаб) амалга ошади. Болаларда ўқишга муносабатнинг турличалигига оила муҳити ҳам, мактаб
муҳити ҳам сабаб бўлиши мумкин; ота-она фарзандига ёшлигиданоқ шеър ва эртаклар ўқиб бериши ёки сўзлаб
бериши ва мактабга борганда ана шу эртак ва шеърларни ўзи ўқиб ўрганиши мумкинлигига иштиёқ, қизиқиш
уйғотиши лозим бўлади. Нафақат ўқиб ёки сўзлаб бериши, балки боладан ўқиган асар юзасидан олган
тушунчаларини сўраши, уни фикрлашга ундаши, ана шу вазиятни яратиши лозим, натижада бола нутқи ривож
топади. Унда нафақат тинглаш, балки шу аснода ўз фикрини мустақил ифода эта олиш лаёқатини қарор
топтириш лозим, бу лаёқат келажакда кўникмага айланади. Ота-онанинг бу каби саъй-ҳаракатлари боланинг
389
илм олишга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартиради. Бундай бола мустақил фикр юрита олади, унда
ўз нуқтаи назарини билдириш малакаси шаклланади. Савол туғилади, эндигина мактаб остонасига қадам
қўйган болани ўқитишда ўқитувчи зиммасидаги энг муҳим вазифа нима саналади? Бошланғич таълим
ўқитувчиси зиммасида ўқувчи ва ўқитувчи ҳамкорлигининг тўғри йўлга қўйилишига эришиш энг муҳим вазифа
саналади. У боланинг ёш ҳисобини, оилавий муҳитини, табиатини, ўзлаштириш даражасини ҳисобга олмоғи
зарур, чунки инсон психологияси бошланғич таълим даврида нафақат вужудга келади, балки ана шу даврда
мустаҳкам ва бақувват илдиз отади, унинг шахс сифатида шаклланиш даври айнан бошланғич таълим олиш
даврида юзага келади.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, бугунги эзгу ишларимизнинг муносиб
давомчилари этиб камолга етказиш мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишини ташкил этар
экан, шу сабабдан таълим даргоҳларида ёшларнинг чуқур билим олишлари ва келажакда бирор соҳанинг етук
эгаси бўлиб етишишлари учун турли шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу маънода, биз бугунги куннинг
билимдон ёшлари учун ғоят муҳим бўлган нотиқлик санъати ва бунинг учун дастлаб нималарга эътибор
қаратиш зарурлиги хусусида фикр юритмоқчимиз. Зеро ўз фикрини эркин, чиройли, аниқ ва қисқа тарзда
ифодалай олишнинг ўзига хос талаблари мавжуд ва бу талабларга, аввало, бошланғич таълим давридаёқ
эътибор бериш лозимдир. Нутқнинг оҳангдорлик ва таъсирчанликка асосланган бўлиши уларни қабул қилиш,
тушуниш ўқиган ёки эшитган одамнинг мушоҳада даражасига алоқадордир. Кутилган натижа эса ўша
тингловчи инсон тафаккур ва тасаввурининг меъёрига дахлдор бўлиб қолади.
Нотиқлик аслида санъатнинг энг қадимги турларидан биридир, бироқ бугунги тезкор замон ҳар бир
соҳа эгасидан ўз соҳасининг кучли нотиғи бўлишни талаб этади, тингловчиларга бирор нарса-ҳодисани
тушунтириш, исбот этиш ёки уларнинг ҳиссиётига, тушунчасига таъсир қилиш ниятида сўзланган нутқ
нотиқлик фаолиятига киради. Бу ҳодисани санъат даражасига кўтара олган ҳар бир шахс нотиқдир. Бугунги
кунда олимлар шахсий қобилиятлар тузилишида одоб, кузатувчанлик, болаларга муҳаббат, уларга нисбатан
юксак талабчанлик билан қўшиб олиб бориладиган билим беришга эҳтиёж, ташкилотчилик қобилиятлари
комплекси ва бошқаларни етакчи фазилатлар ҳисоблашса, ёрдамчи фазилатларга қуйидагиларни киритишади:
касб-корлик маҳорати, нотиқлик маълумотлари ва бошқалар. Мутлақо равшанки, шахсий қобилиятларнинг ҳам
етакчи, ҳам ёрдамчи фазилатлари таълим ва тарбиянинг муваффақиятини таъминлайдиган бирликни ҳосил
қилади ва шу билан бирга, инсон шахси ва унинг хусусиятлари билан боғланган индивидуаллаштиришни
ташкил этади. Ёки тилшуносликда тилнинг ижтимоий яшаши ва ижтимоий тараққиёт шароитини ўрганиш
натижасида юзага келган муаммоларнинг социологлар ва тилшуносларни тобора бир-бирига
яқинлаштираётганлигига сабаблардан бири нотиқлик ва айнан шунинг оқибатида юзага келаётган айрим
нуқсонлардир. Бунга мулоқот жараёнининг ўта мураккаб ва серқирра эканлигини ва худди шунинг учун ҳам
алоҳида бир фаннинг ўзи бу муаммони яхлит тадқиқ этишга ожизлик қилганлигини сабаб қилиб кўрсатиш
мумкин. Бу хусусда тилшунос олим Б.Менглиев қуйидагича мулоҳаза юритади: “...том маънодаги замонавий
таълимда тилшуносликнинг илмий масалаларига доир қоидалар кескин қисқартирилиб, унча
чуқурлаштирилмаган лингвистик маълумотлар тафаккур ва нутқ ўстириш амалиёти “сояси”да бўлиши ва унга
хизмат қилиши, ўқувчининг мияси зинҳор самарасиз лингвистик қоида ва идроки тил қурилишига доир
машқлар билан банд қилиб қўйилмаслиги мақсадга мувофиқ”. Шунинг учун таълимнинг илк босқичидаёқ ҳар
бир фан машғулотларида нотиқликка, фикрни эркин баён этишга эътиборни кучайтириш зарур. Бугун
болаларни фақат қоидалар ёдлатиш, китобдаги назарий маълумот билан чегаралаш самара бермаслиги аён
бўлди, шу сабаб ўқитишда когнитив таълим кенг тус олмоқда. Когнитив (ингл.: cогнитион – билишга оид,
идрокий) таълим ўқувчини изланиш, қиёслаш, хулоса чиқариш ва зарурини танлашга йўналтиради. Натижада
репродуктив таълимдан когнитив таълим томон силжиш, яъни билим бериш эмас, билим олишга ундаш, билим
олиш йўлларини ўргатиш билимни эгаллашнинг асосий усуллари эканлигини англаб етдик, айнан шу усуллар
когнитив таълим негизини ташкил этади. Бу ҳаракатлар ўқувчини ўз устида ишлашга, илмий тафаккурини
кенгайтиришга, мантиқий фикрлашга ва албатта, ўзлаштирган билимлари асосида нутқини ўстиришга хизмат
қилади. Шундай экан, бугунги таълим сифатини яхшилаш учун бошланғич таълим давридаёқ ўқувчини
когнитив таълим асосида ўқитиш зарур бўлади. Иккинчидан, ўқувчига билим беришда когнитив таълимга
таяниш унинг келажакда етук шахс бўлиб ўз фикрини илмий анжуманларда, оммавий чиқишларда мазмуний
яхлитлик ва мантиқий изчилликка асосланган ҳолда баён этиш малакасини эгаллашига йўл очади, чунки
мантиқий нутқ асосланган нутқ саналади ва мантиқий тафаккурни ривожлантиради. Кенг маънода, илк
ўқувчилик давридаёқ ўқувчида илмий изланишни шакллантириш келажакда ўз нутқида илмий аниқлик ва
хулосавийлик, ижодий ёрқинлик, қисқалик, ўткирлик ва ифодалиликни акс эттира олишини таъминлайди.
Бунинг учун уларнинг мактаб остонасига қадам қўйган давридан бошлаб киришиш зарур ва бу каби
хислатларни намоён эта олишларига биргина она тили ва ўқиш фани ўқитувчилари эмас, балки барча фан
ўқитувчилари бирдек масъулдирлар. Чунки она тили ва ўқиш фани ўқитувчилари зиммасида ўқувчиларнинг
она тилида сўзлаш ва ёзиш, фикрни содда, аниқ ва тушунарли ифодалаш, сўзни тўғри қўллаш асосида образли
фикрлаш, бадиий идрок этишга ўргатиш вазифаси бўлса, бошқа фан ўқитувчилари зиммасида эса ўқувчининг
шу фан билан боғлиқ илмий тафаккурини ўстиришлари ва илмий фикрларини мантиқий таҳлиллар асосида
эркин намоён этишларини шакллантириш вазифаси туради. Шундагина ўзини-ўзи бошқара оладиган, мустақил
дунёқарашга эга бўлган истеъдодли шахслар шаклланади ва улар мустақил давлатнинг ижтимоий-иқтисодий,
маънавий-маданий ва интеллектуал қудратини барпо эта оладилар.
390
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, имкониятнинг истеъдод даражасига кўтарилишида бари бир
бошланғич таълим даврининг ўрни алоҳида, шу сабаб мамлакатимизнинг бугунги одилона сиёсати, таълим
юзасидан амалга оширилаётган ишлар, изланишлар барча ёшларнинг истеъдодли бўлиш имкониятига эгалигига
қаратилган. Бир донишманд “Ҳар бир инсонда истеъдод куртаги бўлади, унинг юзага чиқиш-чиқмаслиги ўша
куртакни қандай парваришлашга боғлиқ”, деган экан. Инсон истеъдоди эса чуқур билимга эгалик
фазилатларидан бири деб қаралувчи нотиқлик орқали намоён этилади, шундай экан, бошланғич таълим
давриданоқ болада нотиқлик санъатининг шаклланишига диққат қаратиш лозимдир. Жадал тараққиёт асрига
шиддат билан кириб бораётган мустақил Ўзбекистоннинг келажагини бугундан-да юқори поғоналарга чиқиши
учун баён этилган ҳаракатларни амалга ошириш ўта муҳим саналади.
Do'stlaringiz bilan baham: |