Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари фаолиятини баҳолаш тартиби
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари фаолияти (100 баллгача) баҳоланади. Фаолият турлари қуйидаги мезонлар бўйича белгиланади :
Ўқув-тарбиявий жараённинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ташкил этилганлигини ўрганишда қуйидаги талабларнинг бажарилганлигига эътибор берилади (10 баллгача):
тиббиёт техникум ва коллежида мутахассислик бўйича тасдиқланган малака талаблари, намунавий ва ишчи ўқув режалар, ўқув режадаги барча фанлар бўйича намунавий ўқув дастурлари ва календарь-тематик режалар, барча турдаги амалиётлар бўйича намунавий ва ишчи дастурлар мавжуд бўлиши;
ишчи ўқув режа намунавий ўқув режага мувофиқ ишлаб чиқилганлиги ва малака талаблари доирасида бўлиши;
фанлар бўйича календарь-тематик режалар ҳамда амалиёт турлари бўйича ишчи дастурлар намунавий дастурларга мувофиқ ишлаб чиқилганлиги ва унга мос бўлиши.
Календарь-тематик режалар, дарс жадвали, ўқув машғулотлар журналларининг ишчи ўқув режаларига мувофиқлиги ўрганилади ва таҳлил қилинади.
Ташкилий ва бошқарув ҳужжатларининг юритилиши, ўқув-педагогик ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши ва юритилиши, йиллик иш режанинг бажарилиши ўрганилади ҳамда баҳоланади.
Таълим муассасаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг таълим-тарбия жараёнига жорий этилганлик ҳолати бўйича (10 баллгача):
Илмий-педагогик кенгашнинг йиллик иш режаси, унинг Педагогик кенгаш Низомида белгиланган асосий вазифаларга мувофиқлиги, Педагогик кенгаш қарорларининг бажарилиши тегишли баённомалар асосида расмийлаштирилганлиги таҳлил қилинади;
ўқув-тарбиявий жараёнда фойдаланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжудлиги ва таълим-тарбиявий жараёнга жорий этилганлик ҳолати ўрганилади. Жумладан, ўқувчилар қабулининг ташкил этилиши ва ўтказилиши, ўқувчиларнинг билим савияси, кўникма ва малакаларини назорат қилишнинг рейтинг тизими, дарс жадвали тузилиши, ўқув машғулотлари журналлари юритилиши таҳлил қилинади;
таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари, идора ва ташкилотлардан келган ҳужжатларнинг рўйхатга олиниши ва улар ижросининг таъминланганлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши ўрганилади.
Ўқувчиларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими) бўйича (20 баллгача):
ўқувчиларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими) комиссия томонидан ўтказилган назорат ишлари орқали баҳоланади;.
ўқувчиларнинг ўқув режасидаги фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлаш учун комиссия таълим олаётган фанларидан тест, ёзма иш, касбий амалий имтиҳон каби шаклларда назорат ишлари ўтказади.
Таълим йўналишлари учун ўқувчиларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражасини аниқлаш учун 2-курс ўқувчиларидан махсус 3, 4-блок фанларидан назорат ишларига жалб қилинади. Ҳар бир йўналиш ва мутахассисликлар учун 3 та тугалланган фанлар, ёки семестрнинг тугалланган мавзулар бўйича назорат ишлари белгиланади.
Назорат ишлари ўтказиладиган гуруҳлар комиссия томонидан қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинади.
Назорат ишларида танлаб олинган гуруҳлар ўқувчиларининг 100 фоиз қатнашиши таъминланиши зарур.
Танлаб олинган гуруҳлар бошқа гуруҳлар ўқувчилари ҳисобига тўлдирилишига йўл қўйилмайди.
Узрли сабабга кўра назорат ишида қатнашмаган ўқувчилар натижа чиқарилаётганда ҳисобга олинмайди ва ўқувчилар умумий сонидан чиқариб ташланади;
тест синовлари белгиланган тартибда амалга оширилади ва натижалари қуйидаги мезон бўйича баҳоланади: тест саволларининг 55 фоизигача тўғри жавоб берилса «қониқарсиз» баҳо, 55 фоиздан 70 фоизигача «қониқарли» баҳо, 70 фоизидан 85 фоизигача «яхши» баҳо, 85 фоиздан 100 фоизигача тўғри жавоб берилса «аъло» баҳо қўйилади.
Педагог-ўқитувчи кадрлар билан таъминланиш даражаси ва уларнинг сифат таркиби бўйича (10 баллгача):
Педагог-ўқитувчи кадрлар билан таъминланганлиги, салоҳияти, раҳбар ва педагог кадрлар лавозим вазифаларининг малака талабларига мувофиқлиги ўрганилади;
таълим йўналиши (мутахассислик) ўқув режасидаги барча фанлар ва амалиётлардан назарий ва амалий машғулотларни олиб борувчи педагог-ўқитувчилар билан тўлиқ таъминланган бўлиши зарур;
педагог-ўқитувчилар таянч маълумотининг дарс бераётган фанларига мослиги таҳлил қилинади;
илмий даражага эга, шунингдек ўқув адабиётлари нашр этган раҳбар ва педагоглар салмоғи таҳлил қилинади;
кафедралар педагогик кадрлар салоҳияти белгиланган малака талабларга мослиги аниқланади. Бунда ҳар бир кафедра бўйича ўқитувчилар таянч маълумотларининг тегишли мутахассисликка мослиги ёки уларнинг тегишли қайта тайёрлашдан ўтганлиги ёки мос ихтисослик бўйича илмий унвон, даражага, тоифага эга бўлиши таҳлил қилинади. Улар асосида кафедранинг ўқитувчилар салмоғи аниқланади. Мутахассислик кафедралари ўқитувчилар ўқув юкламаларининг тақсимоти ва уларнинг бажарилиши ўрганилади.
Таълим муассасасида нопедагог ва щрта маълумотли укитувчилар сони аниы курсатилиши лозим. Вакант соатлар ва укитувчиларга мавжуд эхтиёж аниы курсатилиши шарт.
Таълим муассасасидаги вакант иш ўринлари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ги 466-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирининг 2021 йил 26 февралдаги 103-буйруғи бўйича бажарилган ишлар. Вакант иш ўрни учун ОАВ да эълон қилиниши ва бўш иш ўринларига махсус тузилган комиссия натижасига кўра ишга қабул қилиниши холати ўрганилади.
Кафедралар ўқитувчиларининг дарслик, ўқув қўлланма ва илмий-тадқиқот ишлари натижалари нашри ва малака ошириш борасидаги фаолияти ўрганилади.
Ўқув режасидаги фанлар бўйича зарур ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, луғат, маърузалар тўплами, услубий қўлланма, электрон дарслик)нинг мавжудлиги ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) фондининг ўқув адабиётлари билан тўлдирилганлиги бўйича (10 баллгача):
таълим йўналишларининг ўқув адабиётлари (дарслик ҳамда услубий қўлланмалар) билан таъминланганлиги таҳлил қилинади. Таълим муассасасида таълим йўналиши (мутахассислик) ўқув режасидаги ҳар бир фандан камида битта номда дарслик ёки ўқув қўлланма (дарслик ва ўқув қўлланма яратилмаган фандан эса таълим муассасаси Илмий-педагогик кенгаши томонидан тавсия этилган маърузалар тўплами) мавжуд бўлиши лозим.
Таълим муассасасининг умумий китоб фонди, дарсликлар билан йуналишлар кесимида таъминланганлик даражаси, охирги 2 йилда харид қилинган адабиётлар ва ўқитувчилар томонидан яратилган ўқув услубий қўлланмалар номма ном курсатилиши шарт;
ахборот-ресурс маркази умумий фонди, унинг ўқув, услубий, сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий ва бадиий адабиётлар билан бойитилишининг динамикаси ўрганилади;
таълим муассасаларида барча таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича ўқув режалардаги фанларнинг адабиёт (дарслик ва ўқув қўлланма)лар билан таъминланганлиги таълим муассасасининг Педагогик кенгашида неча марта муҳокама қилинганлиги;
ҳар бир фандан ўқитиладиган тил бўйича шу фан бўйича ўқитиладиган ўқувчиларни сонидан келиб чиқиб асосий адабиётга (дарслик ва ўқув қўлланмага) бўлган талаб ва улар билан амалда таъминланганлик даражаси аниқланади;
таълим йўналишига оид республикада ва хорижда чоп этиладиган журналларга обуна ҳажми, қироатхонадаги ўринлар сони таҳлил қилинади.
Ахборот ресурс маркази (кутубхона)нинг компьютерлар билан таъминланганлиги, электрон кутубхона тизимининг яратилганлиги, уларга ўқув адабиётларнинг электрон версияларини юкланганлиги, компьютерларнинг интернет тармоғига уланганлари сони ва талабаларни компьютер техникасидан эркин фойдаланишига имкон яратилганлиги ўрганилади;
кутубхона ходимларининг эгаллаб турган лавозимларининг малакавий талабларга жавоб бериши, малака ошириши таҳлил қилинади.
Моддий-техник таъминот, ўқув, лаборатория ва амалиёт хоналари ҳамда устахоналарнинг жиҳозланиши, ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилганлиги, компьютерлаштириш даражаси, моддий-техник базанинг мавжуд таълим йўналишларига мослиги бўйича (10 баллгача):
компьютер синфлари мавжудлиги ва жиҳозланиши, тиббиёт техникум ва коллежларнинг компьютерлаштириш даражаси ўрганилади;
тиббиёт техникум ва коллежларида мутахассисликлар бўйича назарий ва амалий машғулотлар учун ўқув, лаборатория ва ўқув амалиёти хоналари, устахоналарининг мавжудлиги ва уларнинг жиҳозланиш даражаси ўрганилади. Мавжуд жиҳозларнинг малака талаблари ва ўқув дастури талабларини бажариш учун етарлилиги таҳлил қилинади;
охирги 2 йилда харид қилинган тиббий асбоб ускуналар, кургазмали куроллар, фантом, муляж, тренажёрлар, яратилган инновацион хоналар ва уларнинг жиҳозланиши (фото расмлар илова қилиш тавсия этилади);
ўқув-лаборатория майдонига қўйилган норма талаблари аниқланади. Бунда қуйидагилар таҳлил қилинади:
таълим муассасасининг умумий ўқув майдони, ўқув аудитория, фаоллар заллари ва бошқа турдаги фойдали майдонлар (кв.м. ҳисобида) ва уларнинг меъёр талабларига мослиги;
таълим муассасасидаги тиббиёт хонаси ва умумий овқатланиш шохобчаларининг мавжудлиги, майдони ва ўринлар сони талабларга мослиги;
ўқувчилар турар жойларининг майдони, яшаш учун мўлжалланган ўринлар сони, талабалар уйига муҳтож талабалар сони аниқланади;
таълим муассасасида спорт майдонларининг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш ҳолати ўрганилади.
Замонавий педагогик технологияларнинг ўқув жараёнида қўлланилиши бўйича (10 баллгача):
замонавий педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиш ҳолати қуйидаги асосларга кўра таҳлил қилинади:
замонавий педагогик ва ахборот технологияларга асосланган дарс усули ҳамда уларга доир тарқатма материаллар, технологик хариталарнинг мавжудлиги, уларнинг ўқув жараёнида қўлланилиши ўрганилади;
педагогик ва ахборот технологиялари бўйича малака оширган таълим йўналишидаги ўқитувчилар салмоғи, ўқув жараёнида илғор ахборот технологияларидан ва алоқа воситаларидан, жумладан, интернет тармоқларидан фойдаланиш имконини берадиган компьютерлар сони, интернет тармоғига жойлаштирилган таълим ресурслари ҳажми, замонавий педагогик ва ахборот технологияларни қўллаб ўтилган дарслар сони, ахборот-таълим ресурслари ҳажми, оралиқ ва якуний назоратларни ўтказишда компьютер тестлардан фойдаланиш салмоғи ўрганилади.
Таълимнинг ишлаб чиқариш ва фан билан интеграцияси, таълим муассасаларида васийлик кенгашларининг ташкил этилганлиги ҳамда улар фаолиятининг самараси бўйича (10 баллгача):
таълим муассасалари ишлаб чиқариш корхоналари билан тузилган шартномаларнинг бажарилиши, ўзаро ҳамкорлик асосида амалга оширилган ишлар ҳамда васийлик кенгашининг фаолияти таҳлил қилинади;
таълим муассасасининг кадрлар тайёрлаш ва биргаликдаги соҳага кириб келаётган янги технологиларни таълим жараёнига жорий этишда корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш даражаси (самарали ёки самарасиз) ўрганилади;
илғор технология соҳасида педагог кадрларнинг малакасини бевосита ишлаб чиқаришда оширилиб бориши (мунтазам ёки мунтазам эмаслиги),
таълим йўналишлари бўйича истеъмолчилар бозорининг ўрганилганлиги (маркетинг хизмати асосида), ишлаб чиқариш ва ОТМ ходимларининг ўқув жараёнида иштирок этишлари таҳлил қилинади;
таълим муассасаарида тўгараклар ва уларнинг фаолиятини ташкил этилганлиги, ўқувчилар мутахассислик фанлардан бажараётган тугарак ва тадқиқот ишлари ва мавзуларининг долзарблиги, сифати ва ишлаб чиқаришга жорий қилинганлиги ўрганилади.
Иқтидорли ўқувчилар, республика ва халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ғолиблари салмоғи бўйича (10 баллгача) :
Халқаро ва республика фан олимпиадалари, совринли ўринларни эгаллаган ўқувчилар салмоғи таҳлил қилинади.
Ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган ижтимоий-маиший шароитлар ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳолати бўйича (10 баллгача) :
овқатланиш, дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун яратилган шароитлар, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича олиб борилган ишлар таҳлил қилинади.
II. Таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича қуйидаги асосий ҳисобланган кўрсаткичлар (100 баллгача):
а) таълим йўналиши (мутахассислик) тасдиқланган давлат таълим стандарти, тармоқ таълим стандарти, намунавий ўқув режа ва дастурлар билан тўлиқ таъминланган ҳамда ишчи ўқув режа ва ўқув дастурлари намунавий ўқув режа ва ўқув дастурларига мувофиқ бўлганда;
б) аттестация жараёнида ўтказилган назорат ишларида ижобий баҳоларга ўзлаштирган ўқувчилар салмоғи 55 фоиздан кам бўлмаганда;
в) барча ўқитилаётган фанлар ва амалиётлар бўйича педагог, муҳандис-педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан тўлиқ таъминланган ҳамда уларнинг лавозим вазифалари малака талабларига мувофиқ бўлганда;
г) ҳар бир фандан ўқитиш тилига мос камида битта номда дарслик ёки ўқув қўлланма (дарслик ва ўқув қўлланма яратилмаган фандан эса таълим муассасаси илмий-педагогик кенгаши томонидан тавсия этилган маърузалар тўплами) ахборот-ресурс маркази (кутубхона)да мавжуд бўлганда;
д) умумтаълим, чуқурлаштирилган ва мутахассислик фанларидан ишчи ўқув дастурда белгиланган лаборатория ишларини бажариш учун керакли жиҳозлар билан таъминланган ҳамда режалаштирилган лаборатория ишлари бажарилганда таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича таълим муассасаси фаолияти рейтинги:
86 балл ва ундан юқори бўлган ҳолда «Талабларга мос» деб ҳисобланади.
71 баллдан 85 балгача «Талабларга шартли равишда мос» деб ҳисобланади.
60 баллгача бўлган ҳолда «Талабларга мос эмас » деб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |