Абдусалом Норматов
Ҳукмронликка интилиш инстинкти
Ер юзидаги барча тирик мавжудодларнинг яшаш тарзи икки турда бўлади: 1. Якка тартибда кун кечирувчилар. 2. Жамоа ҳолда яшовчилар.
Якка тартибда яшовчи мавжудодлар ўз тириклигини сақлаб қолиш ва таъмин-лаш учун турнинг бошқа вакилларига мухтож бўлмайдилар, бундан фақат айрим турлардаги муҳаббат мавсумида қўшилиш ва зурриёдлар пайдо бўлгач уларни боқиш ҳамда тарбиялашни ўз ичига оладиган маълум бир қисқа давр мустасно, бошқа пайтда улар ёлғиз яшайдилар. Уларга бошқа мавжудодлар, хатто ўз синфига тегишли бўлса ҳам, “мавжуд эмас” ёки “бегона”. Якка тартибда яшовчи аксарият ҳайвонлар деярли товуш чиқармайдилар ёки улардаги товуш турларни нисбатан кам. Чунки уларнинг яшаш усулида товушларга эҳтиёж йўқ ва ўз туридаги бошқа вакилларни чорлаш улар учун зарурат йўқ. Одатда улар товушлар ёрдамида ўз ёлғизлигига рахна солувчи мавжудодларга қарши ўз норозилигини ифодалайдилар ва яшаш ҳудуди учун курашларда ўз синфининг бошқа вакилларини хам товушлар билан огоҳлантирадилар. Хуллас, ҳазил оҳангидада айтадиган бўлсак якка тартибда яшовчилар “ёлғизликдан зерикиб қолмайдилар”.
Бироқ жамоа ҳолда яшовчиларнинг яшаш тарзи бироз бошқачароқ шаклланган. Энг аввало шуни айтиш лозим-ки, улар ёлғиз яшай олмайдилар. Бундай ҳайвон-лардан бири жамоадан ажралиб қолса, у ўлимга махкум: агар у ўтхўр ҳайвон бўлса йиртқичларнинг қурбонига айланади, гўштхўр бўлса, ов қила олмайди ва очликдан ўлади. Бундай қонуният нафақат бош мия тараққий этган сут эмизувчиларга, хатто ҳашоратлар оламига ҳам тегишли – жамоа ҳолда яшовчи ҳайвонлар ҳар бирининг тириклиги ўз тўдаси ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Бундай ҳайвонлар вакилларида товушларнинг турлари кўпроқ, чунки жамоада бошқаларга муносаабатни намоён қилиш эҳтиёжи пайдо бўлади ва товушлар муомала-муносабат қилиш учун энг асосий воситадир. Шунингдек ҳаракатларларнинг ҳар бири кўпинча вакилнинг бошқаси вакилга муносабатини англатади, шу асосга кўра ҳам уларда туйғулари ҳам кўпроқдир. Одамзод ҳам жамоа ҳолда яшовчи тирик мавжудодлар гуруҳига киради, унда мантиққа асосланган тилнинг мавжуд экани ҳамда сўзлар воситасида муло-қотнинг ибтидоий келиб чиқишини ана шу жамоа ҳолда яшаш асосларидан изламоқ лозим. Қушлар оламда ҳам айнан шуни кузатиш мумкин, уларнинг якка тартибда яшовчи синфларида товуш турлари кам. Масалан, мусича кўп ҳолларда ёлғиз (ёки жуфт ҳолда) яшайди, ундаги товуш турларининг кўлами ҳам шунга яраша, майна эса тўп-тўп бўлиб, оила-жамоа шаклида истиқомат қилади. Шунингдек, майналарда ижтимоий муносабатлар ҳам шаклланган – уларни бир-бирларини билан “ёқа-лашиб”, “сўкишиб” турганини те-тез кузатиш мумкин. Шу боис майналарда товуш турлари ғоят кўп ва ҳар бир товуш маълум туйғуларни ифодалайди. Дўстлик, ҳурмат, бўйсиниш, ғазаб, меҳр-шафқат сўраш, меҳр кўрсатиш, рашк ва хатто садоқат сингари ҳиссиётлар фақат жамоа ҳолда яшовчи тирик мавжудодлар ичида вужудга келади. Якка тартибда яшовчиларда эса бундай туйғуларга хожат бўлмайди. Айнан ана шу туйғулар тирик мавжудодда товушлар ранг-баранглигини келтириб чиқаради. Инсон тилида мазмунни ифодаловчи товушларнинг асл моҳияти ва асоси унинг ибтидодан бошлаб жамоа ҳолда яшаб келаётганидир.
Ҳайвонот оламидаги одамзодга яқин бўлган жамоа ҳолда яшовчи сут эмизув-чиларнинг яшаш тарзи одамзоднинг яшаш усуллари билан ўхшашдир.
Жамоа ҳолда яшовчи барча ҳайвонот олами вакилларида ижтимоий муно-сабатлар шаклланган. Бу муносабатлар хукмдорлар ва тобелар, кучлилар ва кучсизлар, ёшлар ва қарилар, эркатойлар ва эътиборга нолойиқлар, севимлилар ва ёқимсизлар сингари мақомлардан ташкил топади. Ана шу асосларга кўра жамоа ҳолда яшовчи аъзоларнинг ҳар бир вакили жамоа орасида қатъий ўрин эгаллайди. Бундан тенгсизлик келиб чиқади, тириклик оламидаги яшаш учун кураш қонунияти эса ҳукмронликка интилиш инстинктини келтириб чиқаради. Бу қонуният жамоа бўлиб яшовчи барча тирик мавжудодлар, шу жумладан одамзод ҳаётидаги энг асосий бошқарувчи кучлардан биридир. Бу куч тириклик дунёсининг тараққиёти йўналишини ҳам белгилайди.
Тириклик оламида жамоа шаклида яшаш усули икки турда бўлади: 1. Оила. 2. Жамият.
Оила жамоа ҳолда яшашнинг энг кичик бўғини бўлиб, бу уюшма аъзолари ўртасида қатъий қонунлар амал қилади. Ҳайвонот олами ва одамзод ҳаётидаги оилага тегишли қонунлар бир-биридан у қадар кўп фарқ қилмайди. Барча оилаларда бошқарувчи ҳукмдорлар ва унга тобелар бор. Ҳар қандай жамоа шаклида яшовчи турларида ҳукмронликка интилиш инстинкти дастлаб оилада намоён бўлади. Ҳайвонот оламида жисмоний устунлик бу дунёда яшаб қолиш асосдир. Тириклик дунёсининг одамзод дунёсига келиб, куч фақат жисмоний эмас, балки онглиликнинг барча хусусиятлари ҳам айнан ана шу ғолиб бўлиш учун йўналтирилган. Ҳукм-ронликка интилиш тамойили, айниқса одамзод ҳаётида жуда аниқ кўринади, бунда хатто эркак-аёл, ота-она ва фарзандлар ўртасида ҳам кўз илғамас кураш кетади.
Жамият оилалардан ташкил топади, у кўп сонли оилаларнинг ўзаро қўшилган ва маълум бир қоидалар асосида яшовчи иттифоқдир. Одамзод дунёсида бундай иттифоқнинг турли шакллари мавжуд. Улар қўшнилар, қабила, уруғ, қишлоқ, шахар, маҳалладан, давлат ёки бир неча давлатлар бирлашмаси ва бутун инсоният сингани шаклларни ўзида бирлаштиради. Гарчи бундай бирикишлар аксарияти сиртдан ихтиёрий бўлиб кўринса-да, аслида ихтиёрий эмас. На оилалар, на давлатлар ҳеч қа-чон ихтиёрий тарзда бирлашмайди, ҳар қандай бирлашувнинг ортида мажбурий характердаги манфаат туради1. Одамларни манфаатлар уйғунлиги бирлаштиради, бинобарин бу мажбурликдандир. Умумий манфаатлар йўқолса, ҳар қандай жамият парокандаликка юз тутади.
Ҳайвонот оламида, хатто бундай бирикиш бир неча турларнинг иттифоқи тарзида бўлади. Африка саванналаридаги сут эмизувчиларнинг сувлоққа томон буюк кўчишлари даврида филлар, маймунлар, зебралар. буйволлар ўзаро бирикиб, улкан жамоани ташкил қиладилар ва бундай жамоаларда ҳам ўзига хос қонун-қоидалар амал қилади. Бундай улкан жамоаларни ҳам ўзига хос бошқарувчилари, хукмдорлари бор.
Ҳайвонотларнинг ҳар қандай бирлашмасидаги бошқарув усуллари инсоният оламида айнан такрорланади. Жамоа усулида яшовчи ҳайвонларда ҳукмронликка интилиш усули бор экан, демак одамзодда ҳам бу инстинкт амал қилади ва ҳукмронликка интилиш одамзоднинг қонида бор.
Муаллифнинг асосий мақсади инсон туйғуларини тадқиқ қилишдир, бироқ, умуман олганда инсон ва ҳайвонот оламидаги ҳар бир туйғу алоҳида ва қиёсий тадқиқ этишга муҳтож. Бугунги мавзу эса ибтидодан бери жамоа ҳолда яшаб келаётган одамзоднинг ҳукмронликка интилиш интинктини ҳақида мулоҳаза юритмоқдир, бу мулоҳазаларимиз айнан мана шу инстиктни тадрижий тараққиёти ва инсоният оламидаги ўрни ва вазифаси ҳақида боради.
Бунинг учун бизлар ўз услубимизга содиқ қолган ҳолда тарихнинг жуда узоқ-узоқ замонларига нигоҳ ташламоқ лозим деб топдик.
Ҳукмронликка интилиш инстинкти тирик мавжудодларнинг мангуликка интилиш қонуни узвий давомидир2.
Англашимча жамоа ҳолда яшовчи барча сут эмизувчилар тўдасини бошқарувчи ҳукмдорлари бор ва аксарият бундай “жамият”ларни эркак жинсли вакиллар бош-қаради. Бу ҳолат ибтидодаги табиатнинг буюк қонуни – курашларда жисмонан бақувват индивудларгина яшаб кета олиши асос бўлган. Ибтидода жисмоний куч яшаш имкониятини ҳадя этувчи энг асосий ва бирламчи восита бўлган.
Урғочи жинсли вакилларниннг гуруҳ хукмдори бўлиши ҳақида биологияга оид китоб ва ахборотларда урамайди ёки шундай ҳолатлар бор бўлса ҳам менга ноъмалум. Барча ҳолларда тўдабоши жамоадаги ижтимоий муносабатларни тар-тибга солади, зурриёди ва ёш ҳайвонларни ҳимоя қилади, лозим бўлганда айрим вакилларни жазолайди, душманга қарши курашда биринчилардан бўлиб чиқади. Одатда айрим жамоа ҳолда яшовчи яшовчи ҳайвонларнинг ҳукмдори эркак вакил бўлса, гуруҳдаги урғочи вакилларнинг барчаси унга тегишли бўлади, у ўз “хотин”ларини тўданинг бошқа эркакларига бермайди. Шу боис ҳам бундай жамоаларда ҳукмронлик мавқеини эгаллаш учун тез-тез кураш юзага чиқади, шавқатсиз курашларда ғолиб чиққан ҳайвон хукмронликни қўлга олади ва жамоани бошқаради. Ҳайвонот оламидаги бундай қонуниятни биологлар табиий танлаш деб атайдилар, у нафақат индивудни, балки турнинг йўқолиб кетмаслигини ҳам таъминлайди. Бу оламда курашларда ғолиб бўла оладиган индивудлар ва турларгина яшаб қола олади, бундай қонуният ҳатто ер юзидаги барча тирик мавжудодларга тегишли.
Бу мавзу ҳақида биология китобларида, шунингдек ёввойи табиат ҳақида тасвирга олинган илмий оммабоп фильмларда кўплаб ахборотлар берилган. Шу боис уларни такрорлашни бу ерда лозим деб топмадик. Бу ерда эътиборга олиш лозим бўлган асосий ҳолат шундан иборат-ки, жамоа ҳолда яшовчи барча ҳайвонот олами вакилларида ҳукмронликка интилиш инстинкти мукаммал даражада ривожланган. Бироқ биз бу ерда баъзан кўзимизга ёвузлик шаклида кўринувчи бундай жараёнларнинг фойдали томони фақат турларнинг яшаб қолиши эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Бу нуқтаи назар билан қараганда, табиатда на ёвузлик, на эзгулик мавжуд эмас, бинобарин, ташқи оламдан ҳақиқат ва адолатни излаб топ-майсиз, ҳақиқат ва адолат ҳақидаги тушунчаларимизнинг барчаси бизнинг онги-миздаги ўз хулосаларимиздир.
Шу мулоҳазалардан кейин, биз ҳукмронликка интилиш инстинктининг инсон оламидаги натижалари, тутган ўрни ва ва тараққиётга булган таъсири ҳамда тафси-лотлари билан мулоҳаза юритсак, ўринли бўлади..
Одамзод жамоа шаклида яшовчи мавжудодлар таркибига киради ва шу боис ҳам инсон оламида ижтимоий муносабатлар шаклланган. Агар одамзод қадимда жамоа ҳолда яшамаганида эди, аввало ижтимоий муносабатлар вужудга келмаган бўларди, шунингдек, бугунги кунда унинг яшаш усуллари ҳам бошқача бўларди. Одамзод бу дунёда ёлғиз яшашга қодир эмас. Унда ҳеч бўлмаса овқатланиш эҳтиёжи бор экан, демак у бошқалар билан қандайдир муносабатларга киришига мажбур – бу ерда тирикликнинг бошқа эҳтиёж ва мақсадлари ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Жамоа шаклида яшовчи барча ҳайвонларда, агар уларда бош мия шакл-ланган бўлса, уларда ижтимоий муносабатлар мавжуддир, бу борада одамзод ва ҳайвонлар ўртасидаги фарқ у қадар катта эмас.
Одамзоднинг бугунги кун тараққиётида жамоани бошқариши ёки ҳукмрон-ликка эришиши қуйидаги воситалар ёрдамида амалга оширилади:
1. Амалий ишларда билим ва тажрибаларга эгалик қилиш.
2. Кўпчиликнинг эътиборида бўлиш – шон-шухрат эришиш.
3. Пул шаклига келувчи моддий бойликларга эгалик қилиш.
4. Мансаб-амалга эгалик қилиш, яъни кўпчиликни бошқариш ҳуқуқини “қонуний” эгаллаш.
5. Билим ва ақлий салоҳият – гарчанд бу сўнгги восита ибтидодаги ҳаётий тажрибаларнинг натижаси бўлса-да, тараққиётининг бугунги кунида инсоннинг эгаллаган билимлари курашиш воситаси ва ўзликни намоён қилишнинг алоҳида турини ташкил қилади.
Инсоният оламида мана шу бешта воситалар жамоада ҳукмронлик қилиш имкониятини ҳадя этади.
Одамзоддаги шон-шухратга, пул бойликка, мансаб-амалга интилиш инстинктини айнан ўша ҳайвонот олами вакиллари жамоасидаги ҳукмронликка интилиш инстиктидан келиб чиққан. Бу жараён онгсизликнинг онгга томон тарақ-қиёти ҳосиласидир. Бу ерда бошқа ҳар қандай тахминлар, хулосалар ўзини оқла-майди ва жамиятдаги тенгсизлик қандайдир илоҳий кучнинг иродаси ҳақидаги барча тахминларни инкор қилади. Барча тирик мавжудодларда мавжуд бўлган тенгсизлик ва ҳукмронликка интилиш инстинкти ҳеч қандай илоҳий қудрат томонидан таъсис этилмаган. Аск ҳолда инсонлар онгидаги Буюк Яратувчи одамзод ва ҳайвонот олами ҳаётидаги барча ёвузликларнинг ҳам ижодкори бўлиб қоларди. Мархамат, биродарон, агар сиз ўзингиз тасаввур қиладиган Яратгувчини шунақа, яъни ҳайвонларни ҳам одамзодни ҳам тенг қилиб яратмаган деган адолатсизликка ишонсангиз, бунга мени қаршилигим йўқ. Мен эса, жамоа ҳолда яшовчи ҳайвонот оламидаги ҳукмронликка интилиш инстинкти одамзодга айнан кўчиб ўтган, унда тенглик йўқ ва бу тенгсизлик одамзод ҳаётида ҳам то бугунга қадар амал қилади, ҳамда тараққиёт айнан мана шу йўналишда давом этган деган хулосаларимда қолавераман.
Одамзод қонидаги ҳукмронлик имкониятини ҳаяд этувчи юқоридаги бешта воситалар инсоният тарихидаги тадрижий тараққиёти кетма-кетлигини ҳам ифодалайди, яъни инсоният тарихида дастлаб амалиётдаги билим ва тажрибалар ҳукмронлик қилиш воситаси бўлиб жамиятга кириб келган3. Бунда энг асосий вазифани жисмоний куч бажарган: жамоалардаги тўда бошлиғи ана шу меъзонга кўра аниқланган, бошқалар унга бўйсинишлари шарт эди. Бундан ахлоқ қоидалари ва диний тасаввурлар келиб чиққан. Шу боис Қадимги Греция мифологиясидааги барча подшоҳлар қаҳрамон ва айни дамда боқий тангриларнинг фоний қарин-дошлари сифатида тасвирланади. Ҳукмдорлар чекланмаган ҳуқуқларга эга: жамоа-даги барча муаммоларни ҳал этишда бошқарувни амалга оширади, озиқ-овқат, жамоадаги келишмовчиликларни ҳал этиш, ўз “фуқаро”ларини душмандан ҳимоя-лаш вазифаси унинг гарданида эди. Умуман айтганда ҳукмдорлар ҳуқуқларда ва уларга берилган имнконият-ваколатларда бугунги кунда ҳам ахвол ўзгача эмас. Қадим замонлар ва бугунги кун ўртасидаги ягона фарқ шундан иборат-ки, қадимда зўравонлик усулида ҳокимият қўлга киритилган бўлса, ҳозирда фирибгарлик усулида эришилади. Қадим замонларда ҳам жамоанинг бошқа вакиллари ҳукмдорга сўзсиз бўйсинишлари шарт бўлган, акс ҳолда жамоа бўлиниб кетган бўларди. Умуман, тириклар оламидаги жисмоний куч бошқарувчанлик, ҳукмдорлик ҳадя этувчи энг дастлабки восита деб айтиш мумкин. Бу жараён одамзод тарихидаги энг узоқ давом этган жараён деб ҳисоблаш мумкин, аслида ҳукмронликка эришиш йўлидаги курашларнинг асоси ҳайвонот оламига бориб тақалади. Ва бундай қонуниятни хатто бугунги кунда ҳам одамлар ҳаётида кузатиш мумкин.
Кейинчалик эса одамзод ҳаётига шон-шухрат ёрдамида ҳукмронлик қилиш имкониятлари кириб кела бошлади. Жисмоний куч воситасидан ҳукмронликка интилувчилар шон-шухратга буркана борганлар, кейинчалик эса бу меъёрга айлан-ган. Диний тасаввурлар эса бу меёрни янада мустаҳкамлаган.Ўша даврларда ҳукмдорларнинг тангриларга қариндошлиги ҳақидаги тасаввурлар кучайди, диний тасаввулар янада тараққий этди. Натижада ҳукмдорлар муқаддаслик сифати билан безатилди. Бундай тасаввурлар ибтидоий онгнинг замонавий онгга бурилиш нуқтасини англатади. У тахминан эрамиздан олдинги минг йилликнинг бошларига тўғри келади ва милоддан аввалги 5 асрларгачча давом этди. Бу ҳолат Америка ҳиндулар ҳаётида эса хатто 16-17 асрларгача сақланиб қолинган эди. Инсоният тарихидаги шон-шухрат ёрдамида4 кўпчиликни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиш Гомернинг “Иллиада” ва “Одиссей” асарлари пайдо бўлган даврларгача амалда бўлди, чунки ўша даврларда ҳали пул-бойлик йўқ эди, шунингдек бойликнинг сиам эгизаги бўлмиш давлат ҳам пайдо бўлмаган эди. У замонларда давлатнинг илк нишоналари қабилалар шаклида эди. Қабилаларни бошқарувчилар якка ҳукмдор бўлган, ҳукмдорнинг ёлғиз ўзи ҳам қонун чиқарувчи, ҳам ижро этувчи ва айни дамда судловчи ҳокимият ҳам унинг ўзи эди. Жамиятни бошқарувчи катта-кичик амалдорларнинг пирамида шаклидаги тўдаси ҳали пайдо бўлмаганди. Ишлаб чиқа-ришнинг чорвачилик ва деҳқончилик шакллари эндигина инсоният ҳаётига кириб келаётган даврлар бўлган.Ўша даврларда хатто қабилалар ўртасидаги урушлар ҳам мусобақа шаклидаги шон-шухратга эришиш шаклида бўлган, чунки жамоада ҳукм-ронлик қилиш ҳуқуқини фақатгина жисмоний беллашувлардаги ғолиблик ҳадя этгани ҳақиқатга яқинроқдир. Гоммернинг “Иллиада” асарида бу ҳолат жуда яққол ифодаланади, греклар 10 йил давом этган урушда Троянинг кулини кўкка совуриб, яна ўз ватанларига қайтиб кетганлар. Ғолибларда мағлубларнинг ерларини эгаллаб олиш, бойликларини ўзлари билан олиб кетиш бўлмаган. Шунингдек ғолиблар ўз сафдошларини мағлубларнинг юртига ноиб, ҳоким қилиб қолдирмаганлар. Чунки, ўша давр одамларининг яшаш усулида уларга эҳтиёж бўлмаган, одамзод ҳаётида на пул, на мол-дунё, на давлат ва мансаб тушунчалари йўқ эди. Буларнинг барчаси инсоният тарихида ҳукмронлик қилишга имкон берувчи дастлабки восита жисмоний куч бўлган, кейинчалик унга муқаддаслаштирилган (бинобариин, фирибгарликка йўғирилган) шон-шухрат кириб келди деган хулосага сабаб бўлади.
Дастлабки воситада, яъни жисмоний куч ёрдамида ҳукмронлик қилишда ҳақиқат ва адолат бор эди, аммо кейинги восит аларнинг барчасида фирибгарлик иштирок этгани учун адолат ва ҳақиқат мағлуб бўлади. Аслида ўша даврларда жамиятда адолат тушунчасига эҳтиёж йўқ эди, чунки одамзодда эҳтиёж бўлмаган нарсалар ҳақида тушунча бўлмайди. Жамиятдага сохта муқаддаслаштириш адолат тушунчасининг пайдо бўлишига олиб келди. Бу бахтли одамнинг бахтни изла-маслиги ва орзу қилмаслигидек гап – жамиятда адолат бор бўлса, адолат ҳақидаги тушунчага ҳам, адолатни излашга ҳам ҳожат қолмайди. Одамлар адолат йўқолган жойда уни излай бошлайдилар.
Гомернинг бизгача етиб келган ҳар икки асари инсоният тарихида жисмоний кучнинг ҳукмдорлик қудрати шон-шухрат воситасида жамиятни бошқаришга ўтиш даврини ифодалайди. Чунки ўша даврларда мол-мулк у қай йўсинда топилган бўлмасин, эҳтиёжлардан ортиб бойлик шаклига кирмаган эди, бинобарин, бойлик-нинг сиам эгизаги бўлган давлат ҳам пайдо бўлмаганди. Олимп маъбудлари шара-фига ўтказиладиган Олимпиада мусобақалари айнан шунинг натижаси бўлиб ин-соният оламига кириб келган5.
Гарчанд инсоният тарихида дастлаб Қадимги Мисрда маданият ва илму-фан гуллаб-яшнаган бўлса-да, Европа ва Осиёда тараққиёт Қадимги Греция маданияти йўналиши бўйлаб ривожланди. Ўша даврларда Ер юзининг энг гуллаган макони Еллада эди. Мисрдан импорт қилинган фан-ва маданият янада тараққий этди ва инсоният оламини буюк файласуф-алломаларни сийлади. Кейинчалик эса, бу маданият қандайдир англаб бўлмас қонунлар асосида аста-секинлик билан инқи-розга юз тутди. Инқирознинг сабаби ҳукмронликни эгаллаш йўлидаги қурол-воситаларнинг ўзгариши, яъни шон-шухратдан бойликка эврилиши бўлиши ҳам мумкин ва бу тахминларимиз кўпроқ мантиққа эга. Чунки бойлик ҳукмронлик воситасига эврила борганидан кейин, Маркс сўзи билан айтганда жамият эски усулда яшашни истамай қўйганди. Яъни тараққиёт уни шунга мажбурлади, чунки инсоният оламига мол-дунё ва давлат ҳукмронлиги кириб келаётган эди. Александр Македонсийдан кейин Қадимги Грециянинг шон-шухрати ҳам, шунингдек, шон-шухрат йўли билан ҳукмронликка интилиш усули ҳам барҳам топди.
Қадимги Грецияда тараққиёт қуёши уфққа бош қўяётган паллада, Римда эндигина қуёш чиқаётган эди. Александр Македонский ва Юлий Цезар босқин-чилиги бир-биридан буткул фарқ қилади. Македонский босқинчилиги бойликларни талаш билан биргаликда дунёга ҳукмрон бўлиш шаклидаги шон-шухрат васвасаси бўлса, Цезарда, бойликларни талаш билан биргаликда мамлакатни ўз давлати тасарруфига қўшиб олиш ва бошқариш, вассалига олиш кучлироқ намоён бўлади6. Бироқ Римнинг энг юксалган даври ҳам жангу-жадалларга тўла, Қадимги Греция шахар-давлатлаори сингари ( нисбатан, албатта) осйишта эмасди.Қадимги Рим тарихи қонли урушлар, хуфиёна қатллар, давлат бошлиқларига амалдорларнинг хиёнати, суиқасдлар билан тўлиб-тошган. Рим Қадимги Грециядан кейин давлат бошқарувчига кўпдан-кўп янгиликлар олиб кирди.
Бу даврга келиб давлатчилик деярли тўлиқ шаклланиб бўлган эди: унинг энг асосий кўринишларидан бири жамоани бошқаришда мансаб лавозимларнинг мавжуд экани ва у пастдан юқорига пирамида шаклида ташкиллаштирилгани эди, бундай бошқарув то бугунга қадар барча давлатларда сақланиб қолинган. Яъни амалдорчаларининг ўзидан каттароқ амалдорлари бор, ўша каттароқ амалдорнинг эса янада каттароқ амалдори бор. Локкнинг давлатнинг уч белгисига яна қуйидагиларни қўшимча қилиш мумкин: сиёсатшунослик фанларида санаб ўтилган давлатнинг барча белгиларидан ташқари, яна бир белги бор, бу белги жамият сайланадиган ва тайинланадиган пирамида кўринишидаги амалдорлар томонидан бошқарилишидир. Қадимги Рим давлатида яққол намоён бўлувчи бу белги то бугун-ги кунга қадар ўзгармаган. Амалдор, у бу лавозимга муносибми ёки муносиб эмасми ва у амал курсисини қай усулда қўлга киритганидан қатъий назар унда ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи бор. Амалдорга дахлсиз бўлган ва чегараланмаган бу ҳуқуқни жамиятнинг ўзаро келишган ва ҳақиқат сифатида қабул қилган ўз қонунлари ҳадя этади. Бу ҳолат қонунларнинг аксариятини ҳукмрон синфнинг ўз манфаатлари йўлида ўзларига мослаб таъсис этганидан далолат беради.
Хуллас, эрамизнинг бошларидан жамиятга ҳукмронлик қилишга имкон ва имтиёз берувчи пул ва давлат тушунчалари кириб кела бошлади, улар одамзод ҳаётида параллел равишда то бугунги кунга қадар ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Моддий бойлик ва пул ҳукмронлик воситасига эврилиши одамзоднинг эҳтиёжларидан махсулот ортиб борганидан кейин, бойликка эврилгач ва пул пайдо бўлганидан кейин кириб келган. Бунга у қадар кўп бўлмади, жуда нари борса 2000 вақт ўтди.
Одамзод деярли ҳар доим ўзининг онги ёрдамида ихтиро қилган, ўйлаб топган, яратган турли воситаларга қул сифатида хизмат қилади. Инсоният тарихига назар ташласак, унинг деярли барча ихтиролари одамзоднинг ўзини қул қилиш учун яратилганини гувоҳи бўламиз. Одатда одамзоднинг ўзи эмас, у ўйлаб топган ғоялар, дунёқарашлар, ихтиролар, диний тасаввурлар, пул сиёсат кашфиёт ва ихтиролар (масалан, автомобил, интернет ва ҳ.к.) воситасида ҳукронликка интилиш ва бошқаларни қул этишга уриниш одамзод ҳаётида мунтазам равишда йўлдош бўлиб келаётганини кўриш мумкин. Давлат ҳам худди ана шундай – одамзодни қул бўлишига воситалик қилувчи ўз ихтиросидир. Мағлублар юртига ноиб ва ҳокимларни қолдириш ва ҳукмронлик қилиш фақатгина давлатлар пайдо бўлганидан кейин пайдо бўлган ва бундан мақсад моддий бойликларни талаш ва уларга эгалик қилиш эди – бу ерда бошқа асослар мавжуд эмас. Бож, ўлпон, хирож, солиқ, закот сингари тушунчалар инсониятнинг давлатчилик даврига тегишли.
Одамзод ҳаётида давлатларнинг пайдо бўлиши ягона асоси бор, у ҳам бўлса “Мен сони ҳимоя қиламан, сен мени боқасан” деган тамойилдир. Бу давлат сиёсатига ҳам, диний сиёсатга ҳам бирдек тегишли.
Инсоният тарихига теранроқ назар содинса, жамиятни бошқариш учун қўлла-ниладиган насроний, христианлик ислом дининг пайдо бўлиши инсоният тарихи-даги давлатчилик бошқаруви шаклланиш жараёни даврига тўғри келишини сезиш қийин эмас. Давлатларнинг бошқарув усули қатъий шакллангач, янги диннинг пайдо бўлишига эҳтиёж йўқолди. Христианлик тобелар, яъни қулларнинг дини, ислом эса ҳукмдорлик қилишга интилувчи диндир. Уларнинг ҳар иккиси ўз пайдо бўлган давр руҳини ўзида мужассам этади.
Рим таназзулга учрагач, тараққиёт шарққа томон силжиди. Инсоният тарихида биринчи бўлиб ислом дини давлат бошқарувига ғоя7 ва дунёқараш олиб кирди, бу ўша давр учун мутлақ янгилик эди. Бу диний ғоя ижтимоий ҳаёт ва давлат бошқарувидаги барча муаммоларни ҳал эта олиш қудратига эга эди. Албатта, бу дин эндигина пайдо бўлган даврда унда барча муаммоларни ҳал этиш қудрати йўқ эди, улар кейинчалик тараққий эттирилган, шунингдек, шариат, яъни жамиятни бошқарувчи ва муаммоларни ҳал этувчи диний нормалар шаклланди. Диний ҳадислар ва ривоятлар шунинг натижасидир. Айнан ўша даврларда Шарқ мамлакат-ларида дунёвий илмлар ҳам ер юзидаги энг мукаммал даражага эришди. Аммо, ислом оламидаги тараққиёт тахминан 15 асрларгача давом этди. Сўнгра жамиятни бошқариш учун бошқа воситалар пайдо бўлиш зарурати юзага келди. Чунки фан тараққиёти туфайли динга нисбатан шубҳалар пайдо бўлаётган ва дин бошқарув борада ўз вазифасини бажара олмай қолаётган эди. Шунингдек, инсоният тараққиёти йўналишларига кўра жамиятни бошқариш қудратига эга бўлган бошқа бир восита – бойлик деган аждаҳо кириб кела бошлаган эди. Диний мажбурлов чоралари билан фақат ёввойи жамиятларни бошқариш мумкин, тараққий этган жамиятни эса диний чекловлар билан бошқаришга имконияти ҳам, ҳожати ҳам йўқ. Ва Европада айнан шу жараён содир бўлди, у ердаги илм фан тараққиёти диндан олдинги ўринларга ўтиб олди. Дастлаб Европа диний қулликдан воз кечишга урина бошлади, бу жараён илмнинг юксалишига сабаб бўлди. Аммо Европада ҳам диний тасаввурларнинг дунёвий қарашларга ўзгриши учун жуда кўплаб қурбонликлар бериш лозим бўлди. Аслида илм-фан тараққиётининг негизи бойлик васваси эди, одамзоднинг дунёни эгаллаш иштиёқи эҳтиёж шаклига кириб, илм фан тараққиёти учун туртки бўлди.
14-16 асрларга келиб давлатчилик инсоният оламида деярли тўлик шаклланиб шаклланиб бўлган эди: давлат бошқарувининг турли шакллари пайдо бўла борди. Унинг энг асосий кўринишлааридан бири мансаб-лавозимларнинг мавжуд эканидир. У то бугунга қадар ўз шаклини ўзгартиргани йўқ, демак, баралла айтиш мумкин-ки, давлатчилик шаклланиб бўлинди, у тараққий этишдан тўхтаб, турғунликка юз бурди. Унинг ўрнига барча давлатларда бошқаришнинг энг асосий воситаси сифатида пул-бойлик олдинги ўринга чиқа бошлади. Бойликхатто давлатлар устидан ўз ҳукмронлигини қўлга олди. Шунинг баробарида диний ғоялар ўрнини сиёсий ғоялар эгаллай борди,. Масалан 16 асрларда Англияда “қайси бир давлат Ҳиндистонни эгаллаб олса, у энг қудратли давлатга айланади” деган босқинчиликка асосланган ғоя бор эди. Бунга ўхшаш ноинсоний ғоялар Европа давлатларида то 20 асрларнинг ўрталарига қадар ҳукмронлик қилиб турди, буларнинг ҳаммаси пул-бойликнинг ҳукмронликда энг асосий восита бўлиб қолиши туфайлидир. Албатта сиёсий ғоялар орасида инсонпарварликни тарғиб қилувчи ғоялар йўқ эмас, лекин аксарият ҳолларда бундай ғоялар ҳам пул ҳукмронлиги таъсирига тушиб қолмоқда.
19 асрдан бошлаб, моддий бойлик ва пул дунёни бошқарувчи энг асосий ҳукмдорга айланди ва бугунги кунда ҳам унинг ҳукмронлик имкониятлари хатто давлатларнинг сиёсатига таъсир этувучи энг қудратли восита бўлиб қолмоқда. Инсоният тараққиёти мана шу йўналишда давом этмоқда, пул кимнинг ва кимнинг қўлида бўлса, улар ҳукмрондир.
Инсоният тарихида бойлик ва давлат айнан сиам эгизаклари сингаридир, улар бир бирисиз мавжуд бўла олмайдилар.
Пул бойлик ҳукмронлик хусусиятини кучайтирган давр, 15 асрдан бошланади, Асосан Европа ва Осиё давлатларида. Пул бойликнинг қудрати инсонлар турли ҳалқлар бир-бири билан яқиндан таниша бошлаган даврдан кейин мустаҳкамланди, чунки бунда иқтисодий алоқалар янада кучаяди ва мажбурий шаклга киради. Бу жараён то бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда. Бугунги кунда қул қилишнинг энг асосий ва ягона усули а бойлик воситасидир. Нафақат инсонлар, балки айрим давлатлар ҳам пул ёрдамида қарам давлатга айлантирилмоқда.
Моддий неъматлар кишининг эҳтиёжларидан ортиқ бўлса, у пул-бойлик шак-лига киради ва унга эгалик қилаётган кишига бошқаларни бўйсиндириш ху-сусиятини инъом этади – пулдорнинг ўзи жисмоний меҳнат билан шуғилланмайди, унинг ўрнига чўнтагидаги пули ишлайди. Айрим ҳолларда шахснинг бойлиги давлат ёки халқнинг бойлиги билан беллаша оладиган даражада кўп бўлса, у шубҳасиз давлат ва халқларни ҳам бошқара олиш қудратига эга бўлади. Диннинг ҳам, сиёсатнинг ҳам ана шу бойларга хизматкорлик қилишдан бошқа чоралари йўқолиб бормоқда.
Мансаб-амалга талашиш давлатлар тараққий этиб, демократик асослар кириб келганидан кейин, яъни тенглик эълон қилинганидан кейин пайдо бўлган. Бугунги кунда эса у халқаро миқиёсга чиққан. Хатто 500 йил олдин ҳам мансаб ва амалга талашиш инсон оламида бу қадар ёвуз ва шавқатсизларча эмасди. Буларнинг барчаси пулдаги ёвуз бошқарувчанлик хусусияти туфайлидир.
Бу уч воситалар бир-бирисиз мавжуд эмас ёки одамзоддаги ҳукмронликка интилиш инстинктида мана шу уч элементлар бор ва улар бир-бирига эврилиб тура-ди. Мансаб курсиси бойлик ва шон-шухрат олиб келади ёки пул шон-шухрат ва кўпчиликни бошқариш ҳуқуқини пайдо қилади ва хоказо. Шунингдек, бу воситаларни ҳар бири хатто якка ҳолда ҳам бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш имкониятини беради.
Бугунги кунда ҳам ҳукмронлик имконини берувчи мана шу учта асос амал қилади. Машҳурлик унга эга бўлмаганларда ҳавас, муридлик, мухлислик хусусиятларини келтириб чиқаради, унга ҳавас қиладиганлар ўз-ўзидан шон-шуҳрат соҳибининг қулига айланади. Санъат ва сиёсат йўналишида машҳурликка инти-лувчилар, ўзлари ҳақидаги ҳар қандай маълумотларни, хатто ҳақорат шаклидаги миш-мишларни ҳам баъзан ижобий қарши олади, бу сенсация дейилади. Чунки қандай бўлишидан қатъий назар кўпчиликнинг эътиборига тушиш унга бошқалар унинг ортидан эргашишиши учун, бинобарин, бўйсиниши учун замин яратади, бундан у мансабга эришади ёки бойлик орттиради. Бу ҳолат шон-шухрат ёки бойликка эга бўлиш йўлида хатто одамзоддаги уят туйғуси ҳам йўқолиб бораётганидан далалат беради.
Мансаб ҳукмдорликни давлат томонидан қонуний тасдиқланиши демакдир, албатта бунга қонунда маълум меъёрлар белгиланган. Аммо деярли ҳамма ўз имконият ва иқтидорлари доирасида унга интилади, айниқса, бундай интилиш кишининг 20-30 ёшлари оралиғида кучлироқ бўлади. Бу ҳолат ҳам ҳукмронликка интилиш ҳайвонот олами вакилларидан одамзодга мерос эканидан далолат беради, чунки ҳайвонлар балоғат ёшига етгач, кучга тўлади ва жамоада ўз ўрни учун кураш бошлайди. Агар у курашларда ғолиб бўла олмаса, вазиятга кўникади, ёш ўтгани сари унда бундай интилиш камайиб боради. Одам ҳам айнан ана шу ёшида кучга тўлган бўлади, бироқ, одамзодда “куч” тушунчаси жисмоний шаклда эмас, баъзан эгаллаган билими, баъзида чўнтагидаги пули, баъзан эса қариндош ва танишларнинг паноҳи куч ўрнида қўлланилади. Бошқарув тўғри ташкил этилмаган давлатларда мансаб қинғир йўллар билан – баъзан фирибгарлик, баъзан зўравонлик усули билан қўлга киритилади. Инсониятнинг бугунги кунида хатто энг демократик давлатларда ҳам йирик мансабга фақат пулдор одамлар эришади. Ўзини давлат бошқаруви ёки сиёсат соҳасига урган одам, агар унда етарли маблағи бўлмаса, узоққа бора олмайди.
Коммунизм ғояси ижодкорлари айнан мана шу ерда хатога йўл қўйдилар – маълум бир жамиятда барча одамлар бир вақтнинг ўзида ҳеч қачон тенг бўла олмайди ва шу боис коммунизм ғояси қанчалар инсонийлик элементлар билан суғорилган бўлса-да, яшаб кета олмади. Табиатан одамзод оламида тенглик ўрнатиб бўлмайди, бу ҳолат ҳар қандай адолатни инкор қилади. Чунки тириклик дунёсининг қонунлари ўта шавқатсиздир. Одамзоддаги пул-бойликка, машҳурликка, амалга интилишларини давлат қонунлари ёрдамида чеклаб бўлмайди, бу борада энг яхши усул инсоннинг маънавий дунёсини шакллантиришдир. Жамиятда ҳамма тенг бўлган куни кураш йўқолади ва тириклик дунёси тугайди. Сиёсий ҳуқуқлар тенглиги мавжуд бўлиши мумкин, бироқ ижтимоий ва иқтисодий тенглик ҳеч қачон юзага чиқмайди
Одамзод ўзининг ҳукмрон эканини мудом ҳис этиб яшашни ёқтиради.
Одамзоддаги пул-бойликка, мансаб пиллапояларидан кўтарилишга, шон-шухратга интилиш асослари жамоа шаклида яшовчи ҳайвонот оламидаги ҳукмронликка интилиш инстинктининг узвий давомидир. Бу инстинкт ҳайвонот оламидаги турларнинг бу оламда сақланиб қолиши ва яшаб кетиши учун хизмат қилади. Аммо одамзод ҳаётида яшаш учун кураш тамоилига инсонпарварлик принципларии қўшилган ва эзгулик учун хизмат қила бошлаган бўлса-да, жамиятдаги хукмронликка интилиш инстинкти жараёнларда бунинг тексарисини кўриш мумкин. Ижтимоий жараёнларда ҳукмронликка эришишнинг ҳалол бўлмаган усуллари ҳам қўлланилмоқда ва улар бизга яққол намоён бўлиб турибди Инсонда онг мавжуд ва у жараёнларни эзгулик ҳамда ёвузлик мезонларида баҳолай олади. Аммо одамзод онги тириклик дунёси асосларига ўзгартиришлар киритишга қодир бўлса-да, қадимий асос ўзгаргани йўқ. Инсон онги, шунчаки ғолиб бўлиш ва ҳукмронликни эгаллаш учун турли туман ва янгидан янги воситаларни ўйлаб топишдан бошқасини ўйламапти. Ҳозирча эса курашмоқ учун энг қудратли ва ягона восита пул-бойлик бўлиб қолмоқда.
Ҳайвонот оламидан бошланган ҳукмронликка интилиш инстинктининг одамзод ҳаётида айнан мана шу йўналиш бўйлаб тараққий этиб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |