Абдусалом Норматов
Кўҳна муҳаббатнинг янги таърифи
Бу буюк туйғуни шу пайтга қадар ҳеч ким мукаммал таърифлай олган эмас.
Унга берилган таърифлар шу қадар турфа хил ва такрорланмас-ки, улар билан
таниша бориб, ақлинг ҳайратланади. Муҳаббатнинг жозибаси шундаки, у ҳар бир
инсонда турли қиѐфаларда кўринади. У ҳар бир қалбда янги ва янги кўринишларда
намоѐн бўлади.
Хар бир одам эртами-кечми, унга дуч келади ва унга бўйсинади, бутун ҳаѐти
айнан муҳаббатнинг ҳукмронлиги остида кечади. Инсоннинг муҳаббати унинг бу
дунѐни севиши бўлиб, кишининг қандай воситаларни севиб, ардоқлашида фарқ йўқ.
Эҳтимол инсон муҳаббати бошқа инсонга, эҳтимол илму-фанга, эҳтимол
автомобилга ва эҳтимол тасаввуридаги яратгувчига – буларнинг ҳаммаси
муҳаббатнинг кўринишларидир. Биз ҳам бу ерда ушбу буюк туйғу ҳақида сўз
айтишни лозим деб топдик, агар муаллиф бу ерда нимадир янги гап айта олса, у
ўзининг энг олий мақсадларидан бирига етган деб ҳисоблайди.
Мавзу доираси учун гўѐ соддароқ ва ҳамма учун тушунарли туюладиган
муносабат – эр киши ва аѐл ўртасидаги кўнгил боғланишларини танладик.
Англашимча, бизга энг содда бўлиб туюлувчи бу тушунча ҳам етарли даражада
мураккаб, ҳеч бир инсон қалбидаги муҳаббат бошқаларнинг бу туйғусига
ўхшамайди, шунингдек, у соф шаклда учрамайди. Агар муҳаббат деганлари
соддагина ва ҳамманинг қалбида бир хил кўринишда бўлганида эди, севишганлар
ўртасида ажралиб кетишлар, хиѐнат, оила бузилишлари, тирик етимлар бўлмас эди.
Қалбимиздаги муҳаббатга деярли ҳар доим нимадир аралашган бўлади, ўша
“нимадир” муҳаббатнинг сифатини ва турли хил жилоларини намоѐн этади. Биз бу
ерда эркак ва аѐл кўнгил боғланишларидаги муҳаббатнинг турли туман сифатлари
билан биргаликда таърифлашга ҳаракат қилдик ва бу ерда сифатни ифодалаш учун
“ли” қўшимчасидан фойдаландик, яъни айнан “қаймоқли нон” сўз бирикмаси
сингаридир.
1. Меҳрли муҳаббат – муҳаббат кўринишлари орасида энг олий туйғу яъни
меҳр ва муҳаббат бирикмасидир. Бундай кўнгил боғланишларида бахт энг мукаммал
бўлади, инсоннинг бу оламда яшаш мазмунига оид ҳамма нарсани ўзига жамлай
олади. Бироқ, бундай бахтга эришиш учун инсон энг аввало меҳрга сазовор бўлмоғи
лозим, шунинг баробарида унга кўрсатилаѐтган меҳрга муносиб жавоб бера
оладиган даражада комил бўлиши керак. Шунингдек, ўзаро муҳаббат тарихида
эслашга арзугулик воқеа-ҳодисалар, ширин ҳиссиѐтларни соғиниш, ҳимоя,
аввайлаб-асраш, ўзаро дўстлик ва хурмат, келажакнинг умумийлиги, бир-бирисиз
яшай олмаслик ҳақидаги тушунчалар шаклланган бўлиши лозим. Меҳрли муҳаббат
ѐшлик чоғларида кўп-да намоѐн бўлавермайди, бунинг учун бир инсоннинг ҳаѐти
иккинчиси билан чамбарчас боғланмоғи лозим.
2. Соғинчли муҳаббат – муҳаббатнинг соғинч туйғуси билан биргаликда
қўшилиб келиши. Одатда, инсон қалбидаги соғинч туйғуси соф ҳолда ўтмишда
қолган бахтга яна қайтиб бориш илинжини ифодалайди. Шу боис соғинчли
муҳаббат хижрон, айрилиқ, оралиқ масофа ѐки вақт таъсирида пайдо булади дейиш
тўғрироқ, лекин муҳаббатнинг энг улуғ қудратидан бири шуки, бир хонада бўла
туриб, бир-бирларининг кўзларига тикилиб ўтирган ҳолда ҳам соғиниб яшаш
мумкин.
3. Ҳурматли муҳаббат. Аслида, инсон қалбидаги ҳурмат туйғусида қўрқув
туйғусидан нимадир улуш бор, аниқроғи, ҳурмат туйғуси қўрқув туйғусининг инсон
қадар тараққий этиб келган шаклидир. Бизлар қандайдир қадриятларимизни
йўқотишдан қўрқиб, кимларгадир ҳурматимизни намоѐн қиламиз. Ҳурмат ва
муҳаббат бирикмали туйғу кўнгил боғланишларининг ҳамма шаклларида учрайди ва
улар икки шаклда бўлади: 1. Ижобий шакли, яъни икки томонлама ҳурмат ва
муҳаббат. Тарафлар бир-бирларини севадилар ва ҳурмат қиладилар. Ҳар иккисига
бирдек тегишли бўлган қадриятларини йўқотишдан қўрқиб яшайдилар ва уларни
аввайлаб асрашга ҳаракат қиладилар. 2. Салбий шакли: бир томонлама ҳурматли
муҳаббат – бундай туйғу уларнинг фақат биттасида мавжуд бўлади. Бунга энг содда
мисол эрни ҳурмат қилишни фарз, бурч деб ҳисоблайдиган муслима аѐлларимизда
кўп учрайди. Улар эрларнинг кўзига тик қараб гуноҳкор бўлишдан чўчийдилар, ўз
муҳаббатларини ҳурмат ила намоѐн қиладилар ва бунинг эвазига ҳеч қандай
муҳаббат ҳам ҳурмат ҳам талаб қилмасликлари мумкин. Бироқ, бундай кўнгил
боғланишлари анчайин хавфли: ҳурмат қилмайдиган томон исталган вақта кўнгил
боғланишларини уза олиш эҳтимоли бор. Ёки, бошқа бир мисол: моддий бойлик
фақатгина улардан бирига тегишли бўлган ҳолатларда ҳам шунга ўхшаш кўнгил
боғланишлари вужудга келиши мумкин.
4. Рахм-шавқатли муҳаббат. Бундай кўнгил боғланишларини пайдо бўлишида
инсон қалбидаги раҳм-шавқат туйғуси аралашади. 1.Эр кишиларда: Агар бир аѐл
бирор бир эркакка ўз дардини, турмуш ташвишларини гапирса ѐки дунѐнинг
ишларидан нолиса, у ишонч билдираѐтган бўлади. Бундай ҳолатда ҳар қандай
эркакда аѐлга ѐрдам қилиш, қўллаб-қувватлаш ҳисси пайдо бўлади, бу эр
кишилардаги табиий инстинкт бўлиб, мутлақо беихтиѐр, хатто онгсиз равишда
вужудга келади. Агар бу истак амалий ѐрдамга кўчса, демак, муҳаббатнинг пайдо
бўлгани шу. 2. Аѐлларда эса, бундай муҳаббат сал бошқачароқ шаклда кечади –
уларда оналик туйғуси мавжуд, бу туйғу эр кишилардаги оталик туйғусидан бир
неча баробар кучлироқдир. Айнан ана шу – аѐллардаги оналик туйғусини уйғотиб
ҳам муҳаббатга сазовор бўлиш мумкин, яъни аѐл эр кишининг ночор аҳволи,
ижтимоий ҳаѐтда тутган ўрни, яшаш шароитидаги қийинчиликлар ѐки муҳаббатга
сазовор бўла туриб, унга эриша олмаган ҳолатларни англаб унга раҳм-шавқат ва
меҳрибонлик қилиш истаги пайдо бўлиши мумкин. Агар муносабатлар давом этса,
кўнгил боғланишлари ўз-ўзидан пайдо бўлади. Бироқ, бундай муҳаббатда аѐлнинг
эркакдан устунроқ эканини кўрсатиш, ҳукмрон-ҳимоячи вазифасини бажаришга
уриниш ҳолатлари ҳам учрайди, эркак эса фарзанд қаторига тушиб қолади,
муносабатлар эр-хотин эмас, она-бола тусига киради. Эр киши бунга чидаса,
кўникса, ҳаѐт давом этади, агар кўника олмаса, муносабатлар бузилади.
5. Рашкли муҳаббат. Кишининг руҳият оламида гўѐ ўзига тегишли деб
ҳисобланадиган бахт ҳадя этувчи воситанинг дахлссизлигини сақлаш, ҳимоя қилиш
мажбурияти бор, у ҳам турли туйғуларни пайдо бўлишига сабаб бўлади, хусусан,
кўнгил муносабатларидаги бир кўриниши у рашк шаклида ҳам намоѐн бўлади.
Айрим ахлоқшунослар гуѐ севишганлар бир-бирларини рашк қилишлари шарт,
деган мулоҳазаларни билдирадилар. Агар шундай рашк мавжуд бўлса у ижобий
рашк, яъни қизғониш, аввайлаб-асраш маъноларини англатади ва улар ўзаро
муҳаббатда мавжуд бўлиши лозим. Лекин ушбу сатлар муаллифи “рашк” сўзини
бошқачароқ тушунади. Рашк кўп ҳолларда бир томонлама муҳаббатда пайдо бўлади,
яъни рашкнинг пайдо бўлишидаги асос таклиф этилаѐтган муҳаббатга талаб мавжуд
эмас, у қабул қилинмайди ѐки очиқдан-очиқ рад этилади. Бу холда рашк туйғуси
муҳаббат туйғусидан ошиб кетади, яъни эришиш истаги эгаллаш илинжи кучайиб
кетади – инсонни ўз онги эмас, балки руҳнинг истак-илинжлари бошқара бошлайди.
Аслида бундай муҳаббат азобли ѐки муҳаббат туйғусининг ўлим олди талвасасидир.
Бунда муҳаббат ўлаѐтганини, енгилаѐтганини сезиб туради, азоб шундан пайдо
бўлади. Рашкли муҳаббат ѐшларнинг туйғуларида кўпроқ номоѐн бўлади,
романтикага моил эркак ва аѐлларда эса умрининг охиригача сақланиб қолади.
Рашкли муҳаббатнинг бундай азобида ижобий хусусиятлар ҳам йўқ эмас. У
инсон хаѐлот оламини англаб етишида беқиѐс хизмат кўрсатади, тафаккурни
бойитади, олам қонуниятлари сари йўл очади. Чунки бунда инсон “ўз ѐғига ўзи
қовурилади” – ўз ожизлигига қарши ѐлғиз ўзи курашади. Бироқ ижобийлик ҳамма
холатларда ҳам эмас, рашк азобига қарши курашишда инсоннинг ирода кучи етса, у
юксалади, иродасизлик қилган ҳолларда эса у тубанлашади.
6. Манфаатли муҳаббат – бунда ўз-ўзидан маълум, кўнгил боғланишларида
бахт ҳадя этувчи қўшимча воситалар манфаат шаклида иштирок этади. Афтидан
манфаатли муҳаббатнинг анчагина кўринишлари мавжуд ва уларни икки гуруҳга
бўлиш мумкин. 1. Эзгу манфаатлар – кишининг интилишлари инсонийлик
тушунчаларига мос келади, уларга мисол тариқасида фарзандлар, уларнинг бахту-
камоли, фаровон турмуш сингариларни айтиб ўтиш мумкин. 2. Ёвуз манфаатлар,
улар инсонийлик тушунчаларига зид бўлган интилишларни бирлаштиради, бундай
муҳаббатга ѐлғон аралашган бўлади, масалан бойликка, амалга, шон-шухратга
шериклик илинжи, вақтинчалик эрмак, биргаликда бошқасининг ҳисобига саѐҳат,
хатто фохишалик хам уларнинг кўринишларидир. Бунда энг асосий қонуният
манфаат тугаган жойда муҳаббат ҳам ўлади, бундай қонуният хатто эзгу
манфаатларга ҳам тегишли – айрим ҳолларда отани ѐки онани фарзандларнинг
келажаги ҳам қизиқтирмай қўйиши мумкин.
Биз инсон қалбидаги муҳаббатнинг айрим кўринишларини алоҳида-алоҳида
таҳлил этишга уриндик. Бироқ бу буюк туйғунинг жозибаси ва мукаммаллиги
шундан иборатки, у ҳеч қачон якка ҳолда учрамайди, кўп ҳолларда эса юқорида
санаб ўтилган шаклларнинг икки-учтаси биргаликда қўшилиб келади. Масалан,
меҳрли муҳаббат рашкли, ҳурматли, манфаатли муҳаббат билан ѐки манфаатли
муҳаббат уларнинг исталгани билан, раҳм-шавқатли муҳаббат эса меҳрли муҳаббат
билан биргаликда келиши мумкин ва бу боғланишлар муҳаббатнинг турли туман
кўринишларини намоѐн этади. Бу гўѐки болалар калейдоскопи сингаридир – рангли
тошлардан биттасининг ўрни “қилт” этиб ўзгарса, тасаввуримиз фонидаги тасвир
бошқа шаклга киради. Бу тасвирларнинг миллиардлаб кўринишлари мавжуд ва
инсон зоти муҳаббатнинг бу кўринишлари ҳаммасига тўлиқ таъриф бера олмайди.
Шу боис, одамзод муҳаббатни тараннум этишдан ҳеч қачон тўхтаб қолмайди.
Бинобарин, муҳаббат туйғусига бизнинг бу таърифимиз ҳам сўнггиси эмас –
мутафаккирлар бизгача ҳам муҳаббатга турлича таъриф берганлар, биздан кейин
ҳам янгидан-янги таърифлар келтирилаверади.
Сўзлар рангли тош,
Идрок – кўзгулар.
Қилт этиб ўзгарса бир сўзнинг ўрни,
Фикрлар фонида тасвир ўзгарар.
Тўрт тошдан яралган миллион манзара,
Миллион хил фикрга етар тўртта сўз,
Таърифлай десанг бу гўзалликни гар,
Миллион шоирнинг минг хил фикри оз....
( шеърий сатрлар ўзимизники – муаллиф)
Do'stlaringiz bilan baham: |