15 - МАВЗУ. САНОАТ ИШЛАБ ЧИҚАРИШИДА БАҲО ВА БАҲОЛАШ
15.1. Баҳо – бозор муносабатларининг иқтисодий категорияси сифатида
15.2. Баҳо тушунчаси ва унинг функциялари
15.3. Баҳонинг турлари ва структураси
15. 1. Баҳо - бозор муносабатларининг иқтисодий категорияси сифатида
Баҳо бозор категорияси бўлиб, товарлар айирбошланганда юз берадиган муносабатларни англатади. Оқилона, илмий жиҳатдан асосланган баҳо ва баҳолаш иқтисодиётнинг илмий ва амалий воситаларидан бири ҳисобланади.
Баҳо сиёсати - бу давлатнинг иқтисодий сиёсати ва иқтисодий стратегиясининг муҳим ажралмас қисмидир. Шу сабабли ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда, меҳнаткашларнинг ташаббуси ва омилкорлигини ривожлантиришда баҳо белгилаш сиёсати алоҳида ўрин эгаллайди. Баҳони хўжалик механизми ва ўзини ўзи пул билан таъминлашнинг кўтариб турувчи устуни дейиш мумкин. Жамоанинг ва айрим ходимнинг даромадлари, улар иқтисодий манфаатлари нархнинг, яъни баҳонинг тўғри белгиланишига боғлиқдир.
Баҳо бамисоли барометр каби бозор ҳолатини кўрсатиб туради, у пасайиб кетса, товар бозори касодга учрайди, товар нафсиз бўлиб, уни бошқа товар билан алмаштириш ёки унинг сифатини яхшилаш зарурлиги кун тартибига қўйилади.
Баҳо пул муомаласи ҳолатига, кредитлаш самарадорлиги ва иқтисодиётнинг молиявий соғломлиги билан боғлиқ. Давлатнинг, корхона (фирма) лар ва уларда ишловчиларнинг, умуман аҳолининг ўзаро режали боғланиши баҳо ёрдамида амалга оширилади, ижтимоий ресурслардан фойдаланиш таъминланади, ялпи ички маҳсулотни ҳисобга олиш ва тақсимлаш амалга оширилади. Баҳони товар қиймати белгилайди, аммо бозор иқтисоди шароитида у аниқ қийматдан юқори ёки кам бўлиши мумкин, бу эса бозордаги ўша маҳсулотга бўлган талаб ва таклифга боғлиқ бўлади. Товар баҳосининг даражаси, Шунингдек, товарнинг ижтимоий фойдалилиги даражаси ва бошқа товарлар ўрнини боса олиши, муомаладаги пулнинг харид қувватига ҳам боқлиғ бўлади. Бозор иқтисодиёти шароитида баҳо ёрдамида корхоналар ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг асосий муоммоларидан бири, нима ишлаб чиқариш фойдали эканлигини ҳал этади. Баҳо товар таклифи, аҳолининг тўлов қобилияти, ишлаб чиқариш ресурсларининг ошиб ёки камайиб кетиши тўғрисида корхона эгаларига ахборот берувчи восита ҳамдир. Баҳонинг яна бир вазифаси қиймат ўлчовидир, бунда қилинган харажатлар ва олинган натижа маълум бир нарх ёрдамида ҳисоб-китоб қилинади.
Хўжалик юритиш амалиётида эса баҳо муҳим иқтисодий восита, дастак деб қаралади. Маълумки, қиймат ишлаб чиқариш категорияси бўлиб, ишлаб чиқаришдаги меҳнат сарфланиши билан боғлиқ муносабатларни ифода этади. Товарнинг яратилишида моддийлашган ва жонли меҳнат сарф этилади. Уларнинг мажмуаси қийматдир. Аммо қиймат ҳар қандай меҳнат сарфи эмас. Қиймат товарни яратишга кетган ижтимоий зарур меҳнат сарфи, аниқроғи эҳтиёжни қондира олгани сабабли бозорда тан олинган меҳнат сарфидир, чунки меҳнатнинг бир қисмини, агар у керакли бўлмаса, бозор инкор этади ва шу қисми қийматни яратишда иштирок этмайди.Муайян баҳо шароитида кўпроқ фойда олиш учун харажатларни камайтириш зарур.
Баҳолар товар-пул муносабатлари муомаласининг шакли ва реализация қилинадиган маҳсулот турига кўра фарқланади. Аммо баҳонинг турлари бир бири билан ўзаро боғлиқ бўлиб, улар ягона тизимни ташкил этади. Мазкур тизимнинг муҳим элементлари қуйидагилардир:
а) улгуржи баҳолар. Улар фирмалар ўз маҳсулотларини катта ҳажмда бошқа фирмаларга ёки воситачиларга ва улгуржи савдо ташкилотларига сотаётганлирида қўлланилади. Улгуржи баҳо корхоналарга ишлаб чиқариш харажатларини қоплашни, зарур фойда олишни таъминлаб бериши зарур;
б) чакана баҳолар. Улардан товарларни бевосита истеъмолчиларга сотишда фойдаланилади. Бу баҳоларга давлат савдоси, хусусий мулк эгалари дўконлари ва бозорда юзага келаётган баҳолар киради. Чакана баҳо даражаси аҳолининг реал даромадлари билан белгиланади.
в) харид баҳолари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат томонидан сотиб олинишида ишлатилади.
г) дунё баҳолари халқаро савдо муносабатларида қўлланилади.
Баҳолар товар ишлаб чиқаришнинг ривожланишига ўз вазифалари орқали таъсир этади. Бозорда турли меҳнат сарфлари умумий, яъни ижтимоий зарур меҳнат сарфига келтирилади ва шу сарфнинг пулда ифодаланиши баҳони ҳосил қилади.
Бозорда сотувчи билан харидор ўртасидаги иқтисодий муносабат бўлганидан нархнинг шаклланишида ҳар икки томон иштирок этади. Харидор деганда, биз товар ва хизматларни истеъмол этувчилар – фуқаролар, ишлаб чиқаришни юргизиш учун ресурсларни сотиб олувчи фирмаларни тушунамиз. Баҳоларнинг шаклланишида товарни ишлаб чиқаришдан тортиб, истеъмолга етгунгача бўлган меҳнат сарфлари иштирок этади. Жамики харажатлар баҳо таркибига киради.
Баҳони шакллантирадиган асосий омиллар эса қуйидагича:
1. Иқтисодий харажат даражаси;
2. Товарларнинг нафлилик даражаси;
3. Товарга бўлган талаб ва унинг таклифи;
4. Рақобат шакллари ва усуллари;
5. Товарни истеъмол қилиш вақти.
Рақобат чекланган бозорларда (соф монополия, монополистик рақобат, олигополия) ишлаб чиқарувчиларнинг ўрни бозор нархларини белгиловчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Монополия шароитида бозорда бир турдаги маҳсулотлар таклиф қилиниши сабабли баҳо устидан тўлиқ назорат амалга оширилади.
Бу дегани монополист ишлаб чиқарувчиларнинг нарх белгилашдаги ҳукмронлиги, истеъмолчи даромадлари чеклангани бўлиб, тўқнаш келади. Ўрнини босувчи товарларнинг мавжудлиги ҳам уларнинг баҳо белгилашдаги мутлақ имкониятини чеклайди.
Олигополия шароитида эса алоҳида ишлаб чиқарувчилар (сотувчилар) бир-бирига боғлиқ бўлганликлари сабабли баҳоларни мустақил белгилашга ботина олмайдилар. Фақат баҳо белгилашда яширинча келишишлари мумкин.
Баҳонинг шаклланишини қуйидагича ифодалаш мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |