3.12. Номоддий активларни қабул қилишни ҳужжатлаштириш.
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга асосан (9-модда) бошланғич ҳисоб ҳужжатлари хўжалик муомалалари амалга ошириб бўлингандан сўнг, тузилади. Номоддий активларни ҳисобга олишда дастлабки ҳужжатлар (шартнома, далолатнома) қуйидаги асосий реквизитларга эга бўлиши лозим; ҳисоб (архив) рақами, номи ва шартли шифри, ахборотларнинг материал кўриниши, объектлардан фойдаланиш муддатлари, асл нусхаларининг сақлаш жойи, жорий этган шахслар (корхона, ташкилот), объектдан фойдаланувчилар, ҳужжатларни сақлаш рақамлари, харажатларга олиб бориш объектлари ва бошқа кўрсаткичлар. Шунингдек, қонунга кўра ҳисобот даврига тегишли бўлган хўжалик муомалалари ва улар амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар олинмаган бўлса, тегишли бошланғич ҳужжатлар расмийлаштирилиб, бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши кўрсатилади.
Номоддий активларнинг дастлабки ва жамлама ҳисоби иқтисодий адабиётларда тўлиқ ёритилмаган.
Корхоналарда номоддий активлар бўйича дастлабки ҳисобни ташкил қилишда уларни қайд этувчи янги ҳужжат шаклларини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш керак бўлади. Номоддий активларни киримга олиш учун қуйидаги ҳужжатларни қўллаш мақсадга мувофиқдир.
Номоддий активларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси (НМА –1 шакл).
Мазкур далолатноманинг шакли амалиётда меъёрий - ҳуқуқий жиҳатдан ўз тасдиғини топмоқда. Номоддий активлар қайси манба ҳисобидан қабул қилинмасин (харид қилиш, устав капиталига қўшиш, бошқа активларга алмаштириш, грант ёки субсидия кўри-нишида олиш, корхонанинг ўзида шакллантириш ва бошқалар), улар шартномаларга мувофиқ «Номоддий активларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси» НМА-1 шакл бўйича расмийлаштирилиши лозим.
3.13. Номоддий активларнинг аналитик ва синтетик ҳисобини ташкил қилиш.
Номоддий активлар турларига қараб 0400 – счётнинг қуйидаги счётларида ҳисобга олинади:
0410-«Патентлар, лицензиялар ва ноу-хау»
0420-«Савдо маркалари, товар белгилари ва саноат намуналари»
0430-«Дастурий таъминот»
0440-«Ер ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқлари»
0450-«Ташкилий харажатлар»
0460-«Франчайз»
0470-«Муаллифлик ҳуқуқлари»
0480 -«Гудвилл »
0490 -«Бошқа номоддий активлар».
Объектларни номоддий активларга ўтказиш ва уларнинг таркиби 7 – «Номоддий активлар» бухгалтерия ҳисобининг Миллий андазаси билан тартибга солинади.
Номоддий активларнинг амортизацияси 0510 – 0590 счётларининг кредитида ҳисобга олинади. Бу счётлар пассив, тартибга солувчи счётлар бўлиб, уларнинг сальдоси кредитида бўлади. Бу счётларнинг кредит сальдолари ҳисобланган амортизация суммасини, яъни номоддий активлардан фойдаланиш даврида қопланган харажатлар суммасини кўрсатади.
Дебет обороти 9220 «Бошқа активларнинг чиқиб кетиши» счёти билан корреспондентланган ҳолда ҳисобот даврида ҳисобдан чиқарилган номоддий активлар амортизация суммасини кўрсатади;
Кредит обороти 2010, 2510, 9400, 3100 ва бошқа счётлар билан корреспондентланган ҳолда ҳисобот даврида ҳисобланган амортизация суммасини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |