9.6. Мақсадли тушумлар ҳисоби. Грантлар, субсидиялар ва беғараз ёрдамларни ҳисобга олиш 1998 йил 3 декабрда Адлия вазирлиги томонидан 562-рақам билан тасдиқланган «Давлат субсидиялари ҳисоби ва давлат ёрдамини изоҳлаш» номли 10-сон БҲМС билан тартибга солинади.
Грант (субсидия) деганда хўжалик юритувчи субъектларга улар белгиланган шартларни бажарганларида иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида давлат ёки халқаро хорижий ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган пул ёки натура кўринишидаги ёрдам тушунилади.
Шу билан биргаликда субсидия ва грантлар турли нодавлат, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар томонидан маълум дастурларни амалга ошириш учун корхоналар томонидан тақдим этилиши мумкин.
Грант ва субсидиялар қуйидаги счётларда ҳисобга олинади:
8810-«Грантлар»;
8820-«Субсидиялар».
Мазкур счётларда ўз сармоясига киритилувчи ҳамда корхона фаолиятини молиялаш манбаи сифатида кўриб чиқиладиган ажратилган грант ва субсидияларнинг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олинади.
Пул шаклида олинган грантлар қуйидагича акс эттирилади:
Д-т 5110, 5210-«Пул маблағлари»счётлари
К-т 8810-«Грантлар».
Грантлар ҳисобига устав капиталининг ортиши қуйидагича акс эттирилади:
Д-т 8810-«Грантлар»
К-т 8310, 8320, 8330 Устав капиталини ҳисобга олиш счётлари.
Грант ажратган ташкилотнинг грант суммасини корхона устав сармоясига бадал сифатида киритиш ҳақидаги қарори зарур. Устав капиталининг ошишига ҳамда янги муассис пайдо бўлишига барча муассисларнинг розилиги ҳам керак ва таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш лозим:
Д-т 8810-«Грантлар»
К-т 8530-«Текинга олинган мол-мулк».
Субсидияни олиш шакли уни ҳисобда акс эттириш тартибига таъсир этмайди. Активларга тегишли давлат субсидиялари қуйидагича акс эттирилади:
активнинг фойдали хизмат муддати давомида даромад сифатида тан олинадиган мақсадли тушумлар сифатида;
келиб тушган активнинг баланс қийматини камайтиради ҳамда амортизацияланадиган активдан фойдали фойдаланиш муддати давомида ҳисобланадиган эскиришни қисқартириш йўли билан молиявий натижалар тўҒрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.
Шунингдек, 8800-«Мақсадли тушумлар» гуруҳида қуйидаги счётлар очилган:
8830-«Аъзолик бадаллари»
8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари».
8830-«Аъзолик бадаллари» счётида таъсис ҳужжатлари билан белгиланган жамият аъзоларининг аъзолик бадаллари акс эттирилади. Аъзолик бадалларининг тушуми 8830-«Аъзолик бадаллари» счёти кредити бўйича пул маблағларини ҳисобга олиш счётлари билан корреспонденцияда акс эттирилади.
Солиқ солишдан озод этиш натижасида бўшаган маблағлар суммаларини мақсадли вазифаларни бажаришга йўналтиришнинг ҳисоби 8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» счётида амалга оширилади.
Бюджетга тўловлар бўйича (турлари бўйича) қарзларни ҳисобга олиш счётлари бўшаган маблағлар суммасига дебетланади, 8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» счёти кредитланади. Солиқ солишдан озод этиш натижасида бўшаган маблағлар суммалари имтиёзли давр кўрсатилган тақдирда – имтиёзли давр тугагач, қолган ҳолларда эса - ҳар йили 8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» счёти дебетидан 8530-«Бепул олинган мол-мулк» счёти кредитига ҳисобдан чиқарилади.