9.3. Устав капиталини шакллантириш ва унинг ўзгаришини ҳисобга олиш.
Устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳиссаларнинг (пулда ифодаланган ҳолдаги) йиғиндисини акс эттиради. Устав фондига (устав капиталига) ҳиссалар шаклида киритиладиган моддий ва номоддий активлар таъсисчилар (иштирокчилар) ўртасидаги келишувга кўра баҳоланади, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланиши керак.22
Устав капитали - ҳуқуқлар ва имтиёзлар олиш учун корхона муассислари томонидан таъсис ҳужжатларига мувофиқ қўшилган (тўланган) ҳамда корхонанинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий бойликлар, пул маблағлари ва харажатлар мажмуидир.
Устав капиталини ташкил қилиш амалдаги қонунлар ва таъсис ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Устав капиталига ҳисса шаклида қўшиладиган моддий ва номоддий активлар таъсисчилар келишувига ёки юридик шахс ижроия органининг қарорига кўра баҳоланади ва ҳисобга олинади.
Устав капитали ўзида хўжалик субъектини ташкил қилиш вақтида унинг таъсис ҳужжатларида белгиланган миқдорда фаолият кўрсатишини таъминлаш учун таъсисчиларнинг улушлари йиғиндисини ифодалайди.
Ташкил этилаётган хўжалик субъектининг устав капитали унинг муассислари (иштирокчилари) томонидан киритилган маблағлар ҳисобига жамланади. У муассисларнинг умумий мол-мулки ва айни вақтдаги юридик шахс сифатида субъектнинг мол-мулки ҳам ҳисобланади. Демак, бу устав капитали бир томондан корхона ўз маблағлари манбаи бўлса, иккинчи томондан эса, ҳар бир муассиснинг мол-мулкидир.
Устав капиталининг шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда корхона ва ташкилотларнинг ташкилий - ҳуқуқий шаклларига мувофиқ таъсис ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Мулкчиликнинг турли шакллардаги корхоналарда устав капиталининг миқдори қуйидагича белгиланади:
акциядорлик жамиятларида - устав капитали номинали бўйича акциялар жами қийматига мувофиқ;
мулкка жамоа эгалиги бўлган корхоналарда - барча ходимлар улушлари суммасига мувофиқ;
давлат корхоналарида - устав капитали давлат хўжалигини амалга ошириш учун корхонага бириктириб қўйилган мол-мулк суммасига мувофиқ;
масъулияти чекланган жамият(ширкат)ларда - таъсис хужжатларига биноан мулкка эгалик ҳиссалари суммасига мувофиқ;
давлатга қарашли корхоналарда - устав фонди миқдори унинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун давлат томонидан бириктирилган мол-мулк суммасига мувофиқ келади. Бу миқдор таъсис ҳужжатларида корхонани ташкил қилиш ва унинг балансига мол-мулкни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда қайд этилган миқдорга мос келиши керак.
Давлат корхонасининг устав капитали - давлат томонидан корхонанинг доимий тасарруфига текинга берилган моддий ва пул маблағлари суммасидир. Устав капитали ҳисобига асосий ва айланма маблағлар шаклланади.
Устав капиталининг бухгалтерия ҳисоби қуйидаги асосий меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади:“Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонун23,«Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисоботлар» 1-сон БҲМС, «Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома» 21-сон БҲМС, «Хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот» 14-сон БҲМС, «Бухгалтерия баланси» 15-сон БҲМС ва бошқалар.
Устав капитали бўйича муомалалар ҳисоби 8300-«Устав капиталини ҳисобга олувчи счётлар» счётида ҳисобга олинади. Ушбу счёт қуйидаги учта счётни ўзида жамлайди:
8310-Оддий акциялар
8320-Имтиёзли акциялар
8330-Пай ва улушлар
8310-Оддий акциялар счёти давлат ихтёридаги корхоналар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг устав фондини ҳамда акциядорлик ва ширкат жамиятларининг устав капиталини ҳисобга олиш учун хизмат қилади.
8320-Имтиёзли акциялар счётида имтиёзли акциялар кўринишида муомалага чиқарилган акциядорлик капиталининг миқдори ҳисобга олинади.
8330-Пай ва улушлар счётида акциядорлик шаклидан ташқари, бошқа мулкчилик турларида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капитали шаклланиши ҳисобга олинади.
Корхонанинг акциядорлик капитали ҳисобида рўйхатдан ўтган, лекин эмиссияси тугалланмаган миқдорда ҳисобга олиниши сабабли эълон қилинган (чиқаришга рухсат берилган), чиқарилган (акциядорлар томонидан обуна амалга оширилган) ва муомаладаги оддий акцияларнинг ҳар қайси эмиссияси бўйича алоҳида таҳлилий счёт юритиш талаб қилинади.
Хўжалик субъектининг иқтисодий фаолияти давомида унда устав капиталини ошириш ёки камайтириш зарурияти пайдо бўлиши мумкин. Бунда муассислар қарори билангина устав капиталини ўзгартиришга йўл қўйилади ва матбуотда унинг ўзгариши ҳақида эълон берилади ҳамда таъсис хужжатлари қайта рўйхатдан ўтказилади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, устав капиталининг оширилиши таъсисчиларнинг қўшимча қўйилмалари ҳисобига ёки тақсимланмаган фойдадан ажратма қилиш ҳисобига амалга оширилиши мумкин.
Баъзи ҳолларда устав капиталига янги муассис келиб қўшилиши мумкин. Бу эса қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:
устав капитали улушини бир ёки бир неча шерикдан сотиб олиш;
қўшимча сармоя киритиш.
Устав капитали – таъсис ҳужжатларида белгиланган доирадаги фаолиятни таъминлаш учун хўжалик субъектини ташкил этиш чоғида унинг мулкига муассислар (аъзолар) қўшган улушларининг йиғиндиси (номинал қиймати бўйича ҳиссалари, акциялар) пул бирлигида ифодалашдир.
Шундай қилиб, ташкил этилган хўжалик субъектининг устав капитали унинг муассислари томонидан қўшилган маблағларидан тўпланиб боради. У бир вақтнинг ўзида муассисларнинг жамоавий мулки ҳамда юридик шахс бўлган хўжалик субъектининг мулки ҳисобланади. Бу нуқтаи назардан қараганда устав капитали бир томондан хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари фонди, бошқа томондан эса ҳар бир муассиснинг мулки сифатида намоён бўлади.
Устав капиталини шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклига мувофиқ таъсис ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Уставни рўйхатга ўтказиш пайтида эълон қилинган устав капиталининг бутун миқдори қуйидаги проводка орқали ифодаланади:
4610 – «Устав капиталига бадаллар бўйича мулкдорлар қарзлари» счёти дебети.
8310 – «Устав капитали» счёти кредити.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ хўжалик субъекти мулкдорлар хўжалик субъекти рўйхатидан ўтказилгандан кейин бир йил мобайнида ўз улушларини тўлиқ қўшишлари шарт.
Хўжалик фаолиятининг 3 та асосий ташкилий-ҳуқуқий шакли мавжуд: якка эгалик, хўжалик жамиятлари ва ширкатлари акциядорлик жамияти (корпорация).
Якка эгаликдаги уставни рўйхатга ўтказиш чоғида рўйхатга олинган устав капитали (УК) ҳажми ёзувида қайд этилади:
4610 – «Устав капиталига бадаллар бўйича мулкдорларнинг қарзи» счёти дебети.
8330 – «Устав капитали» счёти кредити.
Бунда 8330 – счётда хўжалик юритувчи субъект ягона мулкдор улушининг миқдори акс эттирилади. Хусусий корхона амалдаги қонун ҳужжатларига кўра ўз уставини устав капитали миқдорини маълум қилмасдан ҳам рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга.
Устав капиталига улушларнинг келиб тушиши устав капитали ҳисоб варағига таъсир кўрсатмайди, балки муассис қарзини сўндиради. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ устав капиталига бадаллар даромад ҳисобланмайди ва солиққа тортилмайди.
Корхона рўйхатдан ўтганидан сўнг рўйхатдан ўтказилган устав капитали суммасига корхона олдида муассисларнинг қарзи вужудга келади. Таъсисчиларнинг устав капиталига бўлган қарзлари бўйича олиб бориладиган ҳисоб-китобларнинг ҳисоби 4610-«Устав капиталига бадаллар бўйича таъсисчиларнинг қарзлари» счётида олиб борилади.
4610-счёт актив бўлиб, дебет сальдоси таъсисчиларнинг ой бошига бўлган сальдосини кўрсатади. Дебет обороти ҳисобот ойида вужудга келган таъсисчиларнинг қарзларини акс эттирса, кредит обороти таъсисчилар томонидан ўтказиб берилган пул маблағлари, моддий қийматликлар ва мулклар қийматини кўрсатади.
Таъсисчилар билан олиб бориладиган ҳисоб-китобларнинг аналитик ҳисобини юритиш учун асос бўлиб таъсис ҳужжатлари, асосий воситалар ва номоддий активларни қабул-қилиш-топшириш далолатномалари, кирим касса ордерлари ва бошқалар ҳисобланади.
Рўйхатдан ўтказилган устав капитали суммасига 4610-«Устав капиталига бадаллар бўйича таъсисчиларнинг қарзлари» счёти дебетланиб, 8310-«Оддий акциялар», 8320-«Имтиёзли акциялар» ва 8330-«Пайлар ва улушлар» счётлари кредитланади.
4610-«Устав капиталига бадаллар бўйича таъсисчиларнинг қарзлари» счёти бўйича счётлар корреспонденцияси
-
№
|
Хўжалик муомалаларининг мазмуни
|
Счётлар корреспонденцияси
|
дебет
|
кредит
|
1.
|
Устав капиталига улушлари бўйича таъсисчилар қарзларининг ташкил этилиши
|
4610
|
8310,
8320,
8330
|
2.
|
Таъсисчилар қарзларининг асосий воситалар тарзида тўланиши
|
0110-0190
|
4610
|
3.
|
Таъсисчилар қарзларининг номоддий активлар тарзида тўланиши
|
0410-0490
|
4610
|
4.
|
Таъсисчилар қарзларининг пул маблағларини бериш йўли билан тўланиши
|
5010,
5110,
5210
|
4610
|
5.
|
Таъсисчилар қарзларининг бошқа активлар тарзида тўланиши
|
1010-1090, 2910
|
4610
|
Do'stlaringiz bilan baham: |