8.3.Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарни кредитлаш
Бугунги кунда Республикамизда пул-кредит дастакларининг тижорат банклари фаолиятида таъсири механизми нуқтаи назаридан олиб караганда, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналардаги бериладиган кредитлар миқдори марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасига, марказий банкнинг сўмдаги депозитлар бўйича мажбурий захира ставкасига ва кредитларнинг ўртача фоиз ставкасига тескари мутаносибдир. Ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) Миллий банкининг кредит ресурслари миқдорига эса тўғри мутаносибдир. Бунинг сабаби шундаки, Марказий банкнинг мажбурий заҳира ставкалари оширилиши тижорат банкларининг кредитлаш салоҳиятларини тўғридан тўғри пасайтиради. Мажбурий захира ажратмалари тижорат банкларининг жалб қилинган ресурсларига нисбатан ҳисобланади. Ўз навбатида жалб қилинган ресурсларнинг асосий қисми тижорат банкларининг кредит ресурслари ҳисобланади.
Бугунги кунда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган кредитларга таъсир қилувчи асосий омиллар сифатида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган кредитлар ҳажми, кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси, Марказий банкнинг сўмдаги депозитлари бўйича мажбурий захира ставкаси, ТИФ Миллий банкининг кредит ресурслари кабиларни келтириш мумкин.
ТИФ Миллий банкининг хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг кредитлаш салоҳиятига таъсир килувчи муҳим омиллардан яна бири, кредит ресурсларининг етарлилик даражаси ҳисобланади. Кредит ресурсларининг етарли даражада бўлиши тижорат банкларига ўз мижозларини барқарор тарзда кредитлаш имконини беради. Халқаро банк амалиётида кредит ресурсларининг етарлилик даражаси куйидаги иккита кўрсаткич орқали аниқланади:
1. Трансакцион депозитлар кўрсаткичи.
Бу кўрсаткични аниқлаш учун трансакцион депозитлар суммаси тижорат банкининг жами депозитлари суммасига бўлинади ва олинган натижа 100 фоизга кўпайтирилади. Экспертларнинг фикрига кўра, агар тижорат банклари депозитларининг салмоғи 30 фоиздан ошмаса, банкнинг депозит базаси барқарор ҳисобланади.
2. Тижорат банки умумий капиталининг етарлилик даражаси.
Буни аниклаш учун умумий капитал суммаси банк активларининг рискка тортилган суммасига бўлинади ва олинган натижа 100% га кўпайтирилади. Халқаро Базел стандарти бўйича тижорат банклари умумий капиталининг етарлилик коэффициентини минимал даражаси 8% ни ташкил этилиши лозим. Агар бу коэффициентининг хақиқатдаги даражаси 8% дан паст булса у холда тижорат банкининг умумий капитали етарли эмас деб ҳисобланади.
Жаҳоннинг етакчи банлари экспертларнинг тавсиясига кўра, соф фоизли маржа кўрсаткичининг меъёрий даражаси 4,5% ни, соф фоизли спрэд кўрсаткичининг меъёрий даражаси эса, 1,25% ни ташкил этади. Миллий банк тизимида соғлом рақобат муҳити мавжуд бўлган шароитда тижорат банклари ана шу белгиланган даражаларда фаолият юрита оладилар. Агарда банк тизимида соғлом рақобат муҳити шакллантирилмаган булса, у ҳолда монопол банклар ушбу кўрсаткичларнинг юқори даражасида фаолият юритиш имкониятига эга бўлишади, кичик ва ўрта тижорат банклари эса бу кўрсаткичларнинг меъёрий даражасини ҳам таъминлай олишмайди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги даврда ТИФ Миллий банкининг хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни кредитлаш салоҳиятига асосан учта омил таъсир килмокда. Булар Марказий банкнинг мажбурий захира талабномасининг ўзгариши, кредитларнинг фоиз ставкалари ўзгариши ва ТИФ Миллий банки кредит ресурсларининг етарлилик даражасидир. Шу сабабли, ушбу омиллар банкнинг кредитлаш салоҳиятига нисбатан юзага келиш эҳтимоли бўлган салбий таъсирларга барҳам бериш муҳим амалий аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |