Мустақил ўрганиш учун саволлар
Давлат кадастрлари ягона тизими (ДКЯТ) нима?
ДКЯТ нинг объектларига нималар киради?
ДКЯТ ни юритиш қандай тамойилларга таянади?
ДКЯТ ни вужудга келтириш ва ривожлантириш қайси ташкилотга юклатилган?
ДКЯТ да ер кадастрининг ўрни қандай?
Давлат ер кадастрларининг асосий вазифалари нималардан иборат?
Давлат ер кадастрларининг иқтисодиёт тармоқларидаги аҳамияти тўғрисида нималарни биласиз?
1.3. Давлат ер кадастрининг турлари, тамойиллари ва ҳужжатлари
Ўтказилиш мазмуни ва тартибига қараб давлат ер кадастри асосан икки турга бўлинади: асосий (бирламчи) ва жорий (кундалик).
Асосий ер кадастрининг вазифаси ер майдонларининг табиий, хўжалик ҳамда ҳуқуқий ҳолатлари тўғрисида маълумотларни бирламчи сифатда олиш ва уларни ер кадастри хужжатларида ёритишдан иборат. Асосий ер кадастри даврий равишда ер майдонларининг қайта тасвирга олишдан, ерларни холатини кузатувдан, ер баҳолаш ишларини бажаргандан сўнг, янги ердан фойдаланувчилар ёки ер мулкдорлари ташкил этилганда, шунингдек, қайтадан тасдиқланган ер кадастри хужжатларини навбатдаги тулдириш чоғида ўтказилади.
Асосий ер кадастрида ердан фойдаланувчиларнинг умумий майдонлари, ер турларининг таркиби, ерларнинг сифат ҳолати, тупроқларнинг бонитет баллари ва ерларнинг иқтисодий баҳолари тўғрисидаги маълумотларни ўзида материаллар ва хужжатлар тўпланади, бир тизимга келтирилади ва таҳлил қилинади. Тўпланган материаллар чуқур ўрганилади, уларнинг тўлиқлиги аниқланади ва объективлиги текширилади. Зарур ҳолларда мавжуд материллар таҳлил қилинади ёки мавжуд бўлмаган маълумотларни олиш учун қўшимча ишлар бажарилади. Асосий ер кадастри ер фондининг ҳолати тўғрисида аниқ маълумотлар беради. Ер майдонлари тўғрисида бундай аниқ маълумотларнинг мавжуд бўлиши келгусида ундан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш имконини беради.
Эътироф этиш жоизки, ер кадастри маълумотлари, жумладан ер турлари ва уларнинг таркиби майдонлар бўйича доимо ўзгариб туради. Ушбу ер кадастри маълумотларини шу куннинг талаб даражасига бўлинишини таъминлаш учун ушбу ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаб бориш хамда ер кадастр хужжатларида ёритиб бориш керак. Бу эса ўз навбатида жорий ёки кундалик ер кадастрини юритиб бориш заруриятини туғдиради.
Жорий ер кадастрининг вазифаси асосий ер кадастри ўтказилгандан сўнг ер майдонларидан фойдаланишда рўй берадиган ўзгаришларни аниқлаш ва уларни ер кадастри хужжатларига туширишдан иборат. Бундан ташқари, бошланғич ёзувлардаги хатоларни тузатиш ва замон талабларига мос қўшимча маълумотларни ҳам киритиш жорий ер кадастрининг вазифасига киради. Бошқача қилиб айтганда, жорий кадастр ер кадастри маълумотларини бугунги кун талаб даражасида бўлишини таъминлайди.
Асосий ва жорий кадастр ўзаро бир-бирига боғлиқ бўлган ер кадастрининг босқичларидир. Асосий кадастр жорий кадастрни юритишга замин яратади. Жорий кадастр, асосий кадастр маълумотларини янгилагангани ва тўлдирилгани ҳолда ер майдонлари тўғрисидаги маълумотларни тизимли тарзда шу куннинг талаби даражасида ушлаб туради. Шу сабабли ҳам жорий ер кадастри бўйича ишлар асосий ер кадастри ишлари тугагандан сўнг бирданига ташкил этилиши зарур.
Ер кадастри маълумотларининг аниқлиги ер тузиш, ўрмон тузиш, тасвирга олиш ва кузатув материалларининг сифатига боғлиқ. Жорий ер кадастри ишларида асосий ер кадастри матриалларидан фойдаланилади.
Ер кадастрини юритишда бир қатор тамойилларга амал қилиш зарур. Давлат ер кадастрининг бундай асосий тамойилларига қуйидагилар киради: мамлакатнинг бутун ҳудудини тўла қамраб олиш, фазовий кординаталарнинг ягона тизимини қўллаш, ер кадастрига доир ахборотлар ишлаб чиқиш услубиятининг бирлиги ер кадастрига доир ахборотларнинг тўғри бўлиши, қонунийлик узлуксизлик, кўргазмалилик, марказлашган раҳбарлик ва бошқалар.
Маълумки ер кадастри ишлари мамлакатнинг барча ҳудудларида ягона услубият асосида бажарилиши зарур. Бир даврда мамлакатнинг барча ҳудудларини тўла қамраб олган ҳолда ўтказилган ер кадастри ишларининг натижалари ҳам республикамизнинг ер майдонлари тўғрисида аниқ фикр-мулоҳазалар юритиш имконини беради.
Ер кадастри мақсадлари учун фойдаланиладиган план-картографик материалларни тайёрлашда бугунги кунда фазовий координаталарнинг ягона тизимини қўллаш мақсадга мувофиқдир. Негаки бундай план-картографик материаллар катта аниқликка эга бўладилар, улардан фойдаланиш ер кадастрини юқори аниқликда ўтказиш имконини беради.
Ер кадастрини юритишда қонунийлик тамойилига алоҳида эътибор берилади. Бу тамойилнинг бажарилиши асосан давлатимизни ер, ундан фойдаланиш, ер кадастри ва уни юритиш бўйича қабул қилган қонунлари ҳамда бошқа қатор меъёрий хужжатлари билан таъминланади. Ҳуқуқий демократик жамиятнинг асосий ташкилий тадбирларидан бири ҳисобланган ер кадастри мустаҳкам ҳуқуқий базага эга бўлиши зарур. Буларга Ўзбекистон Республикасининг “Ер кодекси”, “Давлат ер кадастри тўғрисида” ги қонун, ер кадастрини юритиш тўғрисидаги ҳукумат қарорлари, йўриқномалар, ерлардан фойдаланишни давлат назоратини ўрнатиш, ер тузиш ва ерларни муҳофаза қилиш бўйича бошқа меъёрий хужжатлар киради.
Ер кадастрини юритиш узлуксиз ҳолда амалга оширилиши зарур. Жумладан ер кадастри ердан фойдаланишда рўй берадиган ўзгаришларни доимий равишда ҳисобга олиб ер фонди ҳолатининг аниқ тавсифини бериши зарур. Бундан кўринадики, ер кадастри маълумотлари ерларнинг табиий, хўжалик ва ҳуқуқий ҳолатларида бўладиган жорий ўзгаришларни тизимли тарзда аниқлаб берилиши керак. Эътироф этиш зарурки, ҳар бир қишлоқ хўжалик корхонасидаги ер майдонларда ҳар йили жуда кўп сонли ўзгаришлар кузатилади. Маъмурий туман (шахар), вилоят ва ниҳоят мамлакат бўйича эса бундай ўзгаришлар жуда катта миқдорларни ташкил этади. Бу ўзгаришларни доимий равишда аниқлаб бориш ягона ер фондидан фойдаланишни мақсадга мувофиқ бошқариш имконини беради. Шунинг учун ҳам ер кадастрини узлуксиз равишда ўтказиш зарур бўлади.
Юқоридагилар билан бир қаторда, ер кадастрига доир ахборотлар тўғри бўлиши керак. Унинг барча кўрсаткичлари қатъий аниқ, ҳақиқатга тўла мос келиши зарур. Ердан фойдаланишнинг ҳуқуқий, табиий ва хўжалик ҳолатларига мос бўладиган фақатгина объектив маълумотлар мамлакат ер фондидан тўғри фойдаланиш ва бошқариш бўйича давлат вазифаларини бажариш учун муваффақиятли қўлланилиши мумкин. Шунинг учун ҳам ер кадастри хужжатларига бирламчи ёки жорий ўзгаришларни киритиш уларни тасдиқловчи хужжатларга асосланилади.
Ахборотлар тўғри бўлиши нуқтаи назардан ердан фойдаланувчиларнинг ўзлари ҳам ер кадастрини тўғри юритишлари катта аҳамиятга эгадир. Шунинг учун ҳар бир ердан фойдаланувчи ер кадастрини юритиш бўйича ўзидаги зарур хужжатларда ер таркибида рўй берган барча ўзгаришларни аниқ ҳисобга олган ҳолда туман ҳокимиятига ердан фойдаланишнинг ҳақиқий ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этиши зарур.
Хўжаликлар, маъмурий туманлар кундалик ишлаб чиқариш ва бошқа фаолиятларида ер кадастр маълумотларидан тўғри ҳамда кенг фойдаланиш учун улар мумкин қадар кўргазмали бўлиши зарур. Яъни, ер кадастри маълумотлари оддий, тушунарли ҳамда турли план-харита материалларида ҳам акс эттирилиши мақсадга мувофиқдир.
Ер кадастрини мамлакат ҳудудларида тўғри юритиш ҳамда улардан кенг миқъёсда фойдаланиш марказлашган раҳбарлик тамойили асосида давлат ҳокимияти органлари томонидан назорат қилиш билан таъминланади. Ер кадастрининг яхлитлигини таъминлаш бўйича умумий раҳбарлик Ўзбекистон Республикаси Геодезия, картография ва давлат кадастри Давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади. Вилоятда ер кадастри ишларига умумий раҳбарлик вилоят ер ресурслари Геодезия, картография ва давлат кадастри бошқармасига, туман (шахар)да эса туман (шахар) ер ресурслари Геодезия, картография ва давлат кадастри хизматига юклатилган.
Маълумки, асосий ва жорий ер кадастри уларнинг мазмуни ва моҳиятига мос ҳолда ер кадастри хужжатларида ёритилади. Ўзларининг моҳиятига қараб ер кадастри хужжатлари матн-ёзув ва график-чизма турларига бўлинади. Матн – ёзув хужжатлари китоб, қайднома, тушунтириш хатлари кўринишида улиб, ер кадастри маълумотлари натурал кўрсаткичларда ёритилади. График-чизма хужжатлари – бу ер кадастри ишлари ўтказилаётган ҳудудни маълум масштабларда қоғозда акс эттирилиши асосида олинадиган турли план-хариталар, чизмалардир.
Матн ва график - чизма хужжатлар ўртасида доимий равишда узвий боғлиқлик мавжуд. Матн хужжатлар одатда график хужжатлардаги маълумотлар асосида тўлдирилади ва аксинча.
Ер кадастри хужжатлари мазмуни ва моҳияти бўйича асосий, ёрдамчи, бирламчи хужжатларга бўлинади. Асосий ер кадастри хужжатлари ўз навбатида ҳисоб-китоб ва ҳисобот турларига бўлинади. Маъмурий туман (шаҳар) бўйича ер кадастрининг асосий ҳисоб-китоб хужжати – бу туман (шаҳар) давлат ер кадастри китобидир. Ушбу китобда одатда туман (шаҳар) бўйича барча ердан фойдаланувчилар ер мулкдорларининг рўйхати, ерларнинг миқдор ва сифат ҳисоби, тупроқ бонитировкаси ҳамда ерларни иқтисодий баҳолаш маълумотлари қайд қилинади. Ўз моҳияти бўйича иккинчи муҳим ҳисоб китоб хужжати – бу туманннинг навбатчи кадастр харитасидир. У туманда мавжуд бўлган барча ердан фойдаланувчилар, ер мулкдорлари ва бошқа бирликларни маълум масштабдаги харитада ҳудудий жойлашуви бўйича аниқ тасаввур беради. Ер кадастрининг асосий ҳисобот хужжатлари – бу туман (шахар), вилоят ер баланси миллий ҳисобот.
Ердан фойдаланувчиларнинг асосий кадастр хужжатлари – бу барча ерлардан фойдаланишни ҳисобга олиб борадиган ҳамда уларда юз берадиган ўзгаришларни даврий равишда тизимли тарзда ёритадиган хужжатлардир. Бунга асосан ерлардан фойдаланиш ҳуқуқларини берувчи давлат далолатномалари, ерга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ер кадастри китоби ва ердан фойдаланувчиларнинг турли мазмундаги план-хариталари киради.
Ёрдамчи ер кадастри хужжатларига асосан ишчи дафтарлар, ер мулкдорлари, ердан фойдаланувчилар рўйхати, ҳисоботлар ва уларга иловалар, тушинтириш хатлари, очерклар, картограммалар, диограммалар киради. Улар асосий ер кадастри хужжатларида келтириладиган маълумотларни тўлдирадилар.
Асосий ер кадастри хужжатларига ер кадастрини юритиш учун бирламчи хужжат маълумотларидан фойдаланилади. Бошланғич тарзда ер кадастрини юритиш ҳамда жорий ўзгаришларни киритишда ҳам бирламчи хужжатлар асос бўлади. Бундай хужжатларга асосан ер тузиш, ўрмон тузиш, майдонларни тасвирга олиш, ерларни йўқлама қилиш, ер ва экин турларини махсус асбоблар ёрдамида назоратли ўлчов, тупроқ, агрокимё, геоботаник ва мелиоратив кузатув материаллари, ердан фойдаланишда рўй берган ўзгаришларни ўлчов натижалари бўйича материаллар, тупроқ бонитровкаси ва ерларни иқтисодий баҳолаш, майдонлар юзаларини ҳисоблаш қайдномалари кабилар киради.
Асосий ер кадастри хужжатларида юқоридагилар билан биргаликда ер кадастри маълумотларини қонуний равишда тасдиқловчи унга ҳуқуқий асос бўладиган хужжатлар ҳам зарур. Буларга асосан “Ер кодекси”, “Давлат ер кадастри тўғрисида” ги ва “Давлат кадастрлари тўғрисида” ги қонунлар Вазирлар Маҳкамасининг, вилоят ва туман ҳокимятларининг ер муносабатларини тартибга солиш ва ердан фойдаланиш соҳаларидаги қарорлари киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |