Мактабгача тарбия муассасалари болалари ота - оналари ва тарбиячиларининг
психологга қиладиган мурожаати.
Сўнгги йилларда мутахассислар шундай фикрдаки, ота-оналарнинг психологга
қиладиган мурожаати бироз ўзгариб, аниқроқ характер касб этди. Охирги пайтларда
ота - оналарнинг амалий психолог ёрдамига бўлган қизиқиши анча ортди.
Психологнинг олдига консультация учун келадиган ота - оналар сонининг ортиши
буни исботлаб турибди. Эҳтимол, ота - оналар секин-секин бола хулқ - атворидаги кўп
нарсаларга ўзлари сабабчи эканликларини тушуна бошлаганликлари, ҳис қила
бошлаганликлари туфайли уларда психологик хизматга бўлган қизиқиш ортиб
бормоқда. Балки психологик хизматнинг халқ таълим тизимида оммалашиши ва
илмий оммабоп адабиётларнинг кўпайиб бораётгани уларни ўз фарзандига
бошқачароқ қарашга мажбур қилаётгандир? Хуллас, нима бўлганда ҳам психологнинг
ёрдамига бўлган онгли эҳтиёж аста-секин бўлса ҳам ўсиб бормоқда.
Мактабгача тарбия муассасаларининг психологлари амалиётида асосан ота -
оналарнинг қуйидаги бир неча гуруҳдаги мурожаати учрайди:
1
. Биринчи гуруҳ мурожаатлари «муаммоли мурожаат» эмас. Улар билиш
характерига эга. Ота - она боланинг психик ривожланишини назорат қилиш
кераклигини тушуниб, психологга фарзандларининг психик ва ақлий ривожланиш
даражасини аниқлаб бериш илтимоси билан мурожаат қиладилар.
Бундай мурожаатларнинг кўпайишига шубҳасиз, биринчидан, сўнгги йилларда
республикамизда мактабгача ёшдаги болалик муаммоларига, умуман болаларнинг
саломатлигига алоҳида эьтибор билан қаралаётгани;
Иккинчидан, мактабгача ёшдаги болаликнинг инсон шахси шаклланиши ва
ақлий ривожланишидаги аҳамияти ҳақидаги илмий оммабоп китоблар, газета -
журналлар мақолалари, махсус телевизион кўрсатувларнинг кўпайиб бораётганлиги
сабабчидир. Бундай турдаги мурожаат билан келган ота-она аслида кўпинча
психологдан бола нормал ривожланаётганлигини тасдиқлатиш учун келадилар.
Шунинг учун улар психологнинг таъкидларини, маслаҳатларини одатда эьтибордан
четда қолдирадилар. Ота-оналарнинг ўз болалари психик ривожланиш даражасини
аниқлашга бўлган иштиёқи ортишининг яна бир сабаби таьлим тизимининг
мураккаблашиши, турли ўқув муассасалари - лицейлар, гимназияларнинг пайдо
бўлишидир. Таълим тизимидаги ўзгаришлар таъсирида кўплаб ота-оналар
фарзандларини таьлимга анча эрта тайёрлаб бориш кераклигини англай бошладилар.
Шу туфайли бўлса керак, болани 6 ёшдан мактабга бериш муаммоси билан мурожаат
қилувчи ота-оналар анча ортди.
Психологнинг бола 6 ёшдан мактабга бориши учун унинг қайси билиш
жараёнларини ривожлантириш кераклиги ҳақида берган маслаҳат ва кўрсатмалари ота
-
оналар томонидан анча катта эътибор билан қабул қилинмоқда.
2
. Иккинчи гуруҳ мурожаатлари болаларнинг қобилиятларини аниқлаб бериш
юзасидан бўладиган мурожаатларидан иборат. Хилма - хил болалар тўгараклари
(мусиқа, расм чизиш, инглиз тили ва б.) нинг мавжудлиги, бунинг устига баъзи
адабиётларда болаларнинг қобилиятлари 3-4 ёшдаёқ маьлум бўлади, деган
маьлумотлар ота-оналарни психолог ҳузурига етакламоқда.
Психологнинг вазифаси болани бу ёшда бирор соҳага масалан, мусиқа ёки
математикага мажбуран интенсив ўқитишнинг салбий оқибатларини тушунтириб,
бола учун айни дамда ҳар томонлама ривожланиш муҳимлигини ота - она онгига
етказа билишга қаратилиши керак. Бироқ айни вақтда психолог мактабгача тарбия
муассасасида бирор фаолиятга лаёқати - қобилият нишоналари униб чиқаётган
болаларни аниқлашга, уларнинг ривожланишини кузатишга, махсус дастур асосида
индивидуал иш олиб боришга ўз эьтиборини қаратиши лозим.
3
. Учинчи гуруҳ мурожаатларига бола хулқидаги оғишишлар туфайли ота –
оналар қиладиган мурожаатлари киради. Бунда ота - оналар асосан болаларнинг
агрессивлиги, тортинчоқлиги, хаёлпарастлиги, эмоционал беқарорлиги,
асабийлашувчанлиги юзасидан мурожаат қиладилар. Бир нарса кишини ташвишга
соладики, бундай мурожаатлар сони тобора ортиб бормоқда. Болалар хулқидаги
оғишишлар асосида ётган сабабларни психологлар 3 туркумга ажратадилар: а) ота -
оналарнинг бола психик ривожланиш қонуниятларини билмаслиги.
Ривожланиш қонуниятларини билмаслик оқибатида ота - оналар болаларга
уларнинг ёшига мос бўлмаган талабларни қўядилар, инқироз даврларидаги
хусусиятларни эса хулқ атвордаги оғишиш деб баҳолайдилар. Бундай ҳолда психолог
бола психик ривожланиш хусусиятларини ётиғи билан ота - оналарга тушунтириб
қўйиши, уларга бола билан бўлган мулоқот услубини ўзгартириш, унга қўяётган
талабларга эьтиборлироқ бўлишини тавсия этиши лозим бўлади: б) бола хулқ
атворидаги оғишишларга шунингдек, нерв психик бузилишлар ҳам сабаб бўлиши
мумкин. Улар неврозлар, психосоматик касалликлар, психик ривожланишда орқада
қолиш асоратлари бўлиши мумкин. Бу ҳолда психолог қўлидан келган ёрдамини
кўрсатиб, мутахассис-психоневролог, невропатолог, психиатрга мурожат қилишни
маслаҳат бериши керак: в) боланинг хулқ-атворидаги оғишишларига нотўғри оилавий
тарбия сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Ҳаддан ташқари кўп эркалатиш, қўрқитиш, оғир жисмоний жазолар, бефарқлик
каби ота-оналарнинг тарбия бобидаги хатолари бола хулқидаги нормадан четга
чиқишнинг сабабига айланиши мумкин. Бундай ҳолда бир маротаба бериладиган
консультация билан чегараланиб бўлмайди. Ота-оналар билан мунтазам тушунтириш
ишлари олиб боришга тўғри келади.
Шуниси қизиқ-ки, нотўғри тарбия оқибатлари ҳақида сўнгги пайтларда қанча
кўп гапирилса, тарбиясида жиддий камчиликларга йўл қўйилган болалар сони
шунчалик кўпайиб бормоқда. Шу туфайли профилактика мақсадида мактабгача
тарбия муассаса психологи ота-оналар билан олиб бориладиган тарғибот ташвиқот
ишларини яхши йўлга қўйиш керак. Бу борада ўзига хос «Ота-оналар клуби»ни
ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Тарбиячилар ҳам психологга нисбатан камроқ бўлса-да мурожаат қиладилар.
Уларнинг мурожаати аниқ характер касб этади. Кўпчилик тарбиячиларни асосан
агрессив ёки ёмон ўзлаштирувчи болалар ташвишга солади, чунки ҳар икки тоифадаги
болалар боғчадаги тарбиявий жараённи қийинлаштирадилар. Ҳаддан ташқари
тортинчоқ, ўзига ишонмайдиган болалар тарбиячиларнинг алоҳида эьтиборини талаб
қилади, вақт танқислиги боис эса бунинг иложи бўлмайди шунинг учун
тарбиячиларни асосан боладаги у ёки бу хусусиятнинг психологик механизми
ривожлантирувчи машқ ва ўйинлар, ўйинчоқларни танлашда нимага кўпроқ эьтибор
бериш ҳақидаги психолог маслаҳати қизиқтиради. Албатта, ота-оналар каби
тарбиячиларни ҳам у ёки бу боланинг психик ривожланиш даражаси қизиқтиради.
Зеро, бундай маьлумотлар тарбиячиларга болалар билан ишлашда ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |