9-мавзу. Ғарбий Европада Уйғониш даври. XIV-XVI асрлар Европада илмий билимлар ривожида янги давр.
1-савол. Ғарбий Европада Уйғониш даврининг ўзига хос хусусиятлари.
Европа Уйғониши Ўрта асрлардан янги даврга ўтиш босқичи, яъни XIV асрдан XVII асрнинг 20-йилларигача давом этган. Бу давр Европа мамлакатларида хронология жиҳатидан бир вақтга тўғри келмайди: Италияда XIV-XVI асрлар, бошқа давлатлар учун XIV-XVII асрларга тўғри келади. XVI-асрда Европа Ренессанси умумий ходисага айланди ва классик аср деб аталади.
Европа Уйғониш даврининг шарт-шароитлари қуйидагилардан иборат:
-шаҳарлар ўсиб, уларнинг ички ва ташқи бозорга таъсирининг кучайиши;
-цех ҳунармандчилиги ишлаб чиқариши асосида янги капиталистик ижтимоий муносабатларнинг шаклланиши;
-Уйғониш даврида фанда амалга оширилган кашфиётлар (Николай Коперник, Джордано Бруно, Галилео Галилей) таъсирида дунёга гелиоцентрик қарашга асосланган янги дунё манзараси шаклланди;
-Уйғониш Буюк географик кашфиётлар даврига тўғри келди. 1517 йилда Американинг кашф этилиши, Магелланнинг дунё бўйлаб саёҳати халқаро миқёсда иқтисодий чегараларни кенгайтирди, жаҳон савдоси қуруқликдан денгиз ва океанларга кўчирилди;
-Ўрта ер денгизи хавзасида жойлашган бир қатор Европа шаҳарлари (Флоренсия, Генуя ва бошқалар)да катта моддий бойликларнинг тўпланиши йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятини юзага келтирди;
-молиявий капитал, умумевропа банк тизими шаклланади;
-антик давр қадриятларининг қайта тикланиши янги фалсафий тушунчаларни юзага келтириди;
-инсоннинг ташқи дунё билан муносабатида янги моделлар шаклланди.
Уйғониш (ренессанс) атамасини Цицерон (мил. ав. I-аср) илмий муомалага киритган. Унинг талқинида уйғониш инсоннинг маданий ривожланишини англатар эди. Уйғониш тушунчасини италия ёзувчиси Д.Боккаччо (“Декамерон” асари муаллифи) Джотто (италия рассоми)нинг антик санъатни қайта тиклагани учун қўллаган. Санъат тарихи тадқиқотчиси В.Вазари атамани тарихий даврга нисбатан биринчи бўлиб қўллаган. Лекин Уйғониш сўзи Ғарбий Европа маданияти тарихида кенг тарқалган афсона бўлиб қолди. Уни яратганлар Уйғониш даврининг илдизлари ёввойи Ўрта асрлардан эмас, балки антик даврдан озиқланганлигини исботламоқчи бўлган эдилар. Реннесанс даври арбоблари антик даврга нисбатан Ўрта асрларни камситиб кўрсатдилар. Лекин бу даврдаги маданият изсиз йўқ бўлиб кетмаган. Унинг таъсирини биз биринчи навбатда Уйғониш даврининг диндан ҳоли маданият бўлмаганлигида кўрамиз. Уйғониш даври мутафаккирлари христианлар эди. Уларнинг асарлари мавзси ва мазмунига Ўрта асрлар дини таъсир кўрсатган. Уйғониш даври маданияти – бу антик давр жисмоний гўзаллиги ва насроний Ўрта асрлар маънавиятининг синтези (инсоннинг ички дунёсини тасвирлаш истаги)дан иборат эди.
Гуманизм – уйғониш даври маданиятининг қадрияти. Уйғониш даврида янги синфнинг мафкураси шаклланди ва дастлабки босқичларда у бошқа ижтимоий гуруҳларнинг манфаати ва интилишларини ўзида ифода этган. Унинг асосий тамойиллари бу: биринчидан, “Табиатга мувофиқлик” – табиат қонунларининг материалистик талқини; Иккинчидан, антропоцентризм – инсоннинг табиат гултожи эканлиги ғояси; Учинчидан, рационализм - инсон ўзини ўраб турган оламни ўз ақл-идроки орқали ўрганиши ғояси.
Буржуа (французчадан шаҳарлик деган маънони англатади) мафкураси таъсирида аста-секин Ўрта асрларда ҳукмронлик қилган насронийлик ақидаларининг устуворлиги ғояси емирилди ва инсон шахсининг қадр-қиммати, унинг чексиз имкониятлари тўғрисидаги янги ғоя пайдо бўлишига олиб келди. Бу ғоя гуманизмнинг асосини ташкил этиши билан бирган Уйғониш даврининг асосий қадриятига айланди. Даврнинг асосий тамал тоши Дантенинг “Илоҳий комедия” асарида акс эттирилган, эски даврдан янгисига ўтиш ғоясини ташкил этди. Инсоннинг моддий оламдаги қисмати, унинг шахсиятининг намаён бўлиши, ўз кучи ва иродаси билан қаҳрамонлик содир этиши (Данте сўзлари) Италия гуманистик ҳаракати асосчиларидан бири Петрарка томонидан ишлаб чиқилди. Кейинчалик кенгроқ маънода инсонпарварлик ғоялари Жаназзо Манеттининг “Инсоннинг қадр-қиммати ва устунлиги тўғрисида” (XV-аср ўрталари) рисолаларида асосланди. Гуманизм буржуа мафкураси ҳамда дунёни қувоноқ (оптимистик) идрок етиш, унинг тўлиқлиги талабларига асосланади. Гуманистлар инсоннинг фазилатини насли, аслзодалиги эмас, балки унинг шахсий ҳислатлари (тадбиркорлиги, шахсиятини қадрлаши, иродаси) муҳимроқ аҳамиятга эга деб ҳисоблади.
Идеал киши бу универсал шахс, яратувчи, ижодий қобилият соҳибидир. Инсон чексиз имкониятларга эга, чунки унинг тафаккури, илоҳий тафаккурдан томир олади, инсон бандалик зиммасига юкланган худодир. Ўқимишли одамлар авлиёлар каби улуғланган. Маънавий маданиятга фикр эркинлиги, мартабалиларга ўз фикрини эркин ифодалаш, танқидий фикрлаш руҳиятни олиб кирди. Инсон ўз тақдирининг яратувчиси сифатида ҳаракат қилиши керак. Инсонпарварлик (гуманизм) шунчаки мафкура, яъни маданият тамойили сифатида эътироф этилмади – балки халқаро ижтиомий ҳараркатга айланиб, ўз доирасига нафақат учинчи табақа (буржуазия)ни, балки олий руҳонийлар табақасини, сиёсатчиларни қамраб олди, омма орасида қарор топди.
Гуманистлар томонидан тўгараклар очилди, универститетларда маърузалар ўқилди. Даврга содиқлик мезони сифатида тажриба, утопик социализм ғояларини назарий асосланиши, ижтимоий прагматизм қабул қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |