Онг ва ижтимоий муҳит
трофдаги воқеликка мос ва мувофиқ бўлган, фаол, муайян мақсадга йўналтирилган амалиёт, ҳамда одамларнинг бир-бири билан мулоқоти, алоқалари бизнинг узоқ ўтмишдаги ибтидоий аждодимизнинг ақлли одамга айланишига ёрдам берган ижтимоий шароитлардир. Одамларнинг социумдаги ўзаро таъсири, уларнинг биргаликдаги меҳнат фаолияти жараёнидаги алоқаси айрим индивиднинг ҳам, бутун социумнинг ҳам онги пайдо бўлиши, мустаҳкамланиши ва ривожланишига ёрдам берди.
Онгнинг пайдо бўлишида асосий ижтимоий ролни меҳнатўйнайди, чунки меҳнат одамни шахс сифатида шакллантиради, унинг ижодий потенциали, имконияти ва қизиқишларини, қуршаб турган дунёни тушунишга, унинг таркибида ўз ўрнини танлашга, уни ўз мақсад ва вазифаларига бўйсиндиришга, инсон учун фойдали қилишга интилишларини ривожлантиради.
Онг пайдо бўлишининг яна бир энг муҳим омили тилдир. Тил одамларнинг ижтимоий тажрибаларини ифодалаб беради, инсониятнинг тарихий тараққиётида тафаккурнинг узлуксизлигини таъминлайди. Инсон фикри, ғоялари, тасаввурлари сўзларда ифодаланади, шаклланади, шунинг учун тил, бу – фикрни, онгни ифодалашнинг универсал воситасидир, кишиларнинг алоқа қилиш, ахборот алмашиш воситасидир.
4. Онгнинг тузилиши, шакллари ва функциялари
Онгга, бирбутун боғланган тизим сифатида, унинг сезги, фикр, эмоция, ирода ва хотира каби ажралмас элементлари киради. Бирбутунлик онгнинг тизимий сифати бўлиб, онг феномени моҳиятининг ўзига хослиги унинг таркибий қисмларининг ҳар қандайига нисбатан мутлақо зарурлигини билдиради.
Сезги. Инсон сезгилари ташқи дунё ҳақидаги ахборотларни асосий етказиб берувчилардир. Кўриб, ушлаб, ҳидлаб, эшитиб ва таъмга қараб сезишлар субъектга дунёни билишга, ўзини қизиқтирган объектни топишга, у турган жойни аниқлашга, унинг ранги, ҳиди, таъми, қаттиқ ё юмшоқлиги, харорати ва бошқа сифатлари ҳақида ахборот олишга имкон беради.
Идрок. Идрок – субъектнинг ахборотни қайта ишлашида сезгидан кейинги босқичдир. Бу босқич давомида объект, унинг замон ва маконий тавсифи яхлит ҳолда англаб олинади ва идеал образ унга тааллуқли моддий объектнинг ўзи билан, яъни идрок объектининг ўзи билан таққосланади. Тафаккур туфайли сезги ва идрок натижаларига маъно ва мазмун берилади, муносиб ва тушуниш қулай шакл излаб топилади.
Эмоция. Онг тузилишининг эмоционал компоненти ҳодисалар ва воқеаларга ижобий ёки салбий муносабат (умид, қувонч, қўрқув, умидсизлик ва ш.к.) ёки лоқайдликни келтириб чиқаради. Шахсни бахслашиш, ташвишланиш, эмоционал шок, аффект ҳолатида бўлишга (рашқ қилиш, нафратланиш, ёмон кўришга) ундайди, унинг стресс ёки фрустрация (гангираб қолиш, руҳий эзилиш) ҳолатида бўлишига, қувониши ёки ғазабланишига сабаб бўлади. Кечинмалар ва эмоцияларнинг ахборот жиҳатидан муҳим томони субъектнинг объектга берган баҳосидан иборат (яхши - ёмон, яхшироқ - ёмонроқ ва ҳоказо).
Ирода. Эмоцияларни муваффақиятли амалга ошириш субъектнинг иродаси билан узвий боғлиқдир. Субъект фаолият кўрсатаётган объектив шароит билан уни амалга оширишнинг субъектив имкониятлари тафовут қилиб қолганда субъект фаолиятини ирода ёрдамида тиклаш, тартибга солиш зарур бўлади. Шахс аввал ечим танлаб, қарор қабул қилиб, сўнгра уни амалга ошириши зарур бўлиб қолган ҳаётий вазиятда ирода ишга солинади. Хотира. Онг тизимида хотира тажрибанинг интеграл йиғувчиси ва ифодачиси бўлиб хизмат қилади. Хотира - кишининг ёки кишилик жамиятининг ўзининг ёки ўзганинг ўтган замондаги фаолиятини ҳозирги замонда сақлаб қолиш ва тиклаш лаёқатидир. Хотира шундай бир йўналтирувчики, у туфайли субъект вақтда ҳам, маконда ҳам муваффақиятли йўналиш олади, бу эса унинг фаолият режалари, схемалари ва дастурларини тузишида ифодаланади. Хотиранинг бошқа бир функцияси – ўтмишдаги воқеликни тафаккурий қайта тиклашдир. Хотира инсонга тарихий ўтмишни ва истиқболни кўришга, келажакни олдиндан кўришга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |