4. Товарлар ва хизматларнинг ўзаро ўрин босиши ва бир-бирини тўлдириш.
Товарлар ва хизматларнинг истеъмолчилар эҳтиёжларини биргаликда (комплекс) қондириш хусусияти уларнинг ўзаро бир-бирини тўлдириши билан боғлиқ. Ўзаро тўлдирувчи товарларга автомобиль ва бензин, ручка ва қоғоз, стол ва стул мисол бўлади. Уларни комплиментар товарлар деб аташ ҳам мумкин.
Тўлдирувчи товарлардан бирининг нархи пасайиши иккинчи товарга бўлган талабнинг ошишига олиб келади ёки аксинча. Бундан келиб чиқадики, тўлдирувчи товарлардан бирининг нархи ва иккинчисига бўлган талаб миқдори ўртасида тескари боғликлик мавжуд. Бу боғлиқликни кесишган талаб эластиклиги формуласи орқали ҳисоблаш мумкин. Бунда эластиклик коэффиценти манфий ишора олади
Товарлар ва хизматларнинг бирини-бири ҳисобидан эҳтиёжларни қондириш хусусияти уларнинг ўрин боса олишидан келиб чиқади. Унга мисол сифатида мол ва қўй гўшти, ҳаво, темир йўл транспорт ва автомобил транспортини келтириш мумкин. Ўзаро ўрин босувчи товарларни субститут-товарлар деб аташ ҳам мумкин.
Ўрин босар товарлардан бирининг нархини ўсиши иккинчи товарга бўлган талабнинг ошишига олиб келади ёки аксинча. Бундан келиб чиқадики, ўринбосар товарлардан бирининг нархи ва иккинчисига бўлган талаб миқдори ўртасида тўғри боғликлик мавжуд. Бу боғлиқликни кесишган талаб эластиклиги формуласи орқали ҳисоблаш мумкин. Бунда эластиклик коэффиценти мусбат ишора олади.