7-амалий машғулот. Ташкилотлардаги меҳнатни мухофаза қилиш.
Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида (Янги таҳрири) Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (N 839-XII 06.05.1993 й.) мақсади ва амал қилиш соҳаси.
2. Қонуннинг асосий тушунчалари.
3. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги йўналишлар, мажбуриятлар, ҳуқуқлар ва ваколатлар.
1
Меҳнат муҳофазаси – инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилиятининг сақланишига қаратилган тадбирлар. Қонун ҳужжатларида меҳнат жараёнида қўлланиладиган ижтимий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитаригигиена, даволаш-профилактика чора-тадбилари белгилаб қўйилади. Меҳнат қилувчи шахс хавфсизлиги, саломатлиги, меҳнат қилиш қобилиятини ҳимоялаш, соғлом меҳнат шароитлари яратиш, касб касалликлари юз бериш хавфини олдини олиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланишларга йўл қўймаслик кабилар меҳнат муҳофазаси олдидаги вазифалар ҳисобланади.
ЎзРда хавфсиз ва қулай меҳнат шароитида ишлаш юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари Конституцияда (37-модда) мустаҳкамланиб қўйилган. Ушбу конституциявий кафолатни амалда рўёбга чиқарилишига қаратилган аниқ чора-тадбирлар ЎзРнинг Меҳнат кодексида, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун (1993 й. 6 май)да, бошқа бир қатор қонунлар ва қонун ости меъёрий ҳужжатларида белгиланган. Ўзбекистонда меҳнат муҳофазаси учун катта молиявий маблағлар ажратилади ва ўзлаштирилади. Соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитида меҳнат қилиш ҳуқуқи ЎзР фуқароларининг энг асосий меҳнат ҳуқуқларидан бўлиб ҳисобланади. Меҳнат муҳофазасига оид талаблар ва стандартлар Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари асосида ишлаб чикариладиган корхона ва ташкилотларнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномалари, тармоқ ёки минтақавий жамоа келишувлари, корхоналарнинг бошқа ички меёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида, муайян соҳа, касб, иш жойларига оид бўлган меҳнат муҳофазаси стандартларида белгилаб қўйилади. Мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш усулидан қатьи назар барча корхона, муассаса, ташкилотлар ўз ходимлари учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиши, хавфсизлик техникаси чораларини кўриши, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил этиши, бошқа ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириши шарт.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг мақсади меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Ушбу Қонун:
корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан, шунингдек алоҳида ёлловчилар билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимларга;
ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган олий таълим муассасалари талабаларига, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларига, бошқа таълим муассасалари тингловчиларига;
ташкилотларда ишлаш учун жалб этиладиган ҳарбий хизматчиларга;
муқобил хизматни ўтаётган фуқароларга;
суд ҳукмига кўра жазони ўтаётган шахсларга улар жазони ижро этиш муассасалари томонидан белгиланадиган ташкилотларда ишлаши даврида, шунингдек маъмурий қамоққа олиш тарзидаги маъмурий жазо қўлланилган шахсларга, бошқа турдаги ишларни бажаришга, шу жумладан жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб ташкил этиладиган ишларни бажаришга жалб этиладиган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Қонун иш берувчиларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
2
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |