МАРТИН ЛЮТЕР 1483 йили деҳқон-кончи оиласида туғилади. У Эрфурт университетида илоҳият илмини ўрганади, ўқишни битиргач, Августин монастирида хизмат қилади. Сўнгра Виттенбергда илоҳият факультетининг профессори бўлади. 1517 йилда Лютер Виттенберг черкови деворларига католик черковининг кирдикорларини фош этган ўзининг 95 та тезисини ёпиштириб қўяди.
Халқ китоблари–бу китобларнинг яратилиш манбалари турличадир. Улардан баъзилари («Гўзал Мелузина», «Понт ва Седония», «Тристан ва Изольда», «Герцог Эрнест», «Шохли Зигфрид» ва бошқалар) француз ва немис эпик достонлари, рицарь романлари, христиан афсоналари ва шванкларнинг прозаик баёнидан иборат эди. Лекин «Тиль Эйленшпигель», «Доктор Фауст», «Шильдбюргерлар» номли асарлар оригинал халқ асарларидир.
XV асрнинг охири XVI асрнинг бошларида юзага келиб катта шуҳрат қозонган ҳажвий характердаги асар қувноқ сайёҳ Тиль Эйленшпигель ҳақидаги халқ китобидир. Ривоятларга қараганда XVI асрда Тиль исмли шум бола яшаган. У дадиллиги, қизиқчилиги билан ном чиқарган. Вақт ўтиши билан унинг образи афсонавий тус олган, янги воқеалар, латифалар, қизиқ ҳангомалар унинг номи билан юритиладиган бўлди. У ҳақидаги халқ китоби «Тиль Эйленшпигель» нинг номи билан биринчи китоб тахминан 1480 йилларда нашр қилинган. Деҳқон боласи шўх Тиль жуда ёшлигидан танилган. Вояга етгач у катта-кичик киборларга тинчлик бермаган, поплар билан мунозара қилган, маишатпараст, очкўз князь ва дворянларнинг шармандасини чиқарган, ўткир сўз, ҳазил-мазахлари билан лақма мешчанларни ҳам аямаган. Бир куни Тиль касаллардан оғзини ўтда куйдириб, унинг кулидан бошқаларни тузатиш учун зўр дори тайёрламоқчи бўлганини айтади. Даволашнинг бу янги усулини эшитган беморлар, ваҳимага тушиб ўзларининг шифо топганлигини айтиб ундан қутилиб кетганлар. Яна бир жойда хасис хўжайин овқатининг ҳидига ҳам ундан пул талаб қилган, Тиль эса чўнтагидаги тангаларини жаранглатиб, у билан ҳисобни бараварлаштирган. «Машҳур жодугар ва сеҳргар доктор Иоганн Фауст ҳақидаги халқ китоби» Германияда биринчи марта 1587 йил нашр этилган XV асрнинг охири XVI асрнинг биринчи ярмида яшаган, сайёҳ, афсўнгар, найрангбоз деб ном чиқарган ва ўзини файласуфларнинг файласуфи деб атаган Фауст ҳақида ҳар-хил фикрлар бор. Мўъжизалар яратишда гўё у Христос билан ҳам беллашган экан. Обрў ва куч-қудрат орттириш учун шайтон билан иттифоқ тузган динсиз жодугар ҳақида ўрта асрларда юзага келган бу афсона гуманистик қарашлар туғилиб келаётган янги шароитда ўзгача маъно касб этади.
XIV аср ўрталарида Италияда пайдо бўлган Уйғониш ҳаракати XV асрнинг иккинчи ярмида Европанинг бир қанча мамлакатларида бошланади. XVI асрнинг бошларида эса Францияда вужудга келади. Бу вақтда француз қироли Фрациск I Италияга ҳарбий юриш бошлаган ва католик реакциясининг бошлиғи–испан қироли Карл V билан уруш олиб бораётган эди. Италияда бўлган французлар Уйғониш даври маданияти билан яқиндан танишадилар. Архитекторлар Франциск I истаги билан Ренессанс стилида қаср қурадилар. Гуманист ёзувчилар Данте, Петрарка, Боккаччо асарлари француз тилига таржима қилинади. Улар қадимги антик маданият ёдгорликларини катта қизиқиш билан ўрганадилар.
Француз протестантизм (бошқача қилиб айтганда кальвинизм) икки даврни бошидан кечиради. Дастлабки протестантлар гуманистик қарашлар, фикрлашга мойил интелигент гуруҳлари бўлиб, улар мавжуд тартиб ва дин асарларига ҳам танқидий қарар эдилар. Машҳур математик Лефевр д Этапль (1455 1537) Италиядан қайтиб келгач, Аристотель ва бошқа грек олимларининг фикрларини янгича талқин қилишга киришади. Энди у таржималарга суяниб эмас, балки асосий манбаларга мурожаат этиб, ўша фикрларнинг асосий маъносини очишга интилади ва бу соҳадаги схоластик қарашларни рад этади. Сўнгра лефевр «Муқаддас китоблар» ни ҳам шу жиҳатдан текширишга киришади. Инжилда у рўза ҳақида ҳам, поплар уйланмасликлари ва бошқа сирли воқеалар ҳақида ҳам гап йўқлигини аниқлайди.
Француз Уйғониш даври адабиётининг йирик вақили улуғ гуманист ёзувчи Франсуа Рабле Турень вилоятининг Шинон номли шаҳарчасида адвокат оиласида 1494 йилда туғилади. Унинг отаси Антуан Рабле ўғлининг руҳоний бўлишини истайди ва уни Шинон шаҳри яқинидаги маҳаллий аббатликка беради. қадимги давр ёзувчилари, жумладан Гомер асарлари ҳамда Реформация даври вақилларининг китоблари унинг диққатини ўзига тортади. Халқ ҳаёти ва унинг бадиий ижоди билан танишади. 1530 йилда Манпельега келиб, медицина илми билан шуғулланади. Грек медиги Гиппократнинг «Афоризмлар» ини изоҳлаб беради. 1532 йил Лион шаҳридаги касалхоналардан бирида врач бўлиб ишлайди. Улуғ гуманист Эразм Роттердамский билан алоқада бўлади. Рабле «энг инсоний ота» деб Эразмга юқори баҳо беради. 1537 йилда Монпельеда медицина доктори деган даражани олади.
Рабле гуманистик ижодининг нодир намунаси халқ орзу истакларини чуқур акс эттирган ўлмас асари «Гаргантюа ва Пантагрюэл» романидир. Бу эпопеянинг дастлабки китоби 1533 йилда Алькофрибас Назье тахаллуси билан «Улкан паҳлавон Гаргантюанинг ўғли дипсодлар қироли ажойиб Пантагрюэлнинг даҳшатли ва ғоят қўрқинчли ҳаракатлари ва қаҳрамонликлари» номи остида пайдо бўлади.
Қаттиқ ҳазил, кучли кулгу ва нозик киноялар билан пардаланган асарнинг чуқур маъносини англаш учун ёзувчи уни диққат билан ўқиш зарурлигини уқтиради. «Китобимни очингиз ва унда баён қилинган воқеалар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрингиз. Шундай қилсангиз тушунасиз асарнинг сарлавҳасини ўқиш билан унда бемаъни нарсалар баён этилган экан деган хаёлга келиш мумкин, лекин асло бундай эмас сиз мутлоқ ишонаверишингиз мумкин, уни ўқиш натижасида ҳам жасоратли, ҳам доно бўласиз, чунки менинг китобимда бутунлай бошқача йўсиндаги руҳ ва қандайдир фақат юксак дидли кишиларга тушунарли бўладиган таълимотни кўрасизки, бу эса сизга бизнинг дин, худди шу каби сиёсатимиз ва рўзғоршуносликка доир ўта махфий ва даҳшатли сирларни очиб беради». «Гаргантюа ва Пантагрюэл» беш китобдан иборат бўлиб, уни яратишга ёзувчи 20 йилдан ошиқроқ вақт сарф этади:
а) «Пантагрюлэнинг отаси улуғ Гаргантюанинг ғоят ваҳимали ҳаёти ҳақида» 1534 й нашр этилган.
б) «Олийжаноб Пантагрюэлнинг қаҳрамонона ҳаракатлари ва қимматли гаплари ҳақида учинчи китоб» 1546 йил Парижда энди Ф.Рабле номи билан босилиб чиқди.
в) «Жасур Пантагрюэлнинг қаҳрамонона ҳаракатлари ва қимматли гаплари ҳақида тўртинчи китоб» 1552 йилда;
Рабленинг сўнгги китобидан парча («Овоз чиқарувчи орол») ёзувчи вафотидан 9 йил ўтгач, 1562 йилда пайдо бўлди. 1564 йилдагина;
г) «Олийжаноб Пантагрюэлнинг қаҳрамонона ҳаракатлари ва қимматли фикрлари ҳақида бешинчи китоб, яъни сўнгги китоб» нашр этилди.
Франсуа Рабле Гаргантюа ҳақидаги биринчи китобида ўша давр гуманистларини қизиқтирган таълим-тарбия, уруш ва тинчлиқ келажақ бахтли жамият қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги муҳим масалалар устида фикр юритади. Тарбия масаласида ёзувчи эски тузумни «қуруқ ёд олдириш фикрлаш қобилиятини ўстириш» деган тушунча ўша давр тарбиячиларининг ақлига сиғмаган нарса эканлигини, ҳамда фақатгина бир йўналишда иш олиб бориши, ташқи ва ички дунё деган тушунчалардан уларнинг ҳоли эканлиги қаттиқ танқид қилади. Буларга қарши қилиб ўз асарида гуманист Понократ образини яратади.
Феодал ўзбошимчаликлар, босқинчилик урушлари қирол Пикрохол образида ёрқин очилган. У қирол Грангузье билан узоқ вақт тинч-тотув яшайди. Лекин Пикрохолда аста-секин жаҳонгирлик хусусияти уйғона бошлайди. Грангузье чўпонлари шаҳарга кетаётган Пикрохол одамларидан нон сотиб олмоқчи бўладилар, улар эса ноннинг нархини бир неча баравар ошириб айтадилар. Ва ниҳоят улар ўртасида жанжал келиб чиқади. Пикрохол шуларни баҳона қилиб Грангузье мамлакатига ҳужум қилади. Грангузье ўғли Гаргантюага хат ёзади. Грангузье бу хатни ҳукмронликни сақлаб қолиш учун эмас, балки халқининг тинчлигини, осойишталигини ва ўзгаларнинг келиб уларни оёқ ости қилмаслигини билдириб, халқини озод қилиш учун ўғлини ёрдам беришга келишини уқтиради.
Китобда икки типдаги қирол кўрсатилади, булар дунё ҳукмронлигига даъвогар шахсий манфатидан бошқани билмайдиган Лерне қироли Пикрохол ва тинчликни севадиган, сахий Грангузье билан унинг ўғли Гаргантюадир.
Оддий кишилардаги меҳнатсеварликни, самимийлиқ садоқат каби фазилатларни очиш ёзувчининг диққат марказида туради. Биз буни Оға Жан образида кўришимиз мумкин. Душман боғларни, экинларни, одамларни янчиб келаётган бир пайтда монах Оға Жан аббатлик боғини қаҳрамонона ҳимоя қилади, 13 минг 622 та босқинчини ер тишлатади.
Ўтмишнинг буюк ёзувчилари халқ ижодига мурожаат қилиб, унинг сюжет ва бадиий ифода воситаларидан ижодий фойдаланганлар. Қадимги Шотландияда қўшиқ тўқиш ва айтиш анъаналари кучли эди. Ҳаётдаги барча воқеалар, яъни туғилишдан то ўлимгача, меҳнат жараёни, дам олиш, тўй ва оммавий сайиллар ҳам қўшиқсиз, куйсиз ўтмаган. Ўрта асрларга оид шотланд ва инглиз халқ қўшиқлари XVIII асрдан бошлаб ёзиб олина бошланди. Бизгача 300 га яқин сюжет ва баллада сақланган бўлиб, уларнинг вариантлари эса мингдан ортиқдир. Балладанинг дастлабки маъноси рақс ва музика билан айтиладиган қўшиқдир.
Робин Гуд ва унинг отрядининг жанговар ҳаракатларига бағишланган балладалар 40 тадан ортиқдир. Уларнинг кўпи XIV асрнинг иккинчи ярмида яратилган. Балладанинг бош қаҳрамони ҳукмронлар синфига қарши курашган ва ўз эркини йўқотмаган деҳқон (йомен) лардан келиб чиққан Робиндир. Робин Гуд қаҳрамонликлари ёзма адабиёт намуналарида ҳам ўз ифодасини топган. Шекспирнинг «Бу сизга ёқадими» комедиясида Гуд тилга олинади. Роберт Гриннинг «Векфильд дала қоровули» драмасида халқ қасоскори Робин Гуд ҳақида ажойиб эпизод бор.
Инглиз гуманистик адабиётининг тарихий ривожланиш босқичлари бор. Унинг дастлабки босқичи XV асрнинг охири XVI асрнинг 60-70 йилларини ўз ичига олади. Бу босқичнинг муҳим хусусияти шундаки, бу вақтда яшаган гуманистлар антик дунё маданиятини қизиқиб ўрганадилар. Трагедия ва комедия жанрини яратишга киришадилар.
Уйғониш адабиётининг иккинчи гуллаган босқичи XVI асрнинг охирларидан XVII асрнинг бошларигача Шекспир вафотигача бўлган даврларга тўғри келади. Бу даврда йирик драматурглар етишиб чиқдилар.
Гуманистик адабиётнинг учинчи босқичи XVII асрнинг бошларидан, яъни 1616 йилдан то шу асрнинг 40 йилларигача бўлган давр театрларнинг ёпилиши, Уйғониш ғояларининг тушкунлиги билан ифодаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |