3. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг конституциявий-ҳуқуқий ҳолати
Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг конституциявий-ҳуқуқий ҳолати Конституция ва қонунлар билан тартибга солинган.
Конституциянинг 21-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилган. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир. Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади. Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.
Фуқаролиги бўлмаган шахс – бу муайян давлат ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган, бирон-бир давлат фуқаролигига тегишлилиги ҳақида муайян ҳужжатга эга бўлмаган шахслар. Халқаро ҳуқуқ фанида уларни апатрид деб аташ қабул қилинган.
Қоида тариқасида фуқароликни йўқотиш қуйидаги ҳолатларда юз беради: фуқаро ўз давлати фуқаролигидан чиққанда ва бошқа давлат фуқаролигини олиши учун ариза билан мурожаат қилиб, ҳали фуқароликка эга бўлмаган ҳолатда; ўз давлати фуқаролигидан маҳрум қилинган ва ҳали бошқа давлат фуқаролигига эга бўлмаган ҳолатларда; шахс фуқароси бўлган давлатнинг мавжудлиги барҳам топганда ва мазкур давлатнинг ҳуқуқий вориси билан шахс ўртасида фуқаролик юзасидан ҳуқуқий муносабат шаклланмаган бўлса; шахс муайян давлат фуқаролигига тегишлилиги ҳақидаги ҳужжатларни йўқотган бўлса ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхасини ололмаётган ёки бундай ҳужжатларни мавжудлигини исботлай олмаётган даврда шахс “фуқаролиги бўлмаган шахс” деб топилади.
Жаҳондаги деярли барча инсонлар бирон-бир давлатнинг фуқароси ҳисобланади. Фуқароликнинг бўлмаслиги амалиётда қоидадан истисно ҳисобланади. Одатда, барча мамлакатлар фуқароликни бўлмаслиги ҳолатини қисқартиришдан манфаатдордирлар. Фуқароликни бўлмаслиги ҳолатини қисқартириш ҳақидаги 1961 йилда қабул қилинган Конвенция давлатлар фуқароликни бериш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилишда индивиднинг манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқишини назарда тутади: давлатлар ўз ҳудудида туғилган барча инсонларга ўз фуқаролигини беради. Фуқароликни бериш қонун билан ёки манфаатдор шахснинг тегишли давлат органларига аризаси билан амалга оширилади. Айтиш жоизки, шу ўринда давлатнинг ҳам манфаатлари ҳисобга олинади.
Чет эл фуқаролари - бир давлат ҳудудида бўлиб туриб, бошқа давлатга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган шахслар. Чет элликларга агар улар монархия давлатига тегишли бўлса, хорижий мансуб (подданный), республика шаклидаги давлатга мансуб бўлса хорижий фуқаро деган атамалар ишлатилади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар хусусий ҳамда хизмат ишлари бўйича, турист сифатида, дам олиш, ўқиш, ишлаш, даволаниш ва доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасига келишлари ва ундан кетишлари мумкин.
Конституциянинг 23-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |